Олтин иплардан яралган нафис санъат
Бухоро неча-неча асрлар давомида наинки Буюк ипак йўлидаги муҳташам савдо маркази, балки миллий ҳунар ва санъатнинг бетакрор ўлкаси сифатида ҳам ном қозониб келмоқда. Ушбу қадимий шаҳарда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган энг юксак санъатлардан бири — бу зардўзлик ҳисобланади.
— Бухоро зардўзлик мактаби ўзининг бетакрор услуби ва юксак санъат даражаси билан ажралиб туради,— дейди машҳур уста зардўз Бахшулла Жумаев. —бу жуда мураккаб касб. Чунки таркибида олтин ва кумуш бўлган нафис ип толалар билан ишлаш осон эмас. Чуқур сабр, катта матонат керак. Худди игна билан қудуқ қазиганга ўхшайди. Шу касб билан 50 йилдан буён шуғулланиб келяпман. 1997 йилда “Ҳунарманд” уюшмаси ташкил этилгани муносабати билан ҳунармандларга ер ажратиб бериш масаласи қўйилганди ва биз эски шаҳарнинг қоқ юрагида зардўзлик мактаби фаолиятини йўлга қўйдик. Айнан шу манзилдан ҳам уй, ҳам музей, ҳам устахона сифатида фойдаланиб келмоқдамиз. Катта ўғлим Бобуржон – миниатюрачи рассом. Нодир заргарлик билан шуғулланади. Келинларимиз аёллар дизайни. Рафиқам Муқаддас Жумаева каштачилик билан машғул. Хуллас, ҳамма оила аъзоларимиз миллий ҳунармандчилик билан банд. 500 дан ортиқ шогирдларим бор. Уларнинг баъзилари билан ҳалигача бирга ишлаб келаётган бўлсак, айримлари ҳаётда ўз йўлини топиб кетишган.

Суҳбатдош 2022 йилда ярим асрлик меҳнат фаолияти уйғунлашган “Зардўзлик санъати” номли китоб ёзгани ҳақида сўзлайди. Уста зардўзнинг уй музейини завқ билан саёҳат қилар эканмиз, деворда осиғлик турган диплом ва ташаккурномаларга ҳавас билан кўз югуртирамиз. Унда уста бундан 31 йил илгари Покистонда ўтказилган Ҳунармандлар фестивали гранприсини қўлга киритганини кўрамиз. Халқаро ва дунё миқёсида ташкил этилган кўргазмалардаги муваффақиятларининг сон-саноғи йўқ.
— Бухорои шарифга ташриф буюрувчи минглаб сайёҳлар миллий ҳунармандчилик намуналари, айниқса, зардўзлик санъатига катта қизиқиш билан қарашади, —дейди Бахшулла Жумаев. —Бухоролик зардўзлар қўлида сайқал топган буюмларга мамлакатимизда ва жаҳонда эътибор жуда катта. Буни Бухорога келган сайёҳларнинг зардўзлик буюмларини, совға сифатида сотиб олиш билан қаноатланмаслигида, улар ушбу санъатнинг яратилиш жараёнига қизиқишида ва зардўзларнинг меҳнатини ҳавас билан томоша қилишлари мисолида кузатиш мумкин. Айниқса, турли давлатлардан келган меҳмонлар қўлда қавилган чопонларга, духобаларга, камар ва пардаларга мафтун бўлиб, ўзгача завқ-шавқ билан томоша қиладилар, сотиб оладилар. Лекин, улар фақат гўзалликни эмас, зардўз юрак зарбини, сабр ва муҳаббати рамзини ҳам олиб кетадилар. Чунки, ҳар бир зардўзлик буюми уста қалбининг рамзий тимсолидир.
Ҳар зардўз қўлидаги ипда тарих бор, ҳар бир нақшда маъно. Зардўз матога шунчаки зийнат бермайди, у яратган нақш-у олтин иплар мозийдан сўз очади. Ипларининг товланишида Бухоро офтоби, нақшларида эса юртимизга бўлган чексиз муҳаббат ва садоқат мужассам. Зарли ип билан солинган ҳар бир гул, ҳар бир безак — юртимиз маданияти, ўзлигимиз, анъана ва қадриятларимизнинг акс-садосидир.
Лайло ҲАЙИТОВА.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг