Нодавлат олий таълим муассасалари устав фондини камида 2 миллион АҚШ доллари эквивалентида шакллантирилиши шарт – Вазирлар Маҳкамаси қарори
Ўзбекистонда нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш учун янги ва қўшимча шартлар белгиланди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада нодавлат таълим хизматлари сифатини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги 403-сонли қарорида баён этилган.
Қарорга кўра, эндиликда нодавлат олий таълим муассасасини ташкил этиш истагини билдирган талабгор таълим ташкилотининг тўлиқ концепциясини тақдим этиши шарт бўлади. Мазкур концепцияда олий таълим ташкилотининг номи, мақоми, бошқарув тизими ва кадрлар таркиби, асосий таълим ва илмий фаолият йўналишлари, қабул параметрлари, таълим сифатини таъминлаш тизими ва воситалари, тўлов-контракт миқдори ҳамда унинг асослантирилган ҳисоб-китоби, шунингдек, 5 йиллик стратегик ривожланиш режаси ва бошқа муҳим масалалар аниқ кўрсатилиши лозим.
Бундан ташқари, талабгор томонидан ташкил этилаётган нодавлат олий таълим муассасасининг таълим жараёни билан бевосита боғлиқ моддий-техник база ва дастурий таъминотни қамраб олган дастлабки устав фонди камида 2 миллион АҚШ доллари эквивалентида шакллантирилиши шарт. Талабалар сони ортиб боргани сайин устав фондининг ҳажми ҳам ошириб борилади.
Шунингдек, ҳар бир талабгор 350 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни тижорат банкидаги депозит ҳисоб рақамига захирага жойлаштириши керак бўлади. Бу маблағ нодавлат таълим муассасасининг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун назарда тутилган.
Ташкил этилаётган таълим муассасасининг бинолари ва иншоотлари умумий майдони камида 5 минг квадрат метр бўлиши шарт. Бино университет мулки бўлиши талаб этилмайди, аммо камида 5 йиллик ижара ёки текин фойдаланиш шартномаси асосида фаолият бошлаш мумкин.
Яна бир талабга кўра, олий таълим ташкилоти ташкил этилганидан кейинги дастлабки 5 йил давомида унинг йиллик соф фойдасининг камида 80 фоизи, кейинги йилларда эса камида 50 фоизи мазкур таълим муассасасининг асосий фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилиши лозим.
Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ойдан кейин кучга киради. Шунингдек, янги лицензия талаб ва шартлари кучга киргунга қадар фаолият юритаётган нодавлат олий таълим муассасалари 2026 йил 1 январга қадар ўз фаолиятини янгиланган тартиб асосида ташкил этиши шарт этиб белгиланган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Туркий халқларнинг маънавий яловбардори
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Россия Осиё грандни мағлуб этди
- Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи рўйхатни тузиш тартиби белгиланди
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг