Нурафшон келажак сари эзгу интилишлар
Наинки инсоният, балки жамики мавжудот нурсиз, зиёсиз яшолмайди. Қалбдаги ёруғлик, оламдаги чароғонлик барча эзгуликнинг, бунёдкорликларнинг асосидир. Шу маънода, шаҳару қишлоқларимизнинг нурафшон бўлиши, хонадонларимиздан доим зиё таралиб туриши мамлакатимиздаги фаровонликдан, тинчлик-осудалик ва фароғатдан нишона.
Яқинда пойтахтимизда Президентимиз иштирокида янги энергетика қувватлари ишга туширилишига ва қатор объектлар қурилиши бошланганига бағишланган тантанали маросимда қатнашар эканман, кўнглимда ана шундай ёруғ ўйлар, туйғулар жўш урди. Мамлакатимиз ҳаётидаги чинакам тарихий воқеанинг гувоҳи бўлганимдан ҳаяжонга тушдим. Ишончим комилки, бу жараёнлар Янги Ўзбекистон йилномаларига олтин ҳарфлар билан ёзилади.
Мазкур воқелик нафақат мени, балки ушбу ажойиб тадбир иштирокчиларини, шунингдек, маросимни ҳудудлардан ёки телевизор экранлари орқали кузатганларни ҳам ҳайратга солди — 18 та объектнинг фойдаланишга топширилиши ва яна олтита лойиҳа доирасида қурилишнинг бошланиши! “Ҳеч шубҳасиз, кўз ўнгимизда фахрланишга арзигулик воқеалар содир бўлмоқда!”, “Бу лойиҳалар келгусида иқтисодиётнинг чинакам таянчи бўлади!”, “Иқтисодиёти барқарор мамлакатнинг аҳолиси ҳам фаровон яшайди!”. Юзлаб хорижлик меҳмонлар, соҳа экспертлари ва мутахассислари юз-кўзидаги ана шу маъно, ҳайрат ва ҳавас, самимий эътирофлар мамлакатимиз узоқни кўзлаб танлаган йўлнинг нақадар тўғрилигини, барча белгиланган мақсадларга муқаррар эришажагимизни яна бир бор тасдиқлади.
Муаммоларни ҳал этишнинг аниқ режаси
Олий лавозимдаги фаолиятининг илк кунлариданоқ Президент Шавкат Мирзиёев энергетик мустақилликка эришмасдан туриб, мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш имконсиз эканини таъкидлаган эди.
Мазкур фикрнинг долзарблигини тушуниш учун ўша йиллардаги вазиятни эслаш керак. Ўша пайтда республикадаги умумий энергетик қувватлар тахминан 12,9 гигаваттни ташкил этарди. Шу билан бирга, иссиқлик электр станцияларининг аксарият энергоблоклари эскирган бўлиб, уларнинг фойдали иш коэффициенти паст ва ёқилғи сарфи юқори эди. Қуёш энергиясининг улкан салоҳияти мавжуд бўлишига қарамай республикада саноат миқёсидаги қуёш фотоэлектр станциялари ва шамол электр станциялари мавжуд эмасди.
2012 йилдан 2019 йилгача даврда электр энергияси ишлаб чиқариш йиллик ўртача 2,6 фоизга ошганига қарамай, бу мавжуд талабни қондира олмади ва эҳтиёжнинг тахминан 9,4 фоизи қопланмай қолди. Шу билан бирга, 2030 йилгача бўлган даврда иқтисодиёт ва аҳолининг электр энергия истеъмоли йиллик олти-етти фоиз даражасида ўсиши прогноз қилинган эди. Ушбу талабларга жавоб бериш учун 2030 йилга бориб 120,8 млрд. киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиши талаб этиларди, яъни 2018 йилда ишлаб чиқарилган миқдордан 1,9 баравар кўпроқ.
Яна бир муҳим жиҳат шундаки, давлат раҳбари 2018 йилдаги йиғилишларнинг бирида таъкидлаганидек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиянинг деярли 85 фоизи иссиқлик электр станциялари улушига тўғри келарди. Бу жараён учун 16,5 млрд. кубометр табиий газ ва 2,3 млн. тонна кўмир сарфланмоқда эди. Аммо бу каби ёндашув захираларнинг тугашига олиб келиши муқаррар эди. Президент айтганидек, бу келажак авлодлар олдида кечириб бўлмас хато ва жиноятдир.
Буни чуқур англаган давлат раҳбари аниқ мақсадни белгилади — қайта тикланувчи энергия манбаларига эътибор қаратган ҳолда генерация қувватларини жадаллик билан ошириш, энергия таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш ва такомиллаштириш, энергия самарадорлигини юксалтириш! Президент соҳанинг трансформацияси бўйича қатор ташаббусларни илгари суриб, уларни амалга ошириш йўлидаги изчил қадамларни белгилаб берди.
Аҳамиятлиси, “яшил” энергетика экологияни бузмайди. Чиқинди ҳосил қилмайди, атрофни ифлослантирмайди. Манбалари қайта тикланади. Энг муҳими, табиат гўзаллигига зиён етказмайди, мусаффо ҳавони булғамайди.
Аслида она табиатга меҳр-муҳаббат халқимиз тийнатида бор, қонимизга сингиб кетган. Аждодларимиз борлиқни асраб-авайлашни қадрият даражасига кўтарган. Асарларида тараннум этган. Буюк шоир ва мутафаккир бобомиз тоғларни ўйиб, адирга сув чиқарган, водийга обиҳаёт бахш этган Фарҳод тимсолида комил инсон ғоясини илгари сурган.
Атоқли шоир Ҳамид Олимжон:
Водийларни яёв кезганда,
Бир ажиб ҳис бор эди манда.
Чаппар уриб гуллаган боғин,
Ўпар эдим Ватан тупроғин,
деб ёзаркан, табиатдаги софлик, беғуборлик, поклик, ободликни алқаган. Меҳрини, муҳаббатини изҳор этган.
Бугун аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттирган ҳолда табиатга, мулки борлиққа эътибор ва ғамхўрлик янги Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президентимиз томонидан 2025 йилнинг “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йили” деб эълон қилингани, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзор ҳудудларни кенгайтириш, биохилмахилликни асрашга урғу берилаётгани бу борадаги ишлар нақадар кенг кўлам касб этганидан далолат.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва қабул қилинган 2020 — 2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси айнан “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш мақсадига ҳамоҳанглиги билан диққатни тортади. Ушбу концепция энергетик мустақилликни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосларини белгилаб берди. Соҳанинг ҳуқуқий базасини такомиллаштиришдан тортиб, иқтисодиёт ва аҳолининг электр энергиясига ортиб бораётган талабини қондиришга қаратилган аниқ чораларгача бўлган масалаларни ўз ичига олди.
Ушбу муҳим ҳужжатда, хусусан, электр энергияси ишлаб чиқаришни 63,6 млрд. киловатт-соатдан 120,8 млрд. киловатт-соатга ошириш вазифасининг ечими белгиланди. Шунингдек, электр энергияси ишлаб чиқаришнинг деярли икки баробар оширилиши билан бу мақсадлар учун ишлатиладиган табиий газни 16,5 млрд. кубометрдан 12,1 млрд. кубометрга қисқартириш, электр энергиясини узатиш ҳамда тақсимлаш жараёнидаги йўқотишларни сезиларли даражада камайтириш назарда тутилган.
Концепцияда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилди. Хусусан, гидроэнергетика соҳасида 62 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда, улардан 35 таси янги ГЭС қурилиши ва 27 таси мавжуд ГЭСни модернизация қилишни назарда тутади. Бу эса 2030 йилга бориб гидроэлектростанцияларнинг умумий қувватини 3785 МВт га етказиш ва сув ҳисобига ишлаб чиқариладиган электр энергияси ҳажмини 13,1 млрд. киловатт-соатга кўпайтириш имконини беради. Бошқача айтганда, ўсиш 2019 йилдагига нисбатан 2,2 баробар кўпдир.
Алоҳида эътибор қуёш ва шамол энергияси асосидаги генерацияни ривожлантиришга қаратилди. 2020 — 2030 йиллар оралиғида ҳар йили жорий этиладиган қайта тикланувчи энергия манбалари қувватларининг маълум мақсадли параметрлари бўйича 3 гигаватт шамол ва 5 гигаватт қуёш электр станциялари барпо этилиши назарда тутилган.
Агар шамол энергетикасида асосий йўналиш 100 — 500 МВт қувватга эга йирик шамол паркларини яратиш деб белгиланган бўлса, қуёш фотоэлектр станцияларини турли қувватларда қуриш режалаштирилган. Йириклари 100 — 500 МВт бўлиб, улар саноат миқёсида энергия сақлаш тизимлари билан босқичма-босқич жиҳозланади. Ўрта қувватга эга бўлганлари 20 МВтгача бўлиб, саноат корхоналари ва индустриал паркларда ўз эҳтиёжлари учун электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Кичик қувватли қуёш фотоэлектр станциялари эса мамлакатнинг олис ва етиб бориш қийин аҳоли яшаш пунктларида, шунингдек, айрим объектлар, бинолар ва тураржойлар ҳудудида барпо этилади.
Белгиланган концепция амалга оширилиши Ўзбекистон энергетик хавфсизлигини таъминлашга имкон яратади, чунки 2030 йилга бориб мамлакатда энергия истеъмоли деярли икки баробар ошиши прогноз қилинмоқда.
Ислоҳотларга ишонч ифодаси
Бугунги кунда кўплаб мамлакатларда саноат корхоналари, ижтимоий соҳа объектлари, тураржой биноларини энергия ресурслари билан таъминлашдаги муаммолар, айни пайтда электр энергияси нархининг тез суръатлар билан ошиб бораётгани ҳақидаги маълумотлар билан танишар эканмиз, кейинги йилларда Президентимизнинг соҳага доир қарорлари ўз вақтида қабул қилинганини муносиб баҳолашимиз керак. Аммо бу қарорлар ҳақиқий ҳаракатга айланиши учун жуда катта куч сарфлашга тўғри келди.
Кўзланган мақсадга эришиш йўлида биз дуч келган ва енгиб ўтишимиз керак бўлган энг муҳим қийинчиликлардан бири янги энергетика объектларини қуриш ва фаолият кўрсатаётганларини модернизациялашни молиялаштириш ҳисобланади. Режалаштирилган ва амалга оширилиши керак бўлган ишлар кўламини ҳисобга олсак, мамлакатнинг ўз маблағлари етарли эмас. Демак, белгиланган мақсадларга эришиш учун ташқи қарзлар ва хорижий инвесторларни жалб этиш ниҳоятда муҳим.
Бу борада, айниқса, олий даражадаги хорижий ташрифлар, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, ишбилармон доиралар вакиллари, турли мамлакатлар инвесторлари, компаниялар раҳбарлари билан бўлган учрашувларда Ўзбекистон иқтисодиётига, жумладан, унинг етакчи секторларидан бири — энергетика соҳасига сармоя киритишга доимий чақириб келаётган Президентимизнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш лозим.
Мамлакатимизда янги энергетика қувватларини ишга тушириш ва қатор объектлар қурилиши бошланишига бағишланган тантанали маросимда хорижлик иштирокчилар сонига қараб ҳам хулоса қилиш мумкинки, чет эл сармоядорлари шериклик муносабатларини ўрнатиш, Ўзбекистон энергетикасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни молиялаш ҳамда бевосита иштирок этиши борасида қарор қабул қилишлари учун давлатимиз раҳбари керакли сўзларни топа олган.
Ўзбекистонда “яшил” энергетикани тараққий эттириш бўйича Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия, Хитой ва Германия каби давлатлар компаниялари томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалар сўзимиз исботи. Президентимиз таъбири билан айтганда, уларнинг барчаси тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар эканини ҳисобга оладиган бўлсак, бу бизга ва олиб борилаётган ислоҳотларимизга бўлган ишончнинг яққол ифодасидир.
“Masdar” компаниясининг расмий сайтида таъкидланишича, очилиш маросими инвестиция ва мамлакатимизда қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантиришни ўз ичига олган БАА ва Ўзбекистон ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликдан далолат беради. Қолаверса, бугунги кунда “Masdar” компанияси томонидан қурилган Марказий Осиёдаги энг йирик, қуввати 500 МВтли “Зарафшон” шамол электростанцияси Ўзбекистоннинг 2030 йилгача 20 ГВт тоза энергия қувватини яратиш бўйича олдига қўйган улкан режасининг бир қисмидир. Қайд этилишича,“Masdar” компанияси Ўзбекистонда умумий қуввати икки гигаваттдан ортиқ бўлган тоза энергия лойиҳаларига 2 млрд. доллар сармоя киритиш мажбуриятини олган ва умумий қуввати 4 ГВт бўлган қайта тикланадиган энергия лойиҳаларини ишлаб чиқишнинг дастлабки босқичида турибди. Шундай қилиб компания нафақат Ўзбекистондаги, балки бутун минтақадаги энг йирик қуёш ва шамол электр станцияларини, шунингдек, энергия сақлаш қурилмаларини бунёд этиш бўйича биринчи лойиҳани амалга ошириш устида ишламоқда.
Шунингдек, сайтда Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл Муҳаммад Ал-Мазруийнинг сўзлари келтирилган:
— БАА ва Ўзбекистон барқарор ривожланиш ҳамда қайта тикланадиган энергия манбалари бўйича умумий қарашларга эга, “Зарафшон” шамол электр станцияси эса Ўзбекистонда тоза, эмиссиясиз энергияни ривожлантириш борасидаги ҳамкорлигимиз мустаҳкамлигидан далолат беради. Энергетика соҳасида янги қувватларни ишга тушириш ва навбатдаги лойиҳалар қурилишига старт бериш орқали Ўзбекистон иқлим етакчилигини намойиш этди. Биз барқарор фаровонликнинг янги даврига ўтиш йўлида кўп йиллик ҳамкорликка умид қиламиз.
Ўзбекистоннинг “яшил” энергетика соҳасидаги яна бир стратегик шериги Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси ҳисобланади. Президент Шавкат Мирзиёев Саудия — Ўзбекистон Ишбилармонлар кенгаши раиси, “ACWA Power” компанияси раиси Муҳаммад Абунайян билан учрашувда бугунги кунга қадар биргаликда умумий қиймати қарийб 3 млрд. долларлик 4 та лойиҳа муваффақиятли амалга оширилганини, ўзаро ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этди. Энергетика лойиҳаларини ишга тушириш маросими бўлиб ўтган куни Бухоро вилоятида “ACWA Power” билан биргаликда ташкил этилган, қуввати 500 мегаватт бўлган 2 та шамол электр станцияси тармоққа уланди, шунингдек, Самарқанд вилоятида умумий қуввати 1 гигаватт бўлган 2 та қуёш электр станцияси ва Тошкент вилоятида 334 мегаватт қувватга эга энергия сақлаш тизими қурилишига старт берилди.
Муҳаммад Абунайян Ўзбекистон билан ҳамкорликка баҳо берар экан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ролини алоҳида қайд этди:
— Ўзбекистонда кечаётган ижобий жараёнлар ва эришилган салмоқли натижаларнинг ҳеч бири узоқни кўра оладиган давлат етакчисисиз амалга ошмаган бўлар эди. Буюк етакчи инвестиция лойиҳаларининг мунтазам кенгайиб боришига доим катта эътибор қаратиб келмоқда.
Қайта тикланадиган энергияга ўтиш соҳаси бу ҳамма давлатлар гапирадиган мавзу эмас, яъни Ўзбекистон Президенти ўзининг узоқни кўра олиши сабабли айнан бу соҳага жиддий эътибор қаратмоқда. Ўзбекистон эса энергия алмашинувини амалга ошириш бўйича бутун дунёга намуна бўлаётир.
Бундай юксак баҳо давлатимиз раҳбарининг истиқболга оид қараши, куч-ғайрати ва қатъияти хорижий шерикларнинг ишончини қозониш ҳамда Ўзбекистонга хорижий инвестицияларни янада ошириш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилаётганининг яна бир ифодасидир.
Табиатнинг мўъжизакор туҳфаси
Мамлакатда энергетикани ривожлантириш ҳақида гапирганда, қайта тикланадиган энергия манбаларидан, биринчи навбатда, қуёш ва шамолдан фойдаланган ҳолда электр энергияси ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳақида алоҳида тўхталмасдан ўтолмаймиз. Қуёш ва шамолнинг “кучи”, аслида, табиатнинг мўъжизакор туҳфасидир.
Ўзбекистонда “яшил” энергия яратилишининг бевосита гувоҳи бўлишдек ноёб имконият бизга насиб этди. Бу йил Мустақиллик байрами арафасида Энергетика вазирлиги август ойи охирида мамлакатимиз қуёш ва шамол электр станцияларида йил бошидан буён ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 3 млрд. киловатт-соатга етганини маълум қилди. Мутахассисларнинг фикрича, бу 1 млн. 875 минг хонадоннинг саккиз ойлик электр энергиясига бўлган ижтимоий меъёрини қондириш учун етарли.
Мамлакатда ҳар йили ўнлаб миллиард киловатт-соат ишлаб чиқарилаётган электр энергияси фонида “яшил” энергиянинг мазкур улуши бироз камдек кўринади. Аммо қатор ҳолатлар мавжудки, уларни ҳисобга олсак, буни мамлакатимизнинг қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш борасида эришган улкан ютуғи, деб ҳақли равишда баҳолашимиз мумкин.
Ўзбекистонда 100 мегаватт қувватга эга биринчи йирик қуёш фотоэлектр станциялари яқинда қурилган: бири — Навоий вилоятининг Кармана туманида 2021 йил август ойида, иккинчиси Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида 2022 йилнинг май ойида ишга туширилган. 2022 йилда улар томонидан 434 млн. киловатт-соат, 2023 йилда 576,9 млн. киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Жорий йилда ишга туширилган янги қуёш ва шамол энергиясидан фойдаланадиган ишлаб чиқариш қувватлари томонидан мамлакатимизда 5,7 млрд. кВт/соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Яқин келажакда биз мамлакатда “яшил” энергия ривожланишининг янада ажойиб суръатларига гувоҳ бўламиз. Бунга жараённинг динамикаси ишонч беради: агар сўнгги бир неча йил ичида фойдаланишга топширилган қуёш ва шамол электр станцияларининг қуввати уч гигаваттдан ошган бўлса, бу йўналишда яна 19 минг мегаватт қувватга эга ўттиздан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш ишларининг ниҳоясига етказилиши 2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия манбалари қувватини тубдан кенгайтириш ва унинг мамлакат умумий энергетика балансидаги улушини 54 фоизга етказишдек юксак мақсадни рўёбга чиқаришда катта силжиш бўлади.
Қуёш, шамол ва сув энергиясидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқаришни жадал кенгайтириш энергетика соҳасини янада ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Энг муҳими, қуёш ва шамол электр станциялари, гидроэнергетика қувватларини ошириш Ўзбекистон импорт қилишга мажбур бўлаётган табиий газнинг сезиларли захираларини тежаш имконини беради.
Дарҳақиқат, газ захиралари чексиз эмас. Қуёш ва шамолнинг чексиз имкониятлари турганда, электр энергия олиш учун газни беҳуда сарфлаш, шунчаки ёқиб юбориш, юмшоқ айтганда, мантиқсизликдир. Чунончи, табиий газни қайта ишлаш орқали анча юқори қўшимча қийматга эга бўлган кўплаб турдаги яримтайёр ва тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш мумкин, бу эса бугунги кунда мамлакатимиз тараққиётида муҳим ўрин тутади.
Бироқ бу ҳаммаси эмас. “Яшил” энергетика Ўзбекистон учун ўта долзарб бўлган зарурий экологик функцияга эга. Муқобил энергиядан фойдаланиш атмосферага чиқадиган карбонат ангидрид гази миқдорини кескин камайтиришга имкон беради.
Келгуси икки йилда хусусий тадбиркорлар билан ҳамкорликда 2 мингдан ортиқ кичик ва микрогидроэлектростанцияларни яратиш бўйича кенг кўламли дастурнинг амалга оширилиши эса ҳар йили атмосферага 20 млн. тоннадан ортиқ зарарли моддалар чиқишига йўл қўймаслик имконини беради.
Лойиҳалар географияси кенгаймоқда
Янги энергетика қувватларини ишга туширишга бағишланган тантанали маросим таассуротлари билан бўлишар эканмиз, яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқчиман.
Бу энергетикада лойиҳаларни рўёбга чиқариш географияси. Бухоро, Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида бешта қуёш ва шамол электр станциялари, юқори кучланишли подстанциялар, Андижон, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида тўртта кичик ГЭС, бошқа ҳудудларда электр станциялари ҳамда йирик сақлаш тизимлари ишга туширилгани, юзлаб километрдан иборат электр узатиш линиялари барпо этилгани аҳолига узлуксиз равишда электр энергияси етказиб беришни таъминлайди.
Фарғона, Самарқанд, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қиймати 3,5 млрд. доллар бўлган 2,5 минг мегаваттли 6 та электр қуввати қурилишига старт берилгани энергоиншоотлар географияси изчил кенгайтириб борилаётганини кўрсатади. Бу эса нафақат аҳолини энергия билан таъминлашда узлуксизликни юзага чиқаради, балки у ерлардаги саноатни, ишлаб чиқариш корхоналарини рағбатлантириб, қўшилган қиймат яратишга туртки беради.
Мисол тариқасида Бухоро вилоятини келтириш мумкин. У ерда қуввати тўрт гигаватт бўлган тўққизта йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар орасида қуввати 250 мегаватт бўлган қуёш электр станцияси бўлиб, уни “Masdar” компанияси қуради. Лойиҳанинг рўёбга чиқарилиши келаси йил охирига мўлжалланган, ўшанда станция ягона электр тармоғига уланади. Президент иштирок этган лойиҳани ишга тушириш маросимида айтилганидек, “ACWA Power” ва Хитойнинг “Gezhouba” компаниялари Бухоро вилоятида қайта тикланувчи энергия мажмуаларини қурмоқда. Бундай ҳамкорлик туфайли вилоятда “яшил” энергия генерация қувватлари 2030 йилга бориб 9 баробар ортади, яъни 12,5 млрд. киловатт-соатгача етади.
Қорақалпоғистон ҳам қуёш ва шамол энергияси бўйича улкан салоҳиятга эга. Бу жиҳатни давлатимиз раҳбари у ерга август ойида қилган ташрифи давомида айтиб ўтганди. Ўшанда қатор лойиҳаларга старт берилган: улар — ХХРнинг “Sany Renewable” компанияси томонидан Қўнғирот туманидаги қуввати бир гигаватт бўлган шамол электр станцияси; Беруний ва Қораўзак туманларидаги “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда 100 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизимига эга бўлган, қуввати 200 мегаваттли шамол электр станцияси эди. Лойиҳалар рўёбга чиқарилгач янги “яшил” энергетика иншоотлари томонидан йилига 4,2 млрд. кВт-соат энергия ишлаб чиқарилади ва бу 1 млн. 750 минг хонадоннинг йиллик эҳтиёжини қондириш учун етарли бўлади.
2030 йилга бориб, Қорақалпоғистонда умумий қуввати 10,3 гигаватт бўлган ўнта шамол электр станциясини барпо этиш кўзда тутилган. Улар фойдаланишга топширилгач, шамол энергияси ҳисобидан 35 млрд. киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шамол электр станцияларидан ташқари, электр энергияси таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш учун Қўнғирот, Беруний ва Қораўзак туманларида умумий қуввати 400 мегаваттга тенг бўлган учта электр энергиясини сақлаш тизими ҳам барпо этилади. Қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш учун Қўнғирот туманида яна шамол турбиналарининг эҳтиёт қисмлари, тиргаклари ва парракларини ишлаб чиқарадиган корхона бунёд қилинади.
Янги энергетика қувватларини ишга тушириш маросимида йирик иншоотлар билан бир қаторда, Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон туманида микроГЭС ва Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Угом-2” кичик ГЭСи ҳам фойдаланишга топширилди. Улардан биринчиси йилига ўртача 2,7 млн. киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, Қумқўрғон туманидаги 950 та уй хўжалигини электр энергияси билан таъминлайди. Бу шунча ҳажмдаги электр энергиясини ишлаб чиқариш учун зарур бўлган, йилига ўртача 730 минг куб метр табиий газни тежаш имконини беради.
“Угом-2” кичик ГЭСи бўлса, тўлалигича маҳаллий жиҳозлар билан таъминланган ва 1,63 МВт қувватга эга. Бу ерда йилига 13 млн. киловатт-соатгача электр энергияси ишлаб чиқарилади. Шу орқали Угом дарёси бўйида жойлашган деярли 4,6 минг уй хўжалиги ва сайёҳлик иншоотларини тўлиқ электрлаштириш ва узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминлаш имкони яратилади. Бунда йилига ўртача 3,5 млн. куб метр табиий газ тежалади, атмосферага заҳарли моддалар чиқарилишининг ҳам олди олинади.
Албатта, йирик электр станциялари билан таққослаганда микро ва кичик ГЭСлар кимнидир ҳаяжонлантирмаслиги мумкин. Бироқ Ўзбекистоннинг тоғли манзилларидаги кичик дарё ва сойлар, бошқа сув манбаларининг имкониятларини ҳисобга олсак, улар, айниқса, ўша ердаги, умумий электр таъминоти тармоғига уланиш имконияти бўлмаган қишлоқ ва маҳаллалар аҳолиси учун жуда аҳамиятлидир. Бундан ташқари, кичик станциялардан олинадиган электр энергияси нисбатан арзон, айниқса, одатдаги электр энергияси нархи билан солиштирганда. Бундай кичик гидроэлектр станцияларини минглаб қуриш мумкин. Иборали айтганда, улар кичик “жилғалар”дан ишлаб чиқарилган электр энергиясининг умумий “дарёсига” келиб “қуйилади”.
Бугунги кунда халқаро майдонда Ўзбекистонни мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш ва “яшил” кун тартиби бўйича ибрат қилиб кўрсатишмоқда.
Ҳақиқатан ҳам, дунёда мавжудотга қирон келтирувчи, атроф-муҳитни кунпаякун қилгувчи янгидан-янги портловчи қуролларни яратиш бўйича изланишлар, ҳаракатлар тинмаётган, вайронкорлик авжга чиққан бир пайтда Ўзбекистонда ҳаёт осойишталиги, одамларнинг фаровон турмуши, жонажон Ватанимизнинг ободлиги ҳақида қайғурилмоқда. Она табиатни асраш ва авлодларга безавол етказиш учун бош қотирилмоқда.
Пойтахтимизда жаҳон ҳамжамияти эътиборини тортган маросим — Президентимиз иштирокида тантанали тарзда энергетика соҳасида янги қувватлар ишга туширилиб, навбатдаги лойиҳалар қурилиши бошлангани ана шу фикрларнинг яққол далили бўлди. Бу ишларнинг барчаси мамлакатимизнинг ёрқин келажагига хизмат қилади. Ўзбекистоннинг янада нурафшон ва фаровон мамлакатга айланишига ҳисса қўшади.
Ўткир РАҲМАТ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг