Оммавий хизмат ва замонавий сиёсий-ҳуқуқий тизим

16:55 20 Апрель 2022 Жамият
799 0

Фото: Халқ сўзи

Шу йилнинг 15 апрелида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Янги Ўзбекистонда оммавий хизматнинг ўрни, онг ва ҳуқуқий сиёсатдаги ўзгаришлар мавзусига бағишланган IV халқаро илмий-амалий конференция 18-19 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида давом этди.

Замонавий бошқарувнинг энг муҳим институтларидан бири ҳисобланган «оммавий хизмат» тушунчаси муҳокамасига кенг урғу берилган мазкур тадбир «Оммавий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази» нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан Конрад Аденауэр номидаги фонднинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси, Тошкент давлат юридик университети ва Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Конференцияда ҳуқуқ ва оммавий бошқарув соҳасидаги таниқли олимлар ва амалиётчилар, Ўзбекистон, Германия, Қозоғистон ва Қирғизистон таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг етакчи экспертлари, шунингдек, республикамизнинг мутасадди давлат органлари вакиллари иштирок этди.

Маълумки, Янги Ўзбекистонда демократик давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» эзгу ғояси асосида амалга оширилмоқда.

Тадбир иштирокчиларининг фикрига кўра, ўртага қўйилган мавзунинг долзарблиги ва аҳамияти биринчи навбатда мамлакатимизнинг замонавий сиёсий-ҳуқуқий тизимида оммавий хизмат институтининг ўрнини англаш зарурати билан белгиланади. Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми ҳанузгача қонунчиликда белгиланмаган. Баъзи қонуности ҳужжатларида «давлат фуқаролик хизмати» тушунчаси қўлланилсада, бу фақат мазкур институтнинг ўзига хос хусусиятини акс эттиради ва унинг чегараларини кенгайтириш муаммосини кўтаради.

Ўз навбатида аксарият замонавий давлатларнинг оммавий бошқарув амалиётида давлат хизматчилари тоифасига нафақат соф маъмурий функцияларни бажарадиган, балки турли касб эгалари, яъни давлат бюджетидан молиялаштириладиган шифокорлар, ўқитувчилар, жамоат транспорти ходимлари ва бошқа соҳа вакиллари киритилади.

Илмий-амалий конференцияда шулар хусусида атрофлича сўз юритилди. Ҳозиргача фақат илмий-ҳуқуқий доираларда муҳокама қилиниб келаётган «оммавий ҳокимият», «оммавий бошқарув», «оммавий хизмат», «оммавий манфаат» тушунчалари юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер