Ўқитувчиларни мактаб ҳудудидаги қорни тозаламаганликда айблаган Ангрен шаҳар прокурорига нисбатан интизомий жазо қўлланилди

17:16 20 Январь 2023 Жамият
1118 0

Ижтимоий тармоқларда Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Қобилжонов мактаблардан бирини кўздан кечираётган вақтда мактаб ҳудуди қордан тозаланмаганидан эътироз билдиргани акс этган видео тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу видеолавҳа Бош прокуратурага юборилгани ва ҳолат ўрганилаётганини маълум қилган эди.

«Ангрендаги мактабга борган ва Ангрен шаҳар прокурори дея таъкидланилаётган шахснинг ўқитувчиларга муносабати интернет тармоқларида кенг салбий муҳокамаларга сабаб бўлди.

Маълумки, педагог ходимларни хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш тақиқланган. Ушбу видеолавҳа Бош прокуратурага юборилган ва ҳолат ҳозирда ўрганилмоқда», — деган вазирлик расмий хабарида.

Шунингдек, вазир Ҳилола Умарова Бош прокуратура раҳбарияти билан юзага келган вазият юзасидан гаплашгани ва ҳолат назоратга олинганини ҳам айтиб ўтганди.

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган вазият юзасидан Бош Прокуратура раҳбарияти билан гаплашдим, ҳолат айни дамда назоратга олинган ва ўрганилмоқда.

Президентимизнинг тегишли Қарорларига асосан педагог ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга жалб қилиш қатъиян тақиқланганини эслатиб ўтаман.

Ўқитувчи қадрланмаган юрт ҳеч қачон тараққий этмайди. Шу боис барчадан жумладан мутасадди раҳбарларимиздан бугун Давлатимиз Раҳбари томонидан олиб борилаётган ўқитувчиларни улуғлаш ва жамиятда энг обрўли инсон қилиш Давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаб, бу борада энг аввало ўзимиз ўрнак кўрсатишимизни сўраб қоламан, — деган мактабгача ва мактаб таълими вазири.

Тошкент вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Хабилжонов фаолиятида йўл қўйган хато ва камчиликлари учун интизомий жазога тортилди.

Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Хабилжонов кенг муҳокамаларга сабаб бўлган видеохабари юзасидан қайта мурожаат йўллади. Шунингдек, прокурор ўқитувчи ва мураббийлардан ушбу ҳолат бўйича узр сўраган.

«Сўзимнинг аввалида ўқитувчи ва мураббийларга чуқур ҳурмат сақлаган ҳолда улардан узр сўраб қоламан. Хабарингиз бор, кеча ижтимоий тармоқларда менинг Ангрен шаҳридаги 22-сонли умумтаълим мактаб ҳудуди қордан тозаланмаганлиги бўйича қилган видеохабарим тарқалиб, кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда...

Аслида мен мактаб ҳудудини ўқитувчи ва мураббийларимиз эмас, балки ушбу ишга масъул шахслар бажаришини, ташкиллаштиришни сўраганман. Мен ушбу ҳолатдан қаттиқ афсусдалигимни билдириб, бизга таълим бериб келаётган, ёш авлодни тарбиялашда жонбозлик кўрсатаётган барча ўқитувчи ва мураббийларимиздан узр сўраб қоламан», — деган Улуғбек Хабилжонов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер