ОКМК янги ютуқлар сари интилмоқда

14:21 03 Февраль 2024 Жамият
338 0

Аввал хабар берганимиздек, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни мамлакат металлургия корхоналарини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишди. Унда таъкидланганидек, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, Ўзбекистон металлургия комбинати, “Навоийуран” давлат корхонаси сингари иқтисодиётимиз таянчи бўлган жамоалар четдан сармоя киритиб, олтин, мис ва кумуш ишлаб чиқаришда янги-янги марраларни забт этмоқда. Қимматбаҳо ва харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда.

Ушбу тақдимотда муҳтарам Президентимиз томонидан бир қатор йўналишларда долзарб вазифалар белгиланди. Жумладан, бугунги кунда рақамли трансформация ва “яшил” технологиялар соҳасига жиддий эътибор қаратиш лозимлиги уқтирилди. Мавжуд инвестицияларни ўзлаштириш ҳамда янги лойиҳаларни ишлаб чиқаришга тезкор татбиқ этиш, барча жабҳаларда энергия тежамкорлиги ва маҳсулот таннархини арзонлаштиришга эришиш, энг асосийси, меҳнат унумдорлигини таъминлаш каби бир қатор долзарб масалалар юзасидан ҳам аниқ кўрсатмалар берилди.

Бугун Олмалиқ кон-металлургия комбинатида ана шу улуғвор вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан “ОКМК” Бошқаруви раиси Абдулла Хурсановнинг комбинат ишчи-хизматчилари ва муҳандис-техник ходимлари билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.

Комбинат раҳбари таъкидлаганидек, муҳтарам Президентимизнинг кейинги уч-тўрт йилда ОКМКга эътибори, янги-янги лойиҳалар юзасидан берган самарали тавсиялари натижасида барча корхоналардаги ишлаб чиқариш ҳажми ортиб, маҳсулот сифати мукаммаллашиб бормоқда. Ишчи-хизматчиларнинг моддий таъминоти йил сайин яхшиланмоқда. Мис эритиш заводи, Рух заводи, Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш бўйича илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Марказий таъмирлаш механика заводи каби корхоналарда мамлакатимиз раҳбари илгари сурган маҳаллийлаштириш дастури муваффақият билан ишламоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилган “Ёшлик-1” конини ўзлаштириш бу йўналишда янги-янги самарали лойиҳаларни яратиш жараёнлари ҳам бугун комбинат ишчи-хизматчилари учун энг муҳим вазифалардан бирига айланди. Комбинатда катод миси, олтин ва кумуш, селен ва теллур, сулфат кислотаси, мис купороси, аммоний перренат, куйдирилган молибден ва вольфрам маҳсулотларини қайта ишлаш, қаттиқ қотишмалар ва ўтга чидамли керамика маҳсулотларини ишлаб чиқариш, самарали лойиҳалар асосида инвестиция киритиш, маҳсулот экспорти ҳажмини кўпайтириш борасида ҳам тегишли ютуқлар мавжуд.

Шунингдек, ОКМКда ишни тўғри ташкил этиш, меҳнат самарадорлигига эришиш, маҳсулот таннархини меъёрлаштириш, электр энергияси тежамкорлигини таъминлаш борасида етарли тажрибалар тўпланди.

ОКМК раҳбари А. Хурсанов бугунги учрашувда рақамли трансформация ва “яшил” технологияларни дадил жорий этиш, мис катоди ишлаб чиқаришни 170 минг тоннага етказиш, жамоанинг ижтимоий муҳофазасини йил сайин кенгайтириб бориш каби бир қатор жараёнларга алоҳида тўхталди. Шунингдек, мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти учун муҳим бўлган 3-Мис бойитиш фабрикаси қурилишини якунига етказиш ва инфратузилма объектларини ўз вақтида топшириш, янги металлургия комплекси қурилишини жадаллаштириш каби масалаларда ҳам жўяли фикрлар илгари сурилди. Учрашувда таъкидланганидек, бу йил ОКМК жамоасининг ташаббуси билан етарли билим ва тажрибага эга бўлган комбинат ишчи-хизматчилари сафарбарлик тизимида иш олиб борадилар.

Шодиёр МУТАҲАРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер