«Халқ сўзи» бўлим муҳаррири «Олтин қалам» мукофоти соҳиби бўлди

21:27 27 Июнь 2025 Жамият
751 0

Фото: Акмал Муҳаммадиев, Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Бугун, 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Тошкент шаҳридаги «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида байрам тадбири ҳамда «Олтин қалам» ХIХ Миллий мукофоти учун халқаро танлов ғолиб ва совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов давлатимиз раҳбарининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида тақдирланган соҳа ходимларига юксак унвон, орден ва медалларни топширди.

Тантанали тадбир давомида «Олтин қалам» Миллий мукофоти ташкилий қўмитаси раиси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов бу йилги «Олтин қалам» мукофоти ҳақида маълумот берди.

Унга кўра, «Олтин қалам» ХIХ Миллий мукофоти учун халқаро танловда 499 нафар журналист ва ОАВ вакиллари 3 минг 251 тадан зиёд ижодий ишлари билан иштирок этган.

Давлат раҳбарининг 2022 йил 27 июндаги «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан 2023 йилдан бошлаб «Олтин қалам» танлови рағбатлантирувчи номинациялари 5 тадан 12 тага кўпайтирилди.

Мазкур қарорга мувофиқ, 1-ўрин соҳибига Ўзбекистонда белгиланган базавий ҳисоблашнинг 200 баравари, 2-ўрин соҳибига 175 баравари, 3-ўрин соҳибига 150 баравари миқдорида пул мукофоти берилади. Шунингдек, 12 та рағбатлантирувчи номинациянинг ҳар бир ғолиби базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади.

Қуйида «Олтин қалам» ХIХ Миллий мукофотининг рағбатлантирувчи номинацияларида ғолиб бўлган соҳа ходимлари:

  1. «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиётни тарғиб қилувчи энг яхши материаллар учун» – «Оила ва табиат» газетасининг Қорақалпоғистон ва Хоразм бўйича мухбири Пўлат Эрматов;
  2. «Давлат тилини ривожлантириш, нуфузини янада оширишга бағишланган энг яхши таҳлилий материаллар учун» – «Янги Сирдарё» газетаси Бош муҳаррири Баҳром Боймуротов;
  3. «Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун» – «Гулистон» журнали Бош муҳаррири Маматқул Ҳазратқулов;
  4. «Таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотлар ёритилган энг яхши материаллар учун» – «Ҳуррият» газетаси Дилмурод Қирғизбоев;
  5. «ОАВда эълон қилинган энг яхши миллий контент (материаллар) учун» – «Daryo.uz» нашрининг Андижондаги мухбири Умиджон Мамарасулов;
  6. «Долзарб мавзудаги энг яхши танқидий-таҳлилий материаллар учун» –«Qalampir.uz» Бош муҳаррири Қамариддин Шайхов;
  7. «Умуммиллий ҳамжиҳатликни тарғиб қилиш ва мустаҳкамлашга қаратилган энг яхши материаллар учун» – «Овози тожик» газетаси мухбири Фаридун Йўлдошев;
  8. «Ёшлар ҳаётига оид энг яхши материаллар учун» – нафақадаги эркин ижодкор Муқаддас Абдусаматова;
  9. «Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятига бағишланган энг яхши материаллар учун» – «Сиёсат» студияси сиёсий шарҳловчиси Инобат Нормуродова;
  10. «Оила ва маҳалла ҳамкорлиги бўйича энг яхши ёритилган материаллар учун» – «ZO'R TV» «Бу кун» дастури раҳбари Муслимбек Абдураҳимов;
  11. «Спорт соҳаси ёритилган энг яхши материаллар учун» – «Тошкент ҳақиқати» Бош муҳаррири ўринбосари Суҳроб Садиров;
  12. «Энг яхши фоторепортаж учун» – Ҳусниддин Ато.

Шунингдек, Босма ОАВ номинацияси бўйича:

1-ўрин: Лайло Ҳайитова — «Бухоро ёшлари» газетаси,
Юнус Бўронов — «Янги Ўзбекистон» газетаси;

2-ўрин: Фаҳриддин Бозоров — «Халқ сўзи» газетаси,
Ҳолбой Соҳибов — «Имконият» газетаси;

3-ўрин: Мақсуд Жонихонов «Жамият» газетаси.

Интернет йўналиши бўйича:

1-ўрин: Фарида Исломова — «Дунё» АА

2-ўрин: Зиёдилла Жонибеков — ЎзА

3-ўрин: Руслан Сабуров — «Kun.uz»

Радио йўналиши бўйича:

1- ўрин: Ҳалима Маҳамадсаидова — «Ўзбекистон» радиоси;

2-ўрин: Шаҳноза Қосимова — «Олтин Воҳа» радиоси;

3-ўрин: Моҳигул Азимова — «Ёшлар» радиоси.

Телевидение йўналиши бўйича:

1-ўрин: Қобилжон Аҳмедов — «Менинг юртим» ТВ;

2-ўрин: Олимжон Хасанбоев — «Миллий» ТВ,
Жаҳонгир Мардонов — «Ўзбекистон 24»;

3-ўрин: Зулфия Жабборберганова — Қорақалпоғистон ТВ.

Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун:

1-ўрин: Мадибек Жанибеков — «Казинформ» журналисти;

2-ўрин: Дмитрий Поваров — «РИА Новости» журналисти,
Шоҳруҳбек Олимов — ТRТ мухбири,
Зара Саид — «The London Post» газетаси журналисти,
Еши Сили — «Biznes Indiya» журналисти «Олтин қалам» ХIХ Миллий мукофотига лойиқ деб топилди.

Бош мукофот «Гулхан» журнали бош муҳаррир Заҳро Ҳасановага насиб этди.

Акмал Муҳаммадиев, Юнус Бўриев, Муҳсин Умурзоқов
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?