Оила масалалари илмий-инновацион ёндашув асосида ўрганилмоқда

18:37 10 Апрель 2018 Жамият
6715 0

Анжуман

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази “Соғлом оила — соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб боради, оиланинг репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлиги ва хотиржамлигини ошириш масалаларини комплекс ўрганади.

Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган ушбу вазифалар ижроси қай даражада таъминланмоқда? Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ўтказилган анжуманда ушбу саволга атрофлича жавоб изланди.  

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда сиёсатшунослар, ҳуқуқшунослар, олимлар, профессор-ўқитувчилар, соҳа мутахассислари, давлат ва нодавлат, халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, марказ нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаш ва уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, оила-никоҳ муносабатлари соҳасида амалиётни ўрганиш ва тажриба алмашиш мақсадида давлат органлари, жамоат ташкилотлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.

Анжуманда “Ўзбекистонда оиланинг демографик ривожланиши”, “Репродуктив саломатликни ҳимоя қилиш ва оилани режалаштириш”, “Тарихий-маданий анъаналар ва замонавий оила модели”, “Кореяда намунали оиланинг модели”, “Оилавий муносабатларнинг ижтимоий-психологик муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари”, “Оилани самарали қўллаб-қувватлашнинг халқаро амалиёти” ва бошқа муҳим мавзуларда тақдимотлар ўтказилди. 

Иштирокчилар оила-никоҳ муносабатлари соҳасидаги илғор хорижий амалиётни илмий таҳлилларга таянган ҳолда чуқур ўрганиш, халқаро ва хорижий ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари билан узвий ҳамкорлик қилиш ва тажриба алмашишни йўлга қўйиш, ёшларга оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий ва психологик асосларини ўргатиш, ажрашишларнинг олдини олиш борасида ўз мулоҳазаларини баён этдилар. Шунингдек, оиладаги маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш борасида тизимли тарғибот-ташвиқот ишларини йўлга қўйиш, илмий-маърифий адабиётлар, рисолалар, ўқув-услубий, таҳлилий қўлланмалар тайёрлаш ва тарқатиш, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан самарали фойдаланиш орқали замонавий намунали оиланинг мезонларини ишлаб чиқиш масалаларида креатив фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди.

Қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавобларга бой ўтган анжуманда “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш” Концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан билдирилган таклиф ва тавсиялар умумлаштирилди, истиқболда амалга ошириладиган ишлар белгилаб олинди.

Дилшод КАРИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер