Ноёб цитрус мевалар етиштираётган “тошҳовузлик“лар

Тўқсонинчи йилларда “Тошҳовуз” маҳалласига биринчилардан бўлиб икки ўғлини кўчириб келган Аҳмаджон Исмоилов тадбиркорлик қилишни орзу қилганди. Орадан қирқ йил ўтиб фахрий устознинг орзуси ушалди. Бугун 81 ёшли отахоннинг фарзандлари нафақат Ёзёвон, Фарғона водийсида цитрус мевалари, ундан тайёрланадиган табиий шарбатлари билан тилга тушган.
— Хонадонимиз томорқасида лимон етиштиришга мўлжалланган иссиқхона ташкил этиб, илк ҳосилни қўшни Марғилон бозорида сотиб келганмиз, — дейди миришкор оила соҳиби Аҳмаджон ота. — Орадан йиллар ўтиб Ёзёвон тумани вилоятда лимончилик соҳасида энг илғор ҳудудга айланди.
Айни пайтда ушбу оиланинг 30 сотихли томорқасида иссиқхона бор. Иссиқхонада асосан лимон парваришланади. Кейинги йилларда мандарин, апельсин, банан, киви сингари цитрус мевалар етиштириш тажрибаси тобора кенг қулоч ёзмоқда. Тиниб-тинчимас отахон маҳаллада цитрус мевалари етиштириш тажрибаси оммалашишида ҳам асосий ташаббускорлардан бири ҳисобланади.
— 1213 та оилада 5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Тошҳовуз” МФЙ раиси Усмонхон Мусаев. — Ҳозирда 150 га яқин хонадон томорқасидаги иссиқхонада лимон етиштирилади. Кейинги йилларда маҳаллада апельсин, мандарин, банан, киви сингари бошқа цитрус мевалари парваришлаётган оилалар сафи тобора кўпайиб бормоқда. Ёғочни қайта ишлаш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойлаштириш, қадоқлаш ва сақлаш учун турли ҳажмдаги қутилар тайёрлаш маҳалланинг яна бир драйвери саналади. Яқин келажакда шу ернинг ўзида мамлакатимиз бўйлаб етказиб бериш ва экспортга йўналтириш мақсадида цитрус мевалари улгуржи бозорини ташкил этишни мақсад қилганмиз.
Яқинда “Зарбдор тажрибаси” асосида Фарғона водийси ҳудудларини ўзаро боғловчи маҳалладан ўтган катта йўл бўйидаги очиқ мелиорация зовурини ёпиқ зовурга ўтказиш лойиҳасини ишга тушириш натижасида янги 35 та хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилди. Натижада 70 та янги иш ўрни яратилди. Бу орқали маҳаллий бюджетга ҳар йили қўшимча 150 миллион сўмдан ортиқ маблағ тушиши таъминланади. Хизмат кўрсатиш ҳажмига ўртача 1,5 миллиард сўм қўшилишига эришилади.
Қувонарлиси, бу лойиҳа нафақат туманда, балки вилоятда биринчилардан бўлиб мазкур маҳаллада татбиқ этилмоқда. Маҳалла оқсоқоли Аҳмаджон Исмоилов биринчилар қаторида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиб, табиий усулда тайёрланадиган лимон шарбати, 7 хил мева қўшилган шарбатлар савдосини бошлади. Тадбиркор Улуғбек Содиқов Ёзёвонсой бўйидаги ташландиқ жойда миллий услубда дам олиш маскани бунёд этди. Шу тариқа янги лойиҳа доирасида бирин-кетин замонавий хизмат кўрсатиш шохобчалари ишга туширилмоқда.
Жорий йилда истиқболли лойиҳа ижросига киришилиб, дастлаб 500 метр очиқ зовурга захни тортувчи фильтрли қувурлар кўмилди. Зовурни кўмиш ва текислаш учун 600 та юк машинасида тупроқ тўкилди. Канализация тармоғи учун 6 та қўшимча қудуқ ўрнатилди. Бугунги кунда 500 метр ёпиқ зовурга ўтказилган ҳудудда 25 та енгил типдаги савдо дўконларни қуриб битказилди. Дўконларга сендвич панеллар ва ойналар ўрнатилиб, хизмат кўрсатиш объектлари тўлиқ жиҳозланди. Белгиланган талаблар асосида тадбиркорларга ижара шартномалари асосида ажратиб берилди. Бу лойиҳа доирасида электр тармоғи тортиш, трансформатор ва кўча чироқлари ўрнатиш, бетон ариқ тортиш, пиёдалар йўлаги қуриш, яшил макон барпо этиш ва ободонлаштириш ишларига давлат бюджетидан 1 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди. Тошҳовуз маҳалласи эндиликда барча ҳавас қиладиган файзли, баракали масканга айланиб бормоқда.
Ботир МАДИЁРОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг