Оила аъзоларим қаттиқ қаршилик қилган – Икки дин вакиллари оила қуриш тарихи

14:25 30 Май 2024 Жамият
123 0

Ўзбекистонни кўп миллатли давлат деб эътироф этамиз. Шундай экан юртимизда турли дин вакиллари ҳам истиқомат қилиши табиий. Савол туғилади, агар икки дин вакили бир-бирига кўнгил қўйса, улар турмуш қуришадими? Бизнинг бугунги қаҳрамонимиз ушбу саволга жавоб беради. Маъсума Панасенко (қизлик фамилияси Мирзаева) 30 ёш, миллати ўзбек, дини эса мусулмон. Ундан фарқли равишда турмуш ўртоғи эса Италия фуқаро, дини христиан.

Дўсти сабабчи бўлган

«Паспортни стол»да ишлайман. Ишимиз сабаб турли давлат фуқаролари билан суҳбатлашишга тўғри келади. Шу вақтларда турмуш ўртоғим дўстига бирон ўзбек қизи билан таништириб қўй, ўзбек халқи ёқди, шу ердан уйланаман деб юрган эканлар. Тасодифми ёки атайми, дўсти мен билан таништирди. Аввал Европа фуқароси эканлиги учун қизиққанман, шунчаки гаплашганман. Аммо… ҳаммаси ўзгариб кетди, муносабатларимиз чуқурлашди. Муносабатлар чуқурлашиши қўрқувимга сабаб бўлди. Чунки оиламдагилар мени хориж фуқаросига узатиш ёки узатмасликларини билмасдим. Умуман олганда бўлажак хўжайиним билан 2 ҳафта давомида 2-3 марта учрашдик, кейин у ватанига учиб кетди. Мен «бўлди, ҳаммаси тугади» деб ўйладим. Аммо Италиядан хабар келиб турди. Телефон ҳам қиларди. 2-3 ойдан сўнг нияти жиддий эканлигини, мен билан оила қурмоқчилигини билдирди.

Эрга тегиш ниятим бўлмаган

Ҳаётимда содир бўлаётганларига тўйим ўтгунча ишонмадим, умуман олганда, унга эрга тегиш ниятим бўлмаган эди. Кейин у ҳақда ойимга айтдим ва яхшигина гап эшитиб олдим. «Йиғиштир, сен жиннимисан? Кимга эрга тегмоқчисан?» дейишган. Уйда катта тўполон бўлгани эсимда. Ўшанда биринчи марта «бу бўлмайдиган иш экан, бўлди, деб муносабатларимизга нуқта қўймоқчи бўлганман. Ўзимизча хайрлашгандик ҳам. Бироқ бари-бир 2-3 ойлик муносабатга бир оғиз сўз билан нуқта қўйиб бўлмас экан, дўст бўлиб қолиш ниятида суҳбатларимизни давом эттирдик. Менда ишончсизлик бориди, арзимаган нарсага «бўлди, сиз билан гаплашишни истамайман» деб алоқани уздим. Бизнинг муносабатларимиздан қариндошларимиз ҳам хабар топган эди. Орада 1 ой ўтганда холам ойимни «кўндирганларини» айтиб қолдилар. Яна ичимда умид пайдо бўлди.

Танаффусни узоқ қилишни истамадим, маълум вақтдан сўнг унга ёздим ва яна муносабат тикланди. Ойиси Ўзбекистонда экани, манзиллари, рақамларини билдириб, уларни бориб кўришимни айтди. Ўзбекчилик, у қанча илтимос қилмасин бормадим, боролмадим. У роса илтимос қилган эди.

Бошқа бировга турмушга беришмоқчи бўлишди

Шундай қилиб, 2021 йил охирида хўжайиним Ўзбекистонга келадиган бўлди. У мендан ўзига ён босиб туришимни сўради. Мен ўз тасаввуримча рози бўлдим. Лекин унинг учиб келишидан 10 кун олдин уйимизда катта жанжал бўлди. Куёвликка 2 та номзод топилган ва мен улардан бирига турмушга чиқишим керак эди.

Ўшанда оила аъзоларимдан шунақа гаплар эшитганманки, менинг кўнглим қаттиқ оғриган, ойимнинг тоблари қочиб қолган. Шу сабаб унга йиғлаб хабар ёзганман: «Чиптангни қайтар, мени ойим ҳеч қачон рози бўлмайди. У рози бўлмас экан мен ҳам рози бўла олмайман».

Барчаси шов-шув бўлди

Менинг бу гапларимга у ҳеч қандай ортиқча реакция билдирмаган. Лекин Янги йилдан 3 кун олдин мени қидириб ишхонамга келган. Қўлида гул, ширинликлар. Мен янги иш жойим манзилини қаердан топганига ҳайрон бўлганман.

Бу воқеа ишхонамизда худди кинолардагидек шов-шув бўлган. Фалончининг севгани бор экан, йигити Италиядан келибди. Италияга турмушга чиқаркан, дейишган.

Унинг ўшандаги ташрифи менинг фикрларимни бутунлай ўзгартириб юборганди. Унга нисбатан ишончим ортган, қалбимда янада илиқлик пайдо бўлган. Туйғуларим тиниқлашган, бир қарорга келган бўлсамда, бу мавзуда ойим билан гаплаша олмаганман, уни холам билан учраштирганман.

Тўйимизга асосий сабабчи холам бўлганлар, 3 йил давомида доим мени қўллаб-қувватлаганлар. Вазият юмшаб, холамнинг саъй-ҳаракатлари билан охири ойим ҳам тўйга рози бўлганлар.

Ҳозир эса ҳаммаси бошқача. Оила аъзоларим хурсанд. Қайнонам қизидек, ҳатто дугонасидек кўради. Баъзида шу охирги 3 йилда ўзимга катта имтиҳондан ўтгандек туюламан.

ШАҲНОЗА ТЎРАМУРОДОВА,

журналист

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?