ОАВ Исроил Эронга ҳужум қилгани ҳақида хабарлар тарқатди. Эрон буни рад этмоқда
Архив сурат
Шу йилнинг 19 апрелга ўтар кечаси Исроил армияси Эронга учувчисиз учиш аппаратлари билан ҳужум уюштирди. Бу ҳақда CNN АҚШдаги манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Исфаҳон шаҳри яқинидаги йирик ҳарбий ҳаво базаси яқинида учта портлаш овози эшитилгач, Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ишга тушган. Эроннинг FARS агентлигига кўра, у ерда қирувчи самолётлар бор. Табриз осмонида ҳам портлашлар содир бўлди.
Эрон Миллий киберкоинот маркази вакилининг айтишича, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари учта учувчисиз самолётни тутиб олган ва ракета ҳужуми ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ. Бироқ Эрон зарба манбасини маълум қилмаган.
Эрон давлат матбуоти мамлакатнинг ядровий инфратузилмаси зарар кўрмагани ва ҳужум кўлами аҳамиятсиз эканини даъво қилмоқда. Ўз навбатида, Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) ҳам ядровий иншоотларга ҳеч қандай зарар етказилмагани ҳақида хабар берди.
Эроннинг юқори мартабали расмийси «Reuter» агентлигига берган интервьюсида Исроил ҳужумини рад этди.
«Ҳодисанинг хориждаги манбаси тасдиқланмади. Ҳеч қандай ташқи ҳужум бўлмаган ва суҳбат ҳужумдан кўра кўпроқ инфильтрация ҳақида кетмоқда», — деди у.
FlightRadar24 маълумотларига кўра, гумон қилинган ҳужумдан сўнг Эрон Теҳрон, Шероз ва Исфаҳондаги аэропортларини бир неча соатга ёпди ва ҳаво ҳудудининг ғарбий қисмидан парвозларни тақиқлади.
14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга ҳужум қилди. Бу 1 апрель куни Дамашқдаги Эрон консуллигига қарашли бинога ракета ҳужумига жавоб тариқасида амалга оширилди. Исроил томон 170 га яқин дрон ва 150 қанотли ва баллистик ракеталар учирилди. Уларнинг деярли барчаси Исроил, АҚШ ва Иордания ҳарбийлари томонидан ушланган. Исроил расмий маълумотларига кўра, ҳужум мамлакат жанубидаги Неватим ҳарбий базасига озгина зарар етказган. Исроил армиясининг таъкидлашича, бу эронликларнинг асосий мақсади эди.
16 апрель куни Исроилнинг жавоб ҳужуми кутилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
«The Washington Post» газетасининг ёзишича, Исроил Эронга фақат «сигнал бериш» ниятида, оммавий зарба бермоқчи эмас.
Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳийнинг айтишича, Исроилнинг жавоб зарбаси можаронинг кучайишига олиб келиши мумкин.
«Агар Исроил режими яна тажовузкорлик кўрсатиб, Эрон манфаатларига қарши чора кўрса, бизнинг тарафимиздан кейинги жавоб дарҳол ва максимал даражада бўлади», — дейди у.
CNN маълумотларига кўра, Исроил режалаштирилган зарба ҳақида АҚШ расмийларини хабардор қилган, бироқ улар буни қўллаб-қувватламаган. Айтилишича, АҚШ президенти Жо Байден Исроилни вазминликка чақирган ва АҚШ Эронга қарши ҳеч қандай ҳужумкор амалиётлар ўтказмаслигини айтган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг