Ноль қийматининг бир неча ноллик самараси

14:53 02 Декабрь 2021 Жамият
541 0

Фото: «Халқ сўзи»

Президентимизнинг 2018 йил 5 июндаги “Навоий” эркин иқтисодий зонаси фаолиятини кенгайтириш ва Навоий вилоятида кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарорига кўра Навоий эркин иқтисодий зонаси ҳудудида фаолиятини бошлаган тадбиркорлар ва инвесторлар учун солиқ ва божхона тўловларидан озод бўлишдек бир  қатор имтиёзлар жорий этилган эди. Кўзланган мақсад кундай равшан – давлат мулки бўлган объектлар ва ишлаб чиқариш майдонларидан самарали фойдаланиш орқали ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, рақобатбардош, импорт ўрнини босувчи , экспортбоп маҳсулотлар тайёрлаш ҳажмини ошириш ва, албатта, янги  иш ўринлари яратишдан иборатдир.    Мазкур қарор ижроси доирасида  Навоий эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан “Zarafshon Golden Group” компаниясига инвестиция мажбуриятларини бажариш шарти билан 5,5 гектар ер майдони бино ва иншоотлари билан ноль қийматида ажратиб берилди.

– Компаниямиз ўз инвестиция  мажбуриятлари асосида  19 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 2 та йирик лойиҳани амалга оширди,– дейди корхона директори Зайниддин Раззоқов. –  Биринчиси Испания давлатидан келтирилган технология асосида темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси бўлса, иккинчиси  Хитой технологияси асосида автоклавли газобетон маҳсулотлари тайёрланадиган заводдир. Ҳар иккала лойиҳа ҳам тўлиқ автоматлаштирилган технологияларга таянган  бўлиб, 250 иш ўрни яратилди.

Ушбу лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигига тўхталадиган бўлсак,  биринчи лойиҳа ўзининг 70 турдаги темир-бетон маҳсулотлари билан  бир қатор қурилиш материаллари импортини камайтирган бўлса, иккинчи лойиҳа  ғиштга нисбатан тўрт баравар енгиллиги ҳамда пишиқлиги билан қурилишларда вақтдан ютиш имконини яратди.

Ноль, агар олдида бошқа натурал рақам бўлмаса, ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Бизнинг мисолимизда эса ноль қийматда берилган имконият амалда бир неча ноллик рақамлардан иборат юқори даромадларни келтириши шубҳасиз.  

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер