ОАВ вакиллари учун “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғига медиа-тур ташкил этилди
Фото: "Халқ сўзи"
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, вилоят Туризм бошқармаси ҳамкорлигида “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғига ОАВ вакиллари учун медиа-тур ташкил этилди.
“Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи Ҳисор тоғ тизмалари бағрида “Узун” давлат ўрмон хўжалигининг 27 минг 851 гектар майдонида ташкил этилган. Муҳофаза этиладиган боғда “Қизил китоб”га киритилган ноёб жониворлар, қушлар, дарёларида қизил фарель балиқлар, турли дов-дарахт ва шифобахш ўсимликлар, ранг-баранг гуллар қўриқланиб, кўпайтирилмоқда.
Хусусан, ҳайвонот ва наботот оламига бой боғ ҳудудида қўнғир айиқ, қор қоплони, силовсин, бўри, тулки, сибир тоғ эчкиси, тўнғиз, жайра ва бошқа тур жониворларни учратиш мумкин.
Дастлаб, медиа-тур иштирокчилари тоғлар орасида жойлашган “Тўпаланг” сув омбори билан танишди.
Ушбу ҳавзага сув тоғлардаги қор ва муз эришидан йиғилади. Текширувларга кўра, ундаги сувнинг қаттиқлик даражаси тўрт фоиз бўлиб, у фойдали минералларга ўта бойдир.
“Тўпаланг” сув омборини қуриш ишлари 1960 йиллар охирида бошланган бўлиб, қарийб 20 йил давом этган. Сув омборининг сиғими 380 млн. куб метрдан бугунги кунда 500 млн. куб метрга етказилган. Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 мартдаги қарори билан сув омбори “Ўзбекгидроэнерго” таркибига ўтказилган.
Илгари вилоят аҳолисининг 46 фоизи марказлашган ичимлик суви билан таъминланмаган эди. Бундан ташқари, 218 та сув иншооти ва 3 минг километрдан зиёд тармоқлар таъмирга муҳтож бўлган. Вилоятнинг жанубий туманлари ва Термиз шаҳрида сув минерализацияси миқдори ошган.
Шу боис давлатимиз раҳбари 2021 йил 2 июнь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида “Тўпаланг” сув омборидан ичимлик суви тармоғи тортиш бўйича кўрсатма берган эди. Шунга мувофиқ, лойиҳа ишлаб чиқилди.
Бугунги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи амалга оширилди — сув вилоятнинг Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларига етиб борган. Вилоят аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси эса 70 фоизга етган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етказилади. Бундан Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги икки миллионга яқин аҳоли бемалол фойдаланади.
ОАВ вакилларининг навбатдаги манзили — “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи остонасида жойлашган “Кундаи жувоз” қишлоғи бўлди. Журналист ва блогерлар қишлоқда ташкил қилинган меҳмон уйлари, туризмни ривожлантириш ва сайёҳларни жалб қилиш бўйича қилинаётган ишлар билан яқиндан танишди. Тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган манзиллар — “Усточи беоб”, “Мизот”, “Занбек”, “Зинчоб”, “Киштут”, “Тамархуд”, “Зевар” каби ҳудудлардаги ажойиб манзаралар ҳақаида атрофлича маълумотларга эга бўлишди.
— Ҳисор тоғ тизмасининг Жануби-Ғарбий қисмида 2022 йилда ташкил этилган “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғида тоғ-ўрмон экотизими, ноёб ҳайвон ва ўсимлик турлари муҳофаза қилинади, — деди миллий табиат боғи директори Нуриддин Сатторов. — Умумий майдони 27581 гектар бўлиб, тоғ-ўрмонлари эгаллаган 7294,0 гектарни ва денгиз сатҳидан 1000-3800 метргача бўлган баландликдаги ҳудудни ҳам ўз ичига олади. Энг юқори нуқтаси — Сагдор сойи денгиз сатҳидан 3800 метр баландликда жойлашган. Энг йирик сойлар — Зеварсой, Дилисой, Обиферузасой, Тамархудсой, Бордонсой, Хўжасиддиқсой ва бошқалар. Машҳур сойларимиздан Зеварсой энг серсув, Хўжасиддиқсой эса бир неча 100 йиллик тарихга эга жой ҳисобланади.
Боғнинг тоғ минтақасида арчазорлар катта майдонни эгаллайди. У ерда зарафшон арчаси асосий тур ҳисобланади. Бундан ташқари, аччиқ бодом, тоғ олча, зирк, ирғай, учқат, шумдарахт, четан, жийда, ёнғоқ, олма, дўлана, шафтоли, тол, терак, наъматакнинг бир нечта тури каби дарахтлар ва буталар кенг баргли ўрмонларни ташкил қилади. Ушбу ҳудудда 667 турдан ортиқ ўсимликни учратишингиз мумкин. Улардан 30 дан ортиқ ўсимлик тури камёб ва муҳофазага муҳтож бўлиб, “Қизил китоб”га киритилган. Лоланинг 6 тури ҳам айнан шу ерда ўсади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг