Норин ГЭСлар каскади миллий бренд остида барпо этилмоқда

16:40 19 Сентябр 2024 Жамият
353 0

Қудратилла Нажмиддинов/“Халқ сўзи”. Электр энергияси ишлаб чиқаришда оқар сув кучидан фойдаланиш соҳадаги анъанавий усул ва ҳозирги кунда унинг аҳамияти янада кучайган. Наманганда айни мақсадда фойдаланса бўладиган оби-ҳаёт манбалари анчагина. Бундан уч йил аввал Катта Фарғона каналининг Учқўрғон туманидан оқиб ўтадиган қисмида дастлабки кичик гидроэлектростанция каскадлари ишга туширилган эди. Уларнинг умумий қуввати 12 мегаваттга тенг бўлиб, ҳозирги вақтда 48 мингта хонадонни узлуксиз электр энергия билан таъминлаб келмоқда. Эндиликда Катта Андижон каналида ҳам қуввати аввалгидан икки ҳисса кучли учта ГЭС қурилмоқда. Лойиҳа қиймати 60 миллион АҚШ доллари бўлган бу иншоотларнинг умумий қуввати 18 мегаватт бўлиб, қарийб яна 65-70 минг хонадонни электр қувватига бўлган эҳтиёжини қондиради.

Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг март ойида Наманган вилоятига расмий ташрифи чоғида қурилишига старт берган яна бир ГЭСлар каскади Норин дарёсининг Уйчи туманидан оқиб ўтган қисмида барпо этилмоқда. Умумий қуввати 228 мегаватт бўлган каскад 6 та ГЭСдан иборат. Ушбу истиқболли лойиҳанинг ишга туширилиши натижасида йилига ўртача 1 025 млн. киловатт соат экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқарилади. Энергоқувватлари ўртача 430 минг хонадонга кириб борадиган каскад қурилиши тўрт йилга мўлжалланган.

— Иншоотнинг аҳамиятли томони, у республикадаги биринчи “Миллий ГЭС”га айланади, — дейди “Ўзбекгидроэнерго” АЖ капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи Муҳаммад Отахонов. — Сабаби, лойиҳа тўлиқ “ Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг маблағлари ҳисобидан, маҳаллий лойиҳалаштириш ва пудрат ташкилотларини жалб қилган ҳолда амалга оширилмоқда. Зарур асбоб-ускуналарнинг барчаси, хусусан, қуввати 40 МВтгача бўлган гидроагрегатлар “Made in Uzbekistan” бренди остида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган қўшма корхонада ишлаб чиқарилади.

Айни пайтда ГЭС қурилиши жадал суръатда давом этмоқда. Қурувчи ва мутахассислар 265 метр узунлик ва 9 метр баландликдаги гидроузелни тиклаш ҳамда дарё сувини 1-станцияга олиб борувчи канални қазиш, шунингдек, тупроқ ишлари билан машғул.

Айтиш лозимки, юқори инновацион технологик қурилмаларнинг мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасида илк бор амалиётга жорий этилиши истиқболда молиявий сарф-харажатларни иқтисод қилиш, сифатли ва замонавий андозаларга мос агрегатлар тайёрлашни ўзлаштиришга хизмат қилиши билан эътиборни тортади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?