«Ўхшасак ўхшабмиз тупроғимизга...»
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилоятининг Бувайда туманида машҳур, лекин ўта содда, оддий ва самимий қишлоқ хўжалиги фидойиси яшайди. У табаррук етмиш ёшда, аммо бир зум тиним билмайди. Шу боис қачон йўқлаб борсак, дала шийпони, пахта ва буғдой майдонида учратамиз.
— Отамдан қолган далалар менга жуда ҳам суюкли, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони, «Патилахон» фермер хўжалиги раҳбари Патилахон Эргашева. — Таниш-билишлар ҳазиллашиб, «Оддий ҳаёт тарзингиз, чапани феълингиз тупроғимизга ўхшайди», дейишади. Халқимизга ризқ-насиба улашишда, сахийликда тупроғимизга ўхшасак ўхшабмизда!
9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Патилахон аяни йўқлаб бордик. Бироз бетоб бўлишига қарамай, дала уватларида айланиб юрган экан. Ширин дийдор барчамизга хуш кайфият улашди.
— Патилахон Эргашева, Лолахон Муротова сингари фермерларимиз том маънода юртимиз фахри, — дейди Республика маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими бошлиғи Маъсуджон Сулаймонов. — Сабаби, улар қишлоқ хўжалиги соҳасида тажриба ва маҳорат мактабини яратишди. Уларнинг ҳалол ва сидқидилдан қилаётган меҳнати ҳар қанча эътибор ва рағбатга муносибдир.
Патилахон ая бошчилик қилаётган фермер хўжалигининг 36 нафар ишчиси жорий йилда 30,4 гектар ерга барака уруғини қадади. Бу йил ҳар гектар ердан ўртача 45 центнердан ҳосил олишга ҳаракат қилишмоқда.
— Пахтамизга қўйилган бойкотнинг олиб ташланиши Ўзбекистонга жаҳоннинг 331 та брендлари эшигини очди. Бу йил ўтган йилдагидан ҳам баракали йил бўлишига ишонамиз, — дейди Ўзбекистон Қаҳрамони. — Чунки пахтамиз бутун дунёда эъзозланадиган, қадрланадиган, ундан тайёрланган маҳсулотлар жаҳоннинг барча давлатларига кириб борадиган бўлди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг