Нукус давлат педагогика институтида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди

19:57 08 Июль 2025 Жамият
197 0

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». 8 июнь куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2025-2026-ўқув йили учун қабул жараёнида бакалавриатнинг алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.

Имтиҳонларнинг бориши Интернет тармоғи орқали ота-оналар ва кенг жамоатчилик вакилларига тўғридан-тўғри олиб кўрсатилмоқда.

—Абитуриентларнинг билим ва кўникмаларини баҳолаш учун Ўзбекистоннинг турли таълим муассасаларидан, профессор-ўқитувчилар ҳамда мутахассислар жалб этилган, — дейди Нукус ДПИ матбуот хизмати раҳбари Ислам Матеков. — Хусусан, Ўзбекистон миллий педагогика университети, Жиззах ва Чирчиқ давлат педагогика университетлари, шунингдек, Урганч, Бухоро, Термиз давлат педагогика институтларидан жалб қилинган ўқитувчилар томонидан ҳар бир абитуриентнинг тайёргарлиги холисона баҳоланиб, тўплаган баллари дарҳол маълум қилинмоқда.

– Бугун набирам институтнинг жисмоний маданият таълим йўналишига амалий имтиҳон топширяпти, – дейди Чимбой туманидан келган Минайим опа Балтабаева. — Ўзим шу институтни битириб, ўқитувчи бўлиб ишладим. Мана, бугун институтга келиб, бу ердаги ўзгаришларни, яратилган шароитларни кўриб кўнглим тўлди. Имтиҳон жараёнлари қандай ўтаётганини очиқ-ойдин бевосита кузатиб турибмиз, ташкилотчиларга раҳмат.

Жорий йилда Нукус давлат педагогика институтида бакалавриатнинг жисмоний тарбия, мусиқа таълими, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишлари бўйича 500 дан ортиқ абитуриентлар касбий (ижодий) имтиҳонларини топшириши кутилмоқда.

Институтда касбий (ижодий) имтиҳонлар жорий йилнинг 11 июль кунига қадар давом этади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер