Нукусдаги хусусий боғчада тарбиячи боланинг бошига пойабзал билан урди

10:59 06 Февраль 2025 Жамият
292 0

Нукус шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасасида болаларга нисбатан зўравонлик қўлланганлиги акс этган видеоларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалиши кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу ҳолат жамоатчилик орасида кескин норозилик уйғотди ва расмий идоралар томонидан ўрганиб чиқилмоқда.

Тарқалган видеоларда тарбиячиларнинг болаларга қўпол муомала қилгани, баъзи ҳолатларда калтаклагани яққол кўринади. Хусусан, видеолардан бирида тарбиячи овқатланаётган болалардан бирининг бошига оёқ кийим билан бир неча бор ураётгани, сўнг уни силкитиб, бошқа ўриндиққа ўтказаётгани ва уришда давом этаётгани акс этган. Ушбу тасвирлар кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси мазкур ҳолат 2024 йил ноябрь ойида содир этилганини тасдиқлади. Аниқланишича, боғчанинг тарбиячиси Р. Ш. ва ёрдамчи тарбиячи Д. С. томонидан болаларга нисбатан зўравонлик қўлланган. Ҳозирда Нукус шаҳар прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишларини олиб бормоқда.

Шу билан бирга, бугун Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан махсус ишчи гуруҳ тузилиб, ҳолат атрофлича ўрганилди. Ўрганиш натижасида мазкур ҳодиса Нукус шаҳри Дўстлик МФЙ ҳудудида жойлашган «Disney Kids» номли хусусий болалар боғчасида содир бўлгани аниқланди. Воқеа 2024 йил 4 ноябр куни юз бергани ва видеоёзувда акс этган ҳолат ҳақиқатан ҳам ёрдамчи тарбиячи томонидан содир этилгани тасдиқланди.

Ишчи гуруҳ воқеа жойига бориб, боғча ходимлари ҳамда ота-оналар билан суҳбатлашиб, юз берган ҳодиса бўйича батафсил маълумот олди. Ушбу масала бўйича тўпланган материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилди ва ҳозирда расмий суриштирув ишлари бошланган.

Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолати жамиятда кескин эътирозларга сабаб бўлди. Жамоатчилик вакиллари, ота-оналар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари масъул идоралардан бундай ҳолатларга йўл қўймаслик, таълим муассасаларида болалар хавфсизлигини таъминлаш ва назоратни кучайтириш бўйича қатъий чоралар кўришни талаб қилмоқда.

Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида тарбиячиларнинг ахлоқий ва касбий савиясини ошириш, боғчаларда кузатув камераларини ўрнатиш ва болалар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича тизимли ислоҳотларни амалга ошириш масаласи долзарб мавзулардан бирига айланди. Ҳуқуқ-тартибот органлари тергов натижалари бўйича қўшимча маълумот тақдим этишини билдирди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?