«Нурли маскан»да ўқувчиларнинг билими синовдан ўтказилди

18:35 28 Март 2025 Жамият
171 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШEВ/«Халқ сўзи». Самарқанд шаҳридаги 59-кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган «Нурли маскан» мактаб-интернатида асосий фан олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда олимпиаданинг ҳудудий босқичида ғолибликни қўлга киритган 145 нафар 11-синф ўқувчилари математика, она тили ва адабиёт, рус тили ва адабиёти ҳамда тарих фанларидан беллашди.

— Ўтган йил август ойидан барча ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимига ўтказилди, — дейди агентликнинг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Сардор Луқмонов. — «Нурли маскан» мактаб-интернатлари ўқувчилари ўртасида асосий фан олимпиадасининг республика босқичи очиқ, адолатли ва шаффоф ўтказилишини таъминлаш мақсадида аудиторияларда ва ҳакамлар ҳайъати учун ажратилган хоналарда видеокузатув мосламалари ўрнатилди. Жараённи ота-оналар ҳам тўғридан-тўғри кузатиб боришди.

Математика фанидан биринчи ўринни сурхондарёлик Зиёдулла Эралиев, иккинчи ўринни наманганлик Жамолхон Эргашев, учинчи ўринни Қорақалпоғистон Республикасидан Шомурод Кешнимжаев эгаллади.

Она тили ва адабиёт фани бўйича ғолиблик самарқандлик Назокатхон Бутунбоевага насиб этган бўлса, кейинги ўринлар хоразмлик Толибжон Тўрахонов ва бухоролик Машҳура Эгамовага насиб этди.

Рус тили ва адабиёти фанидан Сирдарё вилоятидан Ирода Кушаева ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ва учинчи ўринларга қорақалпоғистонлик ўқувчилар Фарида Раманова, Султонбек Турамбетов сазовор бўлди.

Тарих фанидан бухоролик ўқувчи Элшод Исматов энг яхши натижани қайд этган бўлса, самарқандлик Наврўзбек Қўйлиев ва қашқадарёлик Холбек Ўлжаев совринли ўринларни эгаллади.

Асосий фан олимпиадасининг республика босқичида 1-, 2-, 3-ўринларни эгаллаган ўқувчиларга ихтисослик фани бўйича давлат олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида максимал балл олиш ҳуқуқини берувчи ва уч йил муддат давомида амал қилувчи сертификатлар, пул мукофотлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?