«Очиқ эшиклар куни»да эшиклар очилдими?

22:33 03 Декабрь 2020 Жамият
1704 0

Жорий йилнинг 3 декабрь куни Давлат божхона қўмитасида 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунига бағишланган Антикоррупцион ҳафталик доирасида «Очиқ эшиклар куни» тадбири ўтказилди.

Тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси М. Азимов ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги раҳбари Акмал Бурҳонов сўзга чиқиб, охирги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилаётгани, аммо бу борада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар ҳам кўплигини, ушбу иллатнинг олдини олишда, аввало, давлат идораларининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш муҳим эканлигини таъкидлади.

Анжуман доирасида божхона органларида коррупцияга қарши кураш ва божхона маъмуриятчилигининг самарадорлигини янада ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан кўргазмали тақдимот бўлиб ўтди.

«Очиқ эшиклар куни» доирасида, шунингдек, Давлат божхона қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўртасида «Коррупцияга қарши курашишда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида» меморандум имзоланди.

Келгусида тизимда коррупция ва бошқа салбий иллатларни бартараф этиш борасида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан узвий ҳамкорликда аниқ мақсадга йўналтирилган комплекс чора-тадбирлар янада кучайтирилади.

Шунингдек, божхона органларида «комплаенс-назорат» тизимини қўллашда хорижий давлатларнинг илғор тажрибасидан кенг фойдаланиш, тизимда коррупцияни келтириб чиқариш хатарлари мавжуд бўлган соҳаларни аниқлашга қаратилган ижтимоий сўровлар ўтказишга ҳам эътибор қаратилади.

Хавф даражаси паст бўлган товарларнинг божхона расмийлаштируви жараёнларини босқичма-босқич инсон омилини аралаштирмаган ҳолда автоматик расмийлаштиришни жорий этиш олдиндаги муҳим режалардан бири эканлигини қайд этилди.

Тадбир доирасида иштирокчилар Давлат божхона қўмитасининг «Божхона тарихи» музейи фаолияти билан ҳам танишди.

Дилруҳ ИСОМИДДИНОВА

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?