Олий таълим муассасаларининг 2023/2024 ўқув йилига тайёргарлиги муҳокама қилинди

18:05 29 Август 2023 Жамият
852 0

29 август куни Олий таълим фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислигида республика олий таълим муассасаларининг 2023/2024 ўқув йилига тайёргарлиги юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда республикамиздаги барча олий таълим муассасалари ректорлари, проректорлари ва вазирлик масъул ходимлари иштирок этдилар.

Ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан “Беш ташаббус олимпиадаси” ва “Талабалар лигаси” доирасида оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш лозимлиги қайд этилди. 

Кун тартибидаги долзарб масала — республика олий таълим муассасаларини янги 2023/2024 ўқув йилига тайёргарлик ҳолати бўлди. 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг ўқув йили давомидаги юкламасини 10-15 фоизга камайтирилиши бўйича амалий чоралар кўрилгани таъкидланди. Кадрлар истеъмолчиларининг таклиф ва эҳтиёжлари асосида 2023/2024 ўқув йили учун янги ташкил этилган 16 та бакалавриат таълим йўналишлари ва 23 та магистратура мутахассисликлари бўйича малака талаблари ишлаб чиқилди ва ўрнатилган тартибда тасдиқланди. 

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти билан ҳамкорликда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи талабалар учун педагогика, психология, тарих, математика, филология, бизнес ва бошқарув, ҳуқуқ, хорижий тил, санъат ва маданият, спорт, физика ихтисосликлари бўйича 12 номда (1 500 нусхада) 967 млн. сўмлик ўқув адабиётларини Брайл ёзувида чоп этилди ва олий таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларига етказилди.

Республикадаги барча давлат олий таълим муассасаларида таълим жараёни сентябрь ойидан бошланади. Жумладан, Тошкент шаҳрида жойлашган аксарият (85%) олий таълим муассасаларида ўқув жараёни 1 ва 4-курс талабалар учун 4 сентябрдан, 2 ва 3-курс талабалари учун ўқув жараёни 11 сентябрдан бошланади. Тошкент шаҳридаги олий таълим муассасаларидаги дарс жараёнларини бошланиш вақтлари олий таълим муассасаларининг жойлашган ҳудуди ва транспорт қатновини ҳисобга олган ҳолда белгиланди (жумладан, соат 8:00; 8:30; 9:00 да). 

И.Абдураҳмонов янги ўқув йилидаги дастлабки ўқув машғулотлари мамлакатимиз мустақиллиги ва амалга оширилаётган ислоҳотларга доир маърузалар шаклида таниқли ҳамда машҳур олим ва арбоблар томонидан олий таълим муассасаларида ўтказилиши бўйича алоҳида топшириқ берди. 

Олий таълим соҳаси бўйича 2023 йил якунига қадар бажариладиган устувор вазифалар белгилаб ўтилди. Хусусан, ҳар йили 5 минг нафар профессор-ўқитувчиларни тажриба алмашиш учун, 200 нафар ёш олимларни илмий даража олиш учун хорижий илмий ташкилотларга юбориш, стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантура ҳамда мақсадли докторантура квоталари сонини босқичма-босқич ошириш масалалари алоҳида муҳокама қилинди. 
Шунингдек, талабаларни турар жойлари билан таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди. 
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан бу йилдан 1 босқич талабаларни ётоқхонага онлайн жойлаштириш бошланди. Бугунгача 45 мингдан ортиқ аризалар онлайн шаклда қабул қилинди. Ижтимоий имтиёзларга эга талабаларга бугун, 29 август куни, тизим очилиши, яъни ариза топширган шу контингентга ётоқхонадан жой ажратилгани ҳақидаги хабарномаларни юбориш бўйича топшириқ берилди.

Ижарага жойлаштиришда ҳам ҳукумат қарори билан сентябрь октябрь ойларида ижара тўловининг бир қисмини ижара шартномасини талаб қилмасдан тўлаб беришга рухсат берилди. Шунинг учун талабаларни турар жой билан таъминлаш, ижара хонадонларига жойлаштириш, уларга ижара тўловининг бир қисмини муаммосиз тўлаб берилишини таъминлаш  каби масалаларни барча ректорлар ўз қўлларига олиш шартлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер