Нукусда аёллар муаммоларини ҳал қилишда фаоллик кўрсатганлар тақдирланди
Фото: Халқ сўзи
Бугун Нукус шаҳридаги Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида республикамизда хотин-қизларнинг муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий томондан қўллаб-қувватлаш бўйича республика комиссияси томонидан ўтказилаётган танловларининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси А.Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Президентимизнинг томонидан юртимизда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларига барҳам бериш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтди.
Таъкидлаганидек, ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш, томорқа ерларидан унумли фойдаланишга кўмаклашиш, ўзини-ўзи банд қилиш, кредитлар ажратиш, ногиронлиги бўлган хотин-қизларга моддий ёрдамлар кўрсатиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, таъмирлаш ва бошқа кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Шунингдек, қарамоғида бир ва ундан кўп биринчи гуруҳ ногирон болалари бўлган ёлғиз оналар, тиббий, ҳуқуқый ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизлар амалий қўллаб-қувватланмоқда.
Қорақалпоғистоннинг барча ҳудудларида хотин-қизларнинг муаммоларини «маҳаллабай» ўрганиб чиқиш тизими яратилди. Шунга кўра «Аёллар дафтари»ни шакллантириш бўйича 424 та фуқаролар йиғинларида 30 ёшдан юқори бўлган жами 33 минг 813 нафар хотин-қизлар 6 та тоифа бўйича «Аёллар дафтари»га киритилган. Шундан ҳозирги кунгача жами 31 минг 485 нафар хотин-қизларга ёрдамлар кўрсатилган бўлса бу ишлар изчил давом қилаётгани ва бу борада Қораўзак, Мўйноқ, Кегейли, Тўрткўл ва Элликқалъа туманлари юқори натижаларга эришган туманлар сифатида эътироф этилди.
Тадбирда «Энг яхши маҳалла раиси», «Энг яхши сектор раҳбари», «Энг намунали иш берувчи аёл» , «Энг яхши ҳоким ёрдамчиси», «Энг яхши ёшлар етакчиси» ва «Энг яхши хотин-қизлар фаоли» номинациялари бўйича 1-2-3-ўрин ғолиблари аниқланди.
— Юртимизда хотин-қизларга ҳар томонлама кўмаклашиш, уларнинг оила ва жамиятда ўз ўринларига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда, — дейди Қўнғирот туманидаги «Қорақалпоғистон» шаҳарча фуқаролар йиғини ҳоким ёрдамчиси Жамила Аметова. — Айниқса, Президентимиз ташаббуси билан «Аёллар дафтари»нинг ташкил этилиши натижасида республикамизнинг энг чека ҳудудларидаги аёлларга ҳам ижтимоий ёрдамлар кўрсатилиб, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланиш, бир сўз билан айтганда уларнинг турмуш шароитлари яхшиланмоқда.
Мен ўзим Оролбўйининг энг чекка ҳудудидаги фуқаролар йиғинида фаолият кўрсатаётганим учун юртимизда «Аёллар дафтари»дан четда қолган ҳудуд йўқлигига ишончим комил. Ўйлайманки, аёллар муаммоларини ҳал қилишда фаоллик кўрсатганларни тақдирлашга қаратилган ушбу танловлар бу борадаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади. Бугунги танловда менинг фаолиятимни ҳам юксак баҳолаб, «Энг яхши ҳоким ёрдамчиси» номинацияси бўйича 1-ўринга муносиб топишибди. Бу ишонч ва рағбат келгуси ишларимизга куч-ғайрат бағишламоқда.
Танловнинг Қорақалпоғистон босқичида 2-3-ўринни эгаллаганлар Диплом ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Барча йўналишларда 1-ўринга муносиб топилган ғолиблар Диплом ва танловнинг мамлакат босқичига йўлланмани қўлга киритдилар.
Шунингдек, анжуманда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан ёз мавсумида болаларнинг дам олишини ташкил этишда фаоллик кўрсатган бир гуруҳ ходимлар ва мавсум давомида фаолиятини яхши олиб борган оромгоҳ раҳбарлари ҳам тақдирланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Қорақалпоғистон Кенгаши раиси У.Жалменов ёз мавсумида болаларни соғломлаштириш муассасаларига жалб этишда ҳам «Аёллар дафтари»га киритилган оилалар фарзандларига алоҳида эътибор қаратилгани айтиб ўтди.
«Энг яхши оромгоҳ», «Энг яхши оромгоҳ раҳбари», «Энг фаол ҳамкор оромгоҳ», «Энг яхши ҳамкор ташкилот», «Энг ғамхўр тарбиячи» каби ўндан ортиқ номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Ўзбекистон темир йўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши раиси, Хотин қизлар муаммоларини тизимли ҳал қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича Республика комиссияси томонидан Қорақалпоғистон Республикасига бириктирилган вакил Қ.Сабиров иштирок этди.
Ғайратжон Отажонов, «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг