Оҳангарон туманида янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди

17:55 05 Сентябр 2022 Жамият
796 0

Фото: Оҳангарон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Бугун Оҳангарон тумани «Четсув» МФЙ аҳолиси учун катта шодиёна. Гап шундаки, Мустақиллигимизнинг 31 йиллиги ва янги ўқув йилининг бошланишига ушбу маҳаллада янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди.

Ички ишлар вазирлиги ҳомийлиги асосида барпо этилган муҳташам иншоотнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Эркин Салихов, Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Яҳё Абдулҳақов, Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи генерал-майор Тоҳир Арипов, туман ҳокими Абдурасул Абдуллаев иштирок этди. 

Оҳангарон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан маълум қилинишича, туман ХТБ тасарруфидаги 21-сонли умумий ўрта таълим мактабида 469 нафар ўқувчи таҳсил олиб келган. Мазкур мактабнинг Оқтош қишлоғида жойлашган филиали 6 та синфхонадан иборат бўлган ва 186 нафар ўқувчи бошланғич синфларда таҳсил олган. 10-11-синф ўқувчилари эса 21-сонли ўрта таълим мактабига қарийб 8 километр масофани пиёда босиб ўтиб, қатнаб ўқишган. Ёғингарчилик дамларида эса ўқувчилар мактабга қатнашга қийналишар эди.

Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан мактаб филиалига қўшимча равишда, жами 10 та хона, жумладан, 6 та синфхона ҳамда ўқитувчилар ва кутубхона учун 4 та хонадан ибрат бўлган бир қаватли, майдони 405 м2 бўлган янги ўқув биноси қуриб битказилди. Қуриб битказилган мактаб биносида Информатика ва ахборот технологиялари, физика ва математика, йўл ҳаракати қоидаларини ўрганиш, тарих ва ўқувчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, кимё ва биология, рус ва инглиз тиллари фанларини ўқитишга мослаштирилган синфхоналар кўргазмали материаллар билан жиҳозланди. Хусусан, синфхоналар 12 дона доска, 78 дона парта 156 та стул билан жиҳозланди, информатика ва ахборот технологиялари хонасига 13 та компьютер жамланмаси ўрнатилди. Мактаб кутубхонаси 500 дан ортиқ адабиётлар жамланмаси билан тўлдирилди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Мактаб филиалининг эски биноси ҳам капитал таъмирдан чиқарилди. Энг асосийси, иккала бино ҳам замонавий усулда, яъни пол орқали иситиш тизимига мослаштирилди. Мактаб атрофи тўлиқ ободонлаштирилиб, ҳудуди девор билан ўралган. Тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиб, электр таъминотидаги вақтинча узилишлар даврида фойдаланиш учун «движок» ўрнатилди.

Ушбу мактаб филиалида таълим олувчи ўқувчилар сонидан келиб чиқиб, унга умумий ўрта таълим мактаби мақоми ҳамда алоҳида 54 рақами берилди. Яъни, тумандаги мактаблар сони 54 тага етди. Янги мактабда 27 штат бирлигидан иборат ўқитувчилар жамоаси шакллантирилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг қамрови, мамлакатимизнинг олис бурчакларигача истиқлол шабадалари етиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаб, Оқтош кўчасида яшовчи аҳолини, мактаб ўқувчиларини ушбу муқаддас даргоҳ билан муборакбод этди. Мактаб биноси очилиши маросимида ИИВ қошидаги оркестр ҳамда санъаткорлар томонидан маҳалла аҳли учун концерт дастури намойиш этилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?