Онкологик касалликларни чақалоқ туғилмасидан олдин аниқлаш мумкин – Тадқиқот
Олимлар рак касаллигига чалинганлик ёки чалиниш эҳтимолини одам туғилмасидан аввал, ҳали ҳомила даврида аниқлаш борасидаги тадқиқотларини муваффақиятли якунлашди. Ван Андел институт тадқиқотчилари рак хавфи инсон ҳаётининг дастлабки босқичларида, яъни ҳомила шаклланаётган вақтдаёқ белгиланишини исботлади.
Тадқиқот натижалари «Nature Cancer» журналида чоп этилган бўлиб, унда ҳомиланинг дастлабки ривожланиш босқичида икки хил эпигенетик ҳолат пайдо бўлиши аниқланган. Бу ҳолатлардан бири ракка чалиниш хавфини пасайтирса, иккинчиси эса хавфни оширади.
Тадқиқотчиларга кўра, паст хавфли ҳолатдаги инсонлар кўпроқ суюқ ўсимталар, яъни лейкоз ёки лимфома каби касалликларга мойил бўлади. Бошқа ҳолатда эса уларда ўпка ёки простата саратони каби қаттиқ ўсимталар ривожланиши эҳтимоли юқори бўлади.
Тадқиқотга раҳбарлик қилган Ван Андел институтининг Эпигенетика бўлими мудири, доктор Ж. Эндрю Посписиликнинг таъкидлашича, онкологик касалликлар, одатда, мутациялар ёки генетика билан боғлиқ деб ҳисобланади.
Шу сабабли, инсоннинг ривожланиш жараёни рак хавфига қандай таъсир қилади, деган масалага ҳанузга етарлича эътибор қаратилмаганди. Бу тадқиқот эса касалликнинг илдизлари аслида одам ҳаётининг дастлабки босқичларида шаклланиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Одам ёши улғайган сари рак хавфи ҳам ортади. Бу эса, асосан, ДНКдаги шикастланишлар ва бошқа омиллар билан изоҳланади. Аммо ҳар бир ноодатий ҳужайра ҳам ракка айланмайди. Кейинги йилларда олимлар рак ривожланишига таъсир қилувчи қўшимча омил сифатида эпигенетик ўзгаришларни ҳам аниқлаган.
Эпигенетика – бу ДНКдаги маълумотлар қандай ва қачон амалга оширилишини тартибга солувчи жараёнлар мажмуаси ҳисобланади. Агар ушбу жараёнларда хатолик юз берса, ҳужайраларнинг назорат механизми бузилиб, зарарланган ҳужайралар сақланиб қолиши ва тарқалиши мумкин.
Тадқиқот давомида Посписилик ва унинг ҳамкасблари «Трим28» гени даражаси камайган мушукларда рак хавфига таъсир этувчи икки хил эпигенетик из белгиланишини аниқлади. Бу излар ҳали ҳомила шаклланаётган пайтдаёқ юзага келади ва унинг кучли ёки заифлиги келажакда ракка чалиниш хавфини белгилаб беради.
Тадқиқот муаллифларидан бири, доктор Иллария Панзери, бу янги кашфиёт инсонлар орасидаги ракка мойилликни фақат тасодиф ёки «ёмон бахт» билан изоҳлаш мумкин эмаслигини кўрсатишини таъкидлади. «Агар биз бу жараённи чуқурроқ ўргансак, келажакда ракни олдини олиш ва даволаш усулларини ривожлантиришимиз мумкин. Генетика ўзгартира олмайдиган омиллардан бири бўлса, эпигенетика бошқариш ва назорат қилиш мумкин бўлган жараёндир», – дейди у.
Олимлар ушбу эпигенетик ҳолатлар инсоннинг турли аъзоларида кузатилиши мумкинлигини ва бу жараён турли хил онкологик касалликлар учун умумий механизм бўлиши мумкинлигини аниқладилар. Келгусида улар ушбу ҳолатларни алоҳида рак турларида қандай намоён бўлиши ва уларни аниқлаш усулларини ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, рак дунё бўйича инсон саломатлиги учун энг катта таҳдидлардан бири ҳисобланади. Ҳар йили миллионлаб одамлар ушбу касалликдан жабр кўради ва рак туфайли ўлим ҳолатлари сони ҳам анча юқори. Шу сабабли, касалликни эрта аниқлаш ва уни олдини олиш йўналишида олиб борилаётган тадқиқотлар жуда муҳим аҳамиятга эга.
Бу тадқиқот эпигенетика соҳасидаги янги имкониятларни очади. Агар инсон ҳаётининг дастлабки босқичларида рак хавфи шаклланиши исботланса, буни олдиндан аниқлаш ва ҳатто тартибга солиш мумкин бўлади. Шу билан бирга, янги эпигенетик усуллар ракни эрта босқичларда аниқлаш ва уни самарали даволаш имконини беради.
Келажакда ушбу кашфиёт асосида тиббиётда янги даволаш усуллари пайдо бўлиши ва рак хавфини пасайтириш бўйича янги профилактик чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши мумкин. Олимлар бу борадаги изланишларни давом эттириб, инсон ҳаёти давомида ракка чалиниш эҳтимолини пасайтириш усулларини ишлаб чиқишга интилмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Картошка нархи қачон пасайиши маълум бўлди
- «Ҳамза Ҳасановдан Ғайбулла Турсуновгача»: «Янги Ўзбекистон юлдузлари» мукофоти ғолиблари аниқланди
- Келгуси ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
- Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг