“Оила боғи” барпо этилган манзилларда фарзандлар табиатга меҳрли бўлади

23:01 28 Март 2025 Жамият
257 0

Бухоро вилоятида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Хотин-қизлар экологик фаоллик сари” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Тадбирда 400 нафардан ортиқ қатнашчилар, жумладан илмий жамоатчилик, халқаро ташкилотлар вакиллари, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти раҳбари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси қошидаги “Аёл маърифати” жамоатчилик кенгаши ҳамда “Оқила аёллар” ҳаракати аъзолари, ҳамкор ташкилотлар масъуллари, Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарлари, туман-шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари иштирок этишди.

“Бир миллион яшил оила” умуммиллий ҳаракати доирасидаги мазкур тадбирнинг асосий қисми — Бухоро туманидаги “VARNET” мажмуасида ўтказилиб, унда Ўзбекистон Президентининг “Ҳар бир хонадон, ҳар бир оила, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак!” деган даъватларига монанд муҳим мавзулар муҳокама қилинди.

Хусусан, аҳолининг кундалик ҳаётига экологик тамойилларни сингдириш, яшил ҳудудлар барпо этиш, сувни тежаш, атроф-муҳитни озода сақлаш, табиий борлиқни асрашга оналик ҳисси билан қараш, “Оила боғлари”ни барпо этиш каби ташаббуслар, шунингдек, Тараққиёт стратегиясида республикада яшиллик даражасини 30 фоизга етказишга ҳисса қўшиш, экофаол фуқаролик позициясини шакллантириш, аҳоли орасида соғлом турмуш тарзи, хусусан, соғлом овқатланишни тарғиб қилиш, озиқ-овқат исрофгарчилигининг олдини олиш, сув, газ ва электр энергияси ресурсларидан оқилона фойдаланиш, оила даромадларини ошириш мақсадида қишлоқ хўжалигида илғор инновацион технологияларни яратиш ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш, жисмоний шахсларнинг новаторлик ғояларини аҳолининг томорқа ер участкаларида томорқа ер эгаларини сифатли уруғлар ва кўчатлар билан таъминлаш ҳамда уларга томорқа йўналиши бўйича агрохизматлар кўрсатиш ишларига ҳисса қўшиш, томорқа ер эгалари учун қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш бўйича тавсиялар бериш, қишлоқ хўжалиги, шу жумладан, томорқачиликни такомиллаштириш соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган аёл тадқиқотчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш каби масалалар тадбир муҳокамалари марказида бўлди.

Шунингдек, анжуман доирасида олима ва ихтирочи хотин-қизларнинг илмий ишланмалари, томорқадан даромад топаётган аёлларнинг маҳсулотлари кўргазмаси, гулчилик, кўчат кўпайтириш бўйича ўқув машғулотлари ташкил қилинди.

Ҳамкор ташкилотлар масъулларининг, шунингдек, соҳа олимлари ва мутахассисларнинг, БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) миллий лойиҳа бошқарувчисининг Ўзбекистон Экологик партияси Ижроия Қўмитаси раисининг маърузалари ҳамда ФАОнинг Бухоро вилоятида амалга оширган лойиҳаси бенефициари М. Ҳамроеванинг хонадонда кичик иссиқхоналардан самарали фойдаланиш бўйича тажрибаси юзасидан тақдимотлари, жами турли мавзулардаги 10 дан ортиқ маърузалар тингланди, таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Муҳим тавсиялардан бири — Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан 25 мартдан 25 апрелга қадар оилалар ва маҳаллаларда ва меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида “Яқин қўшнимга, яқин ўртоғимга 5 туп кўчат, 5 туп гул ва китоблар совға қиламан!” долзарб бир ойлик лойиҳаси ўзаро ҳамкорликда ташкил қилинадиган бўлди.

Анжуман доирасида БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси консультанти томонидан дарахт экиш ва унинг қоидалари, экилган дарахтларнинг атроф-муҳитга ижобий таъсири, томорқадан, иссиқхоналардан самарали фойдаланиш тартиблари бўйича маҳорат дарслари ўтилди.

Машғулотларда қонунчиликка кўра, уй шароитида ёки касаначилик асосида дарахт ва бута кўчатларини етиштириш фаолияти ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият ҳисобланиши тарғиб этилди. Бундан ташқари, синов тариқасида ўрмон хўжаликлари ҳудудида кўчат етиштириш, экилган кўчатларни парваришлаш, ўрмонзорлар барпо этиш ишлари аутсорсинг асосида жисмоний ва юридик шахсларни жалб этган ҳолда амалга ошириш, кўчатчиликни ривожлантириш, кам сув талаб қиладиган дарахт навларини кўпайтириш юзасидан маслаҳатлар берилди.

Анжуманнинг амалий қисми Бухоро туманидаги “Истиқбол” маҳалласида 50 туп Бухоро иқлимига мос бўлган ноёб чиннигужум дарахти кўчати ва 300 туп бошқа дарахт турлари кўчати экилди.

Маҳаллада томорқа маҳсулотлари кўргазмаси, сабзавот 1 гектар майдонда “Оила боғи” барпо этиш билан давом этди ва гул савдо-ярмаркаси, фольклор ансамбли чиқиши, мушоиралар, баҳру байт, китобхонлик тарғиботи, “Қизлар сайли”, “Сумалак сайли”, “Асал кўргазмаси” каби бири иккинчисидан қизиқ тадбирлар иштирокчиларда жуда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, Бухоро шаҳридаги 5-мактабгача таълим муассасасида “Мен экологик фаол бўламан” мавзусида маърифий тадбир ўтказилди. Бир пайтнинг ўзида Бухоро давлат техника университетида “Яшил тарбиядан яшил ихтироларгача, яшил тараққиётда аёлларнинг ўрни” мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Бухоро шаҳридаги “Отбозор” маҳалласида Розиқов Қосим, Раҳмонова Хурсанд, Забиев Умид ва Фозилова Лола хонадонларига ташриф уюштирилди. Ушбу хонадонларда оилавий иссиқхоналарда сабзавотлар, помидор, қанд лавлаги етиштирилади. Чорвачилик ва балиқчилик йўлга қўйилган.

Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси З. Маҳкамова таъкидланганидек, оналар боғ барпо этган жойларда, “Оила боғи” қад ростлаган манзилларда фарзандлар ҳам албатта, она табиатга меҳрли бўлади, уларда экологик маданият юксалади, экологик қадриятлар эъзозланади, табиатни асраб-авайлашга интилиш, ташаббускорлик, меҳнатсеварлик кўникмалари шаклланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?