«Ўрик гуллаганда» фестивали табиат қўйнидаги мароқли сайр сифатида нишонланди

12:51 24 Март 2025 Жамият
141 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Олтиариқ туманидан сўнг Риштон ва Ўзбекистон туманида ҳам «Ўрик гуллаганда» деб номланган ёшлар ижодиёти фестивали бўлиб ўтди.

Риштон тумани «Қалайнав» маҳалласидаги боғларда ўтказилган тадбирда вилоятнинг шаҳар-туманларидан ташқари, Ҳиндистон, Покистон ва Эрондан келган сайёҳлар ҳам иштирок этди. Фестиваль доирасида миллий ўйинлар, фольклор жамоалари чиқишлари, санъаткор ва ҳунармандлар асарлари намойиш қилинди. Спорт мусобақалари, китоблар кўргазмаси ҳамда модалар намойиши уюштирилди. Санъаткорларнинг чиқишлари барчага хуш кайфият бағишлади.

Ўзбекистон туманидаги Ўқчи қишлоғи ҳам мевазор боғлари билан машҳур. Оппоқ гулга бурканган ана шу боғларда иккинчи бор ўтказилаётган «Ўрик гуллаганда» фестивали умумхалқ сайли сифатида нишонланди. Қийғос гуллаган ўрик дарахтлари остида миллий ўйинлар, ўзбекона урф-одат ва қадриятлар намойиши, ижодкорлар чиқишлари кўнгилларга кўклам тароватини олиб кирди. Варраклар учириш, рассом ва ҳунармандлар асарлари, дошқозондаги сумалак, баҳорий таомлар каттаю кичикка жуда манзур бўлди.

— Аслида баҳор байрамлар фасли, — дейди Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов. — Табиат қўйнида ўтказиладиган бундай сайиллар эса экологик тарбия, соғлом турмуш тарзи тарғиботи, ижодкорлар учун илҳом манбаи бўлиб қолиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Эзгу ташаббусга кўра, яқин истиқболда вилоятимизнинг барча ҳудудларида ҳар йилнинг кўкламида ушбу фестивални анъанавий равишда ўтказиш мақсад қилинган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?