Ногиронлик айб эмас, қалб кўзи очиқ бўлсин!
3 декабрь — Халқаро ногиронлар куни
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Умр синовларга тўла. Орамиздаги тўрт мучаси соғ юртдошларимиз қаторида у ёки бу аъзосидаги нуқсон туфайли жисмоний жиҳатдан чекланган инсонлар ҳам учрайди. Уларнинг аксариятига тушкунлик бегона. Атрофидаги яқинлар оқибати, қолаверса, давлатнинг доимий кўмагини юракдан сезган ҳолда ҳаёт учун курашишади. Буни, жумладан, Косонсой туманининг тоғлар бағридаги сўлим гўшасида жойлашган “Нурли маскан” мактаб-интернатида таҳсил олаётган 240 нафар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи ўғил-қизлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Улар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига қарашли ушбу муассасада яратилган шарт-шароит ва ғамхўрлик оғушида соғлом юртдошларидан сира кам бўлмаган ҳолда таълим-тарбия олишяпти. Намунали турмуш шароити баробарида ўқувчиларнинг барчаси фан машғулотларидан бўш вақтлари мазмунли ўтиши учун иқтидор ва интилишларига қараб тўгаракларга жалб этилган.
Туман “Баркамол авлод” болалар маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган 8 турдаги тўгаракда ўқувчилар тикувчилик, тўқувчилик, пазандачилик, робототехника ва бошқа йўналишдаги ҳунарларни ўрганишаётган бўлса, санъат ихлосмандлари 4-мусиқа ва санъат мактаби ёрдамида тўртта йўналишдаги тўгаракда шуғулланадилар. Мактабда парадзюдо, енгил атлетика, шахмат ва шашка, паравелотрек каби спорт турлари ҳам оммалашган.
Тақдир изми олдида ўзини йўқотмай илм олишга иштиёқ ва куч топган, иқтидорини юзага чиқаришга интилаётган болажонларни кўриб, кўнглингиз ёришади. Масалан, Бекзодбек Турдалиев ва Элёрбек Акрамжонов қўшиқчилик шайдоси. Улар ижросидаги “Майор акам”, “Қалбим орзуси” қўшиқлари Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан овоз ёзиш студиясида тасмага туширилган. Бекзодбек 4-синфда таҳсил олади. Саҳнада ўзини йўқотмайди. Мусиқа ва санъат мактабининг иқтидорли ўқувчиларидан. Айни пайтда у гитара чолғу асбобида куйлар чалишни ҳам ўрганмоқда. Бироз тортинчоқ, мулоҳазали 10-синф ўқувчиси Элёрбек Акрамжонов эса скрипкани моҳирона сайратади.
— Қўшиқ айтиш жону дилим, мусиқага жўр оҳангда хониш қилган чоғим кўнглим ёришиб кетади, — дейди у. — Менда сезиш жуда кучли, гарчи кўра олмасам-да, деворни, ёнимда шарпа турганини ҳис қиламан. Бу эса эркин ҳаракатланишимга катта ёрдам беради.
Ёш истеъдод эгалари вилоятда ўтказиладиган тадбирларда фаол иштирок этадилар. Бундай тоифадаги болаларнинг ёдлаш қобилияти кучли бўлади, айниқса, мусиқани кучли ҳис қила оладилар.
Китоб мутолааси иштиёқманди Билол Абдуллажоновнинг фикрлари теран, мулоҳазага бой. У кўп вақтини брайл алифбосидаги бадиий асарларни ўқиш билан ўтказади. Аудио китоблар тинглашни ҳам канда қилмайди. Беғубор туйғулари ҳаётни севишга, шукрона билан яшашга ундаётгандек гўё. У онасига бағишлаб ёзган “Тилак” шеърини ўқиганда кўпчиликнинг кўзида ёш қалқийди. Яна бир ҳаваскор шоир Жамолхон Эргашев ҳам адабиёт шайдоси. У 11-синфда таҳсил олмоқда, мактаб-интернатдаги устозларидан миннатдор.
— Болалигимнинг асосий қисми қадрдон мактаб-интернатимизда ўтди. Бизга шукр билан яшашни, ҳаётни севишни ўргатган устозларим бахтимизга омон бўлишсин, — дея “Устозимга” шеърини ифодали ўқийди у.
“Нурли маскан”да болалар иқтидорига берилаётган сайқал уларни катта давраларга олиб чиқмоқда. Улардан бири мактаб-интернатнинг бошланғич синф ўқитувчиси Дилмурод Исаевнинг фарзанди Нурзида Исаева 11-синфда ўқияпти. Нурзидани ёш хонанда сифатида бугун нафақат республикамизда, балки хорижда ҳам яхши танишади. Айтишига қараганда, ундаги бу истеъдод отасидан ўтган. Иқтидорли қиз ижросидаги “Орзу”, “Ватан”, “Наманганим”, “Шукрона”, “Ота”, “Ёмғир” каби ўнлаб қўшиқлар интернет тармоғида ҳам миллионлаб муштарийларнинг эътирофини қозонган. Шу боис соҳир овоз соҳибасига бугун бутун дунёдан мухлислар ўз миннатдорлик мактубларини юборишмоқда. Мактабни тамомлаш арафасида турган умидли ижодкорнинг мақсади улуғ — Ўзбекистон Давлат консерваториясига ўқишга кириш.
Овоз ва ижрода опасидан қолишмайдиган Гулина Исаева ҳам тиришқоқлиги билан ажралиб туради. У ўтган йили “Ватан тараққиётига менинг ҳиссам” кўрик-танловининг вилоят босқичида фаол иштирок этди.
— Билсангиз, ҳар бир ўқувчимизнинг алоҳида истеъдоди бор, — дейди муассаса раҳбарининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Муроджон Дарвешов. — Кўпчилиги спорт йўналишида, бошқалари фан соҳасида юқори натижалар кўрсатиб келмоқда. Ўтган йили спортнинг параенгилатлетика йўналиши бўйича республика кубогида қатнашган найза отиш устаси Музаффар Тиркашев, узоқликка югуриш бўйича ўғил болалар ўртасида Дилшод Турдиалиев, дзюдо йўналишида Зиёда Турсунбоева ва Оғабек Иброҳимжонов олтин медални қўлга киритган эдилар. Жорий йил баҳорида эса Тошкент вилоятида ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати мусобақаларини ўқувчиларимиз 2 та олтин, 3 та кумуш, 4 та бронза медаллар билан якунлашди.
Изланиш ва интилиш инсонни мақсадлар ижобати, истиқболли келажакка етаклайди. “Нурли маскан”да камол топаётган болажонларнинг натижадор ҳаракатлари бунга мисол. Гарчи, уларнинг ёруғ оламга тўла нигоҳ билан боқиш имконияти чекланган бўлсада, қалб кўзлари мунаввар, уйғоқ қалби яхшилик, меҳр ва оқибатни ҳар қадамда сезиб туради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг