О, ота маконим, онажон ўлкам...

Фото: Архив сурат
26 апрель — Муҳаммад Юсуф туғилган кун
Бугун Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топганига 69 йил тўлди.
Таъкидлаш жоизки, шоир шеърлари еттидан етмишгача бўлган шеърхонлар, адабиёт муҳиблари тилидан тушмай, дилларида акс-садо бермоқда, уларнинг маънавий мулкига айланиб руҳ ва кўнглини шеърият сеҳридан баҳраманд этмоқда.
Бу ўлмас сўз санъаткорининг битикларида Ватанга, халққа, онага, ёрга, япроқдан хасгача — ҳар бир нарсага муҳаббат яққол сезилиб туради.
Аминмизки, бу муҳаббат ашъорлар орқали ҳали кўп йиллар давомида ўқувчилар қалбида яшайди.
ИҚРОР
О, ота маконим,
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам.
Римни алишмасман бедапоянгга.
Бир гўша сув бўлса, бир гўша қирлар,
Қанча юртни кўрдим, қанча тақдирлар.
Қайга борсам суяб, бошни тик тут деб,
Тоғларинг ортимдан эргашиб юрар.
Кўрдим сулувларнинг энг фарангларин,
Ё худбинман мен ё бир содда касман мен —
Парижнинг энг гўзал ресторанларин,
Битта тандирингга алишмасман мен.
На гапга кўнайин,
На тил билайин,
Кўздан уйқу қочди, дилдан ҳаловат —
Уч кунда соғинсам нима қилайин,
Чала қолар бўлди ҳамма саёҳат.
Билдимки, баридан улуғим ўзинг,
Билдимки, яқини шу тупроқ менга.
Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг,
Араб оҳусидан азизроқ менга.
Сен билан ўтган ҳар кун байрам — базм,
Сенсиз бир он қолсам ваҳмим келади.
Сени билганларга қиламан таъзим,
Сени билмасларга раҳмим келади.
* * *
Маъюс куним кўзим тушса,
Куяр осмон, тушунмайсан.
Мени само тушунгайдир,
Сен, эй инсон, тушунмайсан..
Куйиб кўксим ўтар бўлсам,
Оқар бўлсам, кетар бўлсам,
Мени дарё тушунгайдир,
Сен, эй уммон, тушунмайсан.
Мен ҳам шайдо, мен ҳам мафтун,
Мен ҳам ҳеч кими йўқ Мажнун,
Мени лайло тушунгайдир,
Сен, эй жонон, тушунмайсан.
Менинг йўлим узун армон,
Ўзим довон, ўзим карвон,
Мени саҳро тушунгайдир,
Сен, эй сарбон, тушунмайсан.
Менинг борим эрур кўнглим,
Менинг ёрим эрур кўнглим,
Маъюс танҳо тушунгайдир,
Сен, эй хандон, тушунмайсан…
Маъюс куним кўзим тушса,
Куяр осмон, тушунмайсан.
Мени Оллоҳ тушунгайдир,
Сен, эй хоқон, тушунмайсан.
Кўнглим гул, кўзларим гулдир,
Юзим гул, қўлларим гулдир.
Мени сабо тушунгайдир,
Сен, эй тўзон, тушунмайсан…
Ғуборимдир бўйи райҳон,
Миноримдир тилим бийрон.
Мени дунё тушунгайдир,
Сен, эй нодон, тушунмайсан.
СEВГИ БУ...
Севмоқ бу —
Кечирмоқ дегани асли,
Токи бу дунёда қуёш бор, гул бор.
Ялпизлар гуллаган шу баҳор фасли,
Содиқ ҳамдам бўлгин сен менга, дилбар.
Ғийбатлар тингладим, айланди бошим,
Ҳўл тупроқ куйдирди товонларимни,
Ва мана мен уйда кўнглимни юлқиб
Кўмдим беор дўстдек гумонларимни.
Ўйлар суравердим кечалар танҳо,
Гоҳо, жиққа ёшга тўлганда кўзим.
Ва сени севмоқдан олдин бир куни
Дилдан севиб қолдим ўзимни ўзим…
Севмоқ бу — ўзингни англамоқ асли,
Токи замин аро қуёш бор, гул бор.
Райҳонга кўмилган шу баҳор фасли,
Садоқатли ёр бўл сен менга, дилбар.
Севгилим, мен сени севаман, тамом,
Ғамгин кўзинг, ҳадик тўла кўзингни.
Севмоқ бу — кунда бир кўрмоқ бахтидир
Озғин қўлларингни, сепкил юзингни…
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг