Оналик бахти ва масъулияти

14:20 28 Февраль 2024 Маданият
435 0

Қишлоқдаги қариндошлар ҳовлисида бўлиб ўтган воқеани сўзлаб беришди: янги жўжалар орасида оёғи таппоқ, тумшуғи сап-сариқ миттича ҳам бор эди. Товуқ босиб ётган тухумлар орасига ўрдакнинг тухуми аралашиб қолганини ҳамма тушунди, лекин она товуқ учун бунинг заррача аҳамияти йўқ, у барча жўжаларга бирдек парвона, меҳрибон, ҳимоячи эди. Фақат ўрдакча она товуқни кўп беҳаловат қилар, орқасидан “чий-чий”лаб эргашиб юрган жўжалардан ажралиб, ҳовли девори олдидан оқаётган ариқ томон юрганда, она товуқ безовта “қа-қағ”лай бошларди. Ўрдакча бепарво “чўлп” этиб сувга тушиб суза бошлар, она товуқ ариқ лабида унга ёнма-ён чопиб, дунёни оёққа турғазмоқчи бўларди…

Бу ҳолни оналик туйғуси, масъулияти ё саодати деб аташ мумкин! Парвардигори олам бир жониворнинг жисмига шунчалар мўъжизани жойлаган экан, инсонларга ато этган оналик мартабасига таъриф бормикин?..

Ижтимоий тармоқда кузатганим мана бу хабарлар беихтиёр юқоридаги воқеани ёдга солди:

“Гулистон шаҳрида… Бухоро вилоятида туғилган, Гулистон шаҳрида вақтинча яшовчи аёл жорий йилнинг 30 январь куни туғилган ўғил фарзандини 40 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган”.

“Термиз туманида яшовчи аёл жорий йилнинг 25 январь куни туғилган қиз фарзандини ўзининг жиноий шериги бўлган аёл билан тил бириктириб, Термиз шаҳрида 25 млн. сўмга сотган вақтида ушланган”.

“Чирчиқ шаҳрида яшовчи аёл ўзининг 2018 йилда туғилган ўғлини Тошкент шаҳрида 3 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган”.

“Наманган шаҳрида яшовчи аёл ўзининг 2014 йилда туғилган ўғлини 18 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, талаб қилинган пулдан 4 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган”.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тасдиқланган, айни кунда ён-атрофимизда юз берган жиноятлар… Афсуски, янгилик эмас, афсуски, қонуний жазолар қўлланаётган эсада, тузалишнинг ўрнига газаклаб бораётган, ижтимоий муаммога айланаётган ва агар ечим-даво топилмаса, аччиқ оқибатларга олиб келадиган дард-оғриқларимиз...

Кечирилмас иллат

Мамлакатимизда ҳар бир инсон ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун моддий ва маънавий имконият, шароитлар яратиш Президентимиз, давлатимиз ички сиёсатининг бош йўналишларидан бўлиши учун жиддий ислоҳотлар амалга ошириляпти. Шундай даврда ҳимоя, парвариш, меҳр-муҳаббатга ҳаммадан кўпроқ ҳақли ва муҳтож болажонлардан айримларининг ўз онаси томонидан бир буюм, нарсадек сотиб юборилиши, тан олишимиз керак, жамият учун кечирилмас иллат, деса бўлар. Фикримизга эътироз билдиргувчилар оз эмас. Яъни “Боласини сотган бир бемеҳр, фарзанд қадрини билмас тошбағир, оналикка номуносиб бўлса, бошқаларнинг нима айби бор?»

Жамият — мисоли бир улкан вужуд. Унинг ҳар бир нуқтасидаги ижобий ёки салбий ўзгариш тананинг умумий ҳолати билан бевосита боғлиқ. Ўйлаб кўрайлик, аёл ўз жонининг бир парчаси бўлган дилбандини пул-бойлик эвазига сотиб юбориши қайси даврлардан бошланди? Ўтган асрдаги уруш ва ундан кейинги очлик, қаҳатчилик замонлари, ХХ асрда совет тузумининг қатағонлари авж олган (халқнинг зиёли ойдинларидан тортиб моддий-маънавий бойликларигача талаб-ташиб кетилган, ёқиб-янчилган) машъум йиллар… Тўғри, ўша замонларда битта-яримта чорасизлар ўзи тирик қолишига ҳам кўзи етмагач, бошқа иложи йўқлигидан боласини ишончли инсонларга бергани ҳақида эшитганмиз, ўқиганмиз. Аммо эгнида кийими, дастурхонида нони, ишлаб даромад топишга имкони, ҳеч бўлмаганда, атрофида маслаҳат ёки ёрдам сўраши мумкин бўлган одамлар бўла туриб боласини сотганини билмаймиз. Аслида паррандаю даррандалар, ҳайвонлар, йиртқичларда бу қабоҳатдан йироқ.

Бир неча ўн йилликлардан буён оммавий ахборот воситаларида ёзилади, таҳлил қилинади. Эл орасида ҳам озмунча муҳокама бўлмайди. Боласини сотган оналар таърифида аёл зотига номуносиб қанчадан-қанча сўзлар айтилди: “садқаи оналик номи”, “шарманда”, “енгил-елпи” ва ҳоказо… Лекин самара йўқ... Шу ўринда мулоҳаза қилиб кўрсак: оғир дардга чалинган инсонни даволаш учун унинг қулоғига: “Сен ёмон касалсан, сенинг бу ҳолатинг яхши эмас, сен бу касалдан тузалишинг керак”, деган гаплар қуйилишидан зарра наф бўлмайди. Балки беморнинг тақдири айни дарднинг келиб чиқиши, белгилари, асоратлари, даво усулларини яхши билган шифокорга топширилади ва касал одамдан унинг тавсияларига амал қилиш талаб этилади.

Бизнингча, одамфурушлик, оналарнинг ўз боласини сотиши ҳам жиддий ижтимоий дардга айланди. Уларнинг ҳаммаси ҳақида бирдек хулоса чиқариб, муолажаси учун қолипга тушган маслаҳат бериб бўлмайди. Унинг келиб чиқиш сабаблари, ривожланиши, белгилари ижтимоий тадқиқотлар асосида ўрганилиб, олдини олиш чоралари кўрилсагина, бегуноҳ болажонлар бозордаги буюм каби ҳар хил одамлар қўлига тушиб қолишининг олди олиниши мумкин.

Мустақиллигимиз арафасидан токи шу кунларгача бизнинг мамлакатимиз ҳаётида (истиқлолга эришган барча давлатларда бўлгани каби) айрим иқтисодий етишмовчилик, ўтиш даври синовлари бўлди. Илоҳим, ўтган аср гувоҳлари — боболаримиз, момоларимиз, ота-оналаримиз сўзлаб берган қийинчиликлар янги авлодларимиз учун китобларда тарих бўлиб қолсин. Онам эсларди: “Битта қора кулчани тўртта аканг, опангларга бўлиб бериб, даданг иккимиз ушоқларини тамадди қилиб кун ўтказардик”. Одамлар ердаги гиёҳларнинг илдизини еб, шишиб кетган даврда ҳам боласини сотгани ҳақида эшитмаганмиз.

Бир кекса отахон ёзганди: “Урушдан кейинги йилларда икки фарзандли тоғам бизни — ота-онадан етим қолган икки жиянини қарамоғига олди. Мен олти яшар, синглим Бувиражаб бешикда ётарди. Бир куни тоғамнинг хотини кунжара ивитиб ҳаммамизга озгинадан берди. Бешикда мўлтираб ётган синглимга ҳам ноилож кунжаранинг сувидан озгина ичириб қўйди. Тонгда уйда йиғи-сиғи бўлиб кетди. Чиқиб қарасам, Бувиражаб кўкариб, қотиб қолган экан. Тоғамнинг хотини умрининг охиригача: “Мен унга кунжара сувини ичирдим, ўлимига сабаб бўлдим”, деб йиғлаб гапирарди. Ҳолбуки, ўшанда уйда бир пиёла кунжарадан бошқа нарса йўқ эди”.

Аччиқ савол: куни ажриқнинг илдизи, кунжарага қолган замонлардан ҳам жигаргўшасини жонида асраб олиб ўтган момолар, бувилар, оналарнинг авлоди — ўзбек аёли ҳар куни қанча-қанча нону егуликлар ахлатга ташланаётган ҳозирги пайтда қандай сабаб билан боласини сотмоқчи бўляпти, пулга алмашяпти?

Бошқалар нима дейди, билмайман, лекин мен (гарчи 2020 йили Президентимиз томонидан мамлакатимизда камбағаллик борлиги расман тан олинган бўлсада) айни муаммонинг ўқ илдизи моддий етишмовчилик билан боғлиқ, деган фикрда эмасман.

Муаммонинг илдизи қаерда?

Юқорида келтирилган маълумотлардаги воқеаларнинг манзилига эътибор қаратсак: Бухоро вилоятида туғилган, Гулистон шаҳрида вақтинча яшовчи аёл; Термиз туманида яшовчи аёл; Чирчиқ шаҳрида яшовчи аёл; Наманган шаҳрида яшовчи аёл, яъни марказий шаҳарларда ёки марказий шаҳарларга яқин-ёндош жойда яшаб турган аёллар боласини сотмоқчи бўлган. Статистик маълумотларга қарасак, айни шу жойларда оилавий ажралишлар даражаси ҳам юқори.

Яна бир мулоҳазали ҳолат: гарчи кейинги йилларда мамлакатимиз барча ҳудудининг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маиший ривожланишига, одамларнинг иш билан таъминланишига жиддий эътибор қаратилиб, ижобий ўзгаришлар бўлаётган эсада, вилоятларнинг чекка-чекка, шаҳар ва туманлар марказларидан олис манзил-маконлари аҳолисининг ҳаёти марказликлар турмуш даражасига етиб олиши учун йиллар керак бўлади. У ерларда ҳамон ичимлик суви ташиб келтириладиган, газ етиб бормаган жойлар бор. Электр чироқлари кечасию кундузи бирдек чарақламайди. Дўкону бозорларда шаҳардаги каби хилма-хил моллар, маҳсулотлар босилиб ётгани йўқ, доимий иш ўринлари етишмайди, меҳнат шароитлари ҳам шунга яраша… Аммо ўшандоқ жойларда яшаб турган оналардан бирортаси боласини сотганини эшитмадик! Ҳа, тан олиш керак, марказий шаҳарлардаги ҳаёт, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов хавотир билан ёзганидек, айрим хотин-қизлардан ҳаё пардасини кўтариб юборгани каби, айрим аёллар қалбидан оналик меҳр-муҳаббати, масъулияти, раҳм-шафқатини ҳам юпқартириб, ювиб ташлаётгандек. Сабаби...

Мустақиллик туфайли биз дунёга чиқдик, дунё халқлари учун чегараларимиз очилди. Ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар орқали жаҳондаги элу миллатлар ҳаёти, маданияти, урф-одатлари, эътиқодига оид маълумотлар хонадонларимиз (айниқса, марказий шаҳар ва туманлар аҳолиси)га ёғилиб турибди. Мана шу жараёнда аксарият юртдошларимиз бебаҳо неъмат — эркинлик саодатини, ҳақ-ҳуқуқларини англаб боргани сайин ўзларининг жамиятдаги бурч ва ҳуқуқларидан фойдаланиш ҳамда буни ҳимоя қилишни, эзгуликка етаклайдиган умуминсоний ғоялар, ибратли анъаналарни янада кенгроқ ўрганди; айримлар эса ўзлари билиб-билмаган ҳолда миллатимиз, неча асрлик қадриятларимизга ёт бўлган қусурлар: ҳаётга енгил-елпи қараш, “бир марта бериладиган умрда яшаб қолиш” кайфияти, иллати, худбинлигини чет эл ҳаётидан бевосита ёки билвосита “юқтириб” олди. Дунё илғор маданияти, юксак маънавиятининг очиқ-ошкор кушандаси бўлган “оммавий маданият” кўринишидаги эфирлар, либослар, кўргазмали муомала-муносабатлар, ялтир-юлтур қоғозу елим идишларга ўралган сунъий ҳид, таъм, ранг берилган емишлар воситасида қай бир кишилар онгидаги бўшлиққа ўрмалаб кирди, қалбини заҳарлади.

Биз Ватан, она, халқ, фарзанд учун умрини тикиб яшайдиганлар ҳақида гапирганимизда мустаҳкам эътиқод ҳаммада ҳам бирдек бўлмаслигини ҳисобга олишимиз керак. Киши қанақа оилада тарбия топгани, кимлардан илму сабоқ олгани, атрофида қандай одамлар бўлгани билан боғлиқ равишда тўғри, нотўғри ёки ора йўлга тушиб қолиши ва худди шу сабаблар натижасида ҳаёт синовларини енгишда барча бирдек иродали, сабрли, мулоҳазали бўлиб улғаймаслигини унутмаслигимиз шарт. Қай бир аёл тўққиз ойдан ортиқ муддатда юрагининг тагида не ҳолатларга тушиб эҳтиётлаб келган, ҳаёту мамот ўртасида туриб дунёга келтирган, жонининг бир парчаси бўлган боласини ўткинчи муаммоларини ҳал этиш учун пулга алмаштирмоқчи экан, демак, у ҳаётнинг нотўғри кўчасига кирган.

Юқорида марказий шаҳарлар ҳақида бежиз тўхталмадик. Ота-онадан узоқлашиб бу ерларга ўқиш, ишлаш мақсадида келган қизлар, аёллар учун юриш-туришда, кийинишда, таниш-билиш танлашда, турли жойларга боришда, овқатланиш ва ҳоказоларда илгари ҳеч синаб кўрилмаган “эркин”ликлар эшиги очилиб кетгандай бўлади. Боласини туғуруқхонага (ёки кўчага, ахлатхонага… астағфируллоҳ!) ташлаб кетган қизларнинг аксарияти шу “эшик”лардан бирига кириб қолган бўлади. “Хўш, унда чирчиқлик аёлнинг 2018 йилда туғилган ўғлини, наманганлик она 2014 йилда туғилган ўғлини сотмоқчи бўлганини қандай тушуниш мумкин?» деган савол туғилади. Ахир уларнинг бири боласини олти ёшгача, иккинчиси ўн (!) ёшгача боқиб тарбиялади. Ёмон ният она қалбида бирданига пайдо бўлдимикин? Йўқ! Айни саволнинг жавоби, ечими ҳаммамизга тааллуқли.

Меҳр-оқибат, ўзаро ишонч ришталари узилса…

Бир ҳаётий мисол келтирмоқчиман: бундан уч йиллар муқаддам “Адолат” газетасида сирдарёлик суд органи ходимларининг бир жиноий иш ҳақидаги мақоласи чиқди. Унда Шаҳнозахон исмли аёл чақалоғини сотаётганда ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олиниб, беш йилга озодликдан маҳрум этиш чораси кўрилгани ҳақида ёзилганди.

Расмий маълумотларга кўра, аёл Фарғона вилоятининг Бағдод туманидан бўлиб, эридан ажралган, кичик фарзанди билан отасиникида икки йил яшаган. Моддий қийинчиликлар туфайли Тошкентга келиб, тикувчилик цехида ишлаган. Ўша пайтда наманганлик бир эркакка шаръий никоҳ билан турмушга чиқиб, эриникига кетган. Лекин янги оиласидагилар аёлнинг фарзандини чиқиштирмагани сабабли Шаҳнозахон яна Тошкентга келиб ишлайди, Янгийўлда ижара уйда яшайди. Уч ойлар ўтгач аёл ҳомиладорлигини билади, шаръий никоҳга олган эрига бу ҳақда маълум қилади, аммо “эр” ҳомилани олдириб ташлашни маслаҳат беради. Ҳомила анча катта бўлиб қолгани учун шифокорлар бу амалиётга кўнишмайди. Бу орада Шаҳнозанинг бир хоналик ижара уйига укаси ҳам оиласи билан кўчиб келиб яшай бошлайди. Уларнинг тирикчилиги ҳам ишлаб турган Шаҳнозанинг зиммасига тушади. Шунинг учун “Иккинчи фарзандим туғилса, янаям қийин аҳволда қоламан”, деган ташвишини бирга ишлайдиган қизга айтади. Қиз тезда таниш йигитини, йигит эса сирдарёлик ўрта ёшли аёлни бошлаб келади. Сирдарёлик хотин келини бир неча йилдан буён фарзанд кўрмаётганини айтиб, “Туғилажак чақалоқни бизга беринг”, деб сўрайди. Болани ўз фарзандидек кўриб улғайтиришини айтади. Шаҳноза бу таклифга рози бўлади. Сирдарёлик аёл уни Гулистонга олиб бориб шифокорларга кўрсатади, даволатади, ўғлигаям ғамхўрлик қилади. Шу орада… бу гаплардан хабардор бўлган бир таниши Шаҳнозага: “Сен у аёлнинг ҳожатини чиқаряпсанку, у ҳам сенга ёрдам берсин. Ижарада турган уйингни сотиб олишга пул сўра”, деб йўл кўрсатади. Ўзининг назарида боши берк кўчага кириб қолган Шаҳноза бу гапга қўшилади, сирдарёлик аёлдан ўн бир минг АҚШ доллари беришини сўрайди. “Майли, мен ўйлаб кўрайчи”, деган жавоб бўлади.

Хуллас, чақалоқ туғилганининг бешинчи кунида, келишиб олганларидек, сирдарёлик аёл кириб келади, ёнидаги эркакни ўзининг яқин одами сифатида таништиради. Чақалоқ йўргакланиб, янги “онаси”га топширилиб, келишилган пул ҳақиқий она қўлига ўтган заҳоти ҳалиги эркак ўзининг ички ишлар ходими эканини айтади, Шаҳнозанинг қўлига кишан солинади. Суд уни беш йил муддатга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқаради (сирдарёлик хотиннинг аввалига болани ўзаро келишиб қўлга киритмоқчи бўлгани, Шаҳнозага меҳрибончиликлари, Шаҳнозанинг иши жиноят экани ҳақида оғиз очмай, ўртага пул масаласи тушганда ўзгариши ва шундаям бир оғиз огоҳлантирмай, судда “Бу аёл боласини сотмоқчи бўлгани, жиноят йўлига киргани учун ҳуқуқ-тартибот ходимларига маълум қилдим”, деб адолатпарвар бўлиб гувоҳлик бериши — қалбни пармалаб ташлайдиган алоҳида мавзу).

Воқеанинг оқибатинигина баён этмасдан, ўзи ва боласини, ўрни келса жигарларини ҳам боқиш учун ҳаракат қилган, оилавий бахтга интилган, тажрибасизлиги, бир тўғри маслаҳат берадиган одами йўқлиги туфайли жиноятчига айланган Шаҳнозанинг бошидан кечирганларини майдалаб ёзганим сабаби — ҳурматли ўқувчини мушоҳадага чорлаш.

Ёдингизда бўлса, 2017 йилнинг ёзида Юртбошимиз кенг жамоатчилик вакиллари билан ўтказган йиғилишда аёллар, оналар ҳақида алоҳида тўхталиб, хотин-қизлар масалалари билан шуғулланадиган маслаҳатчиларга икки ой муддатда ўзи масъул бўлган маҳаллалардаги барча хонадонга бирма-бир кириб, оиладаги хотин-қизларнинг соғлиғидан тортиб ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маиший муаммоларигача ўрганиб чиқишни, шу асосда тегишли ташкилотлар билан муаммоларни ҳал этиш чораларини кўришни топширган эди. Ўшандан буён барча маҳаллада номланиши ўзгарсада, вазифаси шу ҳудуддаги хотин-қизлар билан ишлашга масъул бўлган ходималар фаолият кўрсатиб келяпти.

Оила, аёллар, оналик ва болаларга ҳар жиҳатдан ғамхўрлик — Президентимиз энг кўп эътибор қаратаётган масалалардан бири; ҳар гал бу борада гапириб, вазифалар қўйганда, масъулларнинг ўз тасарруфидаги ҳудуднинг барча хотин-қизлари билан юзма-юз доимий мулоқотда, уларнинг аҳволидан бохабар бўлишни, айниқса, ёрдамга муҳтожларни қўллаб-қувватлашни, ижтимоий ёрдам чин эгаларини топиши шартлигини кўп таъкидлайди. Токи жамиятнинг жипслиги, меҳр-оқибат, ўзаро ишонч ришталари ана шу нозик жойлардан узилиб кетмасин, қийналганлар, четда қолганлар нияти бузуқларнинг домига тушиб қолмасин.

Юқорида эслаганимиз Шаҳноза… ёш боласи билан отасиникида икки йил ўтирди... Иш излаб Тошкентга келди... ижарада яшади... Келин бўлиб бир муддат Наманганда турди... Кейин Янгийўлга келди... Моддий-маънавий жиҳатдан етишмовчилик, ёлғизлик, тўғри маслаҳат берадиган одамнинг йўқлиги боис хато йўлга кириб қолди. Аслида, у доим ўзимизнинг орамизда, хотин-қизлар билан ишлашга масъуллар фаолият кўрсатиб турган маҳаллаларда яшади. На масъуллар ундан хабар олди, на Шаҳноза шундай масъуллардан ёрдам, маслаҳат сўраши мумкинлигини билди! Қишлоқда меҳнатда улғайган, ҳалол ризқ топиш йўлида бўлган, фарзандини боқиш, улғайтириш учун қўлидан келганча ҳаракат қиладиган... аммо соддаю ишонувчанлиги учун хато йўлга кириб қолиб, тажрибасизлигию иродасизлигидан нотўғри маслаҳат, ваъданинг қопқонига тушганларнинг битта вакили бу. Мўрт ниҳолни шамол, ёмғиру сел хоҳлаган томонга эгиши, қайириши, синдириши, яксон қилиши осон бўлади.

Тўғри, жойларда хотин-қизларнинг ишонган маслаҳатчиси, қўллаб-қувватловчиси, жонкуярига айланган ходималар, жамоатчилик фаоллари кам эмас. Шу билан бирга…

2017 йили кеч кузда Фарғонанинг Шоҳимардон қишлоғида келин қайнонасининг ҳаётига кутилмаганда зомин бўлди. Қайнона ўғли ёқтириб уйланган келинини бошданоқ хушламагани қариндошу қўшниларга маълум экан. Ўғил ҳафтада бир марта ишдан дам олиш куни уйига келар, орада қайнона келинини ярим кечаларда ҳайдаб чиқаргани ҳам атрофдагиларга сир эмас экан. Аммо фожиадан кейин қишлоқ фуқаролар йиғинида “Бу оила аъзолари аҳил, тинч яшаб келган. Кутилмаган жанжал оқибатида ўлим содир бўлди”, қабилида ҳужжат тахлаб қўйилган. Энг ажабланарлиси, маҳалладаги хотин-қизлар билан ишлайдиган маслаҳатчи — марҳум қайнонанинг яқин дугонаси, девор-дармиён қўшни ҳам шу фикрни тасдиқлаган. “Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади”. Мухбирнинг “Фожиа юз берган куни қайнона-келин ҳовлигача бир-бирини уриб-суриб чиқиб, бақир-чақир қилишган, сиз эшитмадингизми?» деган саволига маслаҳатчи: “Бу ҳам ҳар доимги уруш-жанжаллардан бири бўлса керак, деб ўйладим”, деб жавоб берган… Мана шундай рўйхатда бору, амалда йўқ “масъуллар” озми, кўпми?.. Аммо битта бўлса ҳам ортиқча! Чунки унинг масъулиятсизлиги боис юз берган битта нохушлик оқибати қанча тақдирларга соя, доғ солиши мумкин.

Асосий мезон — қалбларга йўл топа билиш

Бундай масъул вазифаларга ҳар бир маҳалла хотин-қизлари ўзлари яхши билган, оғирларини енгил, мушкулларини осон қилишни инсоний ва давлат олдидаги бурчи деб биладиган; ўзи шундоғам бекаму кўст бўлганларга эмас, муҳтожларга қайишадиган; ташаббусларини қўллаб-қувватлайдиган; фақат йиғинларда давра ёки дастурхон тайёр бўлгандан кейин келиб, тўрга чиқиб ўтириб, панду насиҳат қилиб кетадиган “иши жуда кўп, вақти кам” “активист”лар эмас, балки аёлни тинглай биладиган, аёллар ўз дардини айтишга журъат эта оладиган, маҳалласидаги ҳар бир она, бека, қизларнинг бугунги ҳаёти, кайфияти, юриш-туришидан бохабарлик доимий эҳтиёжига айланадиган оқила, ғамхўр, тадбиркор вакилаларни ўзлари танлаб, сайлаб олишлари керак.

Ёмон ният қора булутдек бирдан бостириб келмайди, бир сабаб билан дилда туғилади ва унинг йўлини тўсгувчи ёруғлик бўлмаса, қалбни ишғол қилиб боради… Аёл ўзи, боласи ҳаётини хавф-хатар, ноаниқликка қўйгувчи йўлга қадам босгунича анча-мунча иккиланишлар, саволлар, қўрқув-хавотирлар кўчасидан ўтади. Ана шу жараёнда меҳру шафқат билан узатилган бир қўл унинг тақдирини хато, гуноҳ, бир умрлик армонлардан асраб қолиши мумкин.

Анча чўзилиб кетган мулоҳазаю баёнларимиздан айтмоқчи бўлган фикримиз шу: маҳалладошми ёки бошқа жойдан кўчиб келганми, кўчамизда (“дом”имизда) муқим яшайдими ёки вақтинча ижарачими, кўзимизга ёқимли кўринадими ёки ёқимсизми — бирорта қиз-аёл хотин-қизлар масалалари бўйича масъулларнинг эътиборидан четда қолмасин. Қийналган, камсуқум, андишали, ўзининг бирор-бир ишидан хижолатда ёки пушаймонликда юрган опа-сингиллар саволига жавоб, маслаҳат, ёрдам олишини кафолатлайдиган муҳит яратиш — қалблар томон ишонч кўприги солиш.

“Саодат” журналига бош муҳаррирлик қилган пайтларида Ўзбекистон халқ шоири Зулфияхоним биз — ходимларга таъкидлаб: “Аёлни тушунмайдиган, уни қўллаб-қувватламайдиган ижодкорга бу муҳарририятда ўрин йўқ”, деган эди. Ҳа, жамиятимиз олдига: “Аёлни тушунмайдиган, уни қўллаб-қувватламайдиган, хотин-қизларнинг аҳволидан доим хабардор бўлиб, муаммоларини ҳал этиш йўлларини изламайдиган ходиманинг оналар ва бўлажак оналар тақдирига масъуллик юкланган лавозимлар, вазифаларда ишлашга ҳақи йўқ”, деган қатъий талабни қўйишимиз ва бунинг амалини назоратга олишимиз керак.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган маданият ходими.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?