Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари — давлат ҳимоясида

19:12 03 Декабрь 2020 Сиёсат
3013 0

Мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш энг асосий масала ҳисобланади. Айни вақтда юртимизда 700 мингга яқин ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, 100,0 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда.

Шу жиҳатдан мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилиб, бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қувонарлиси, аҳолининг ушбу қатламини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, кексалар, пенционерлар, ногиронлиги бўлган болалар ва катталарга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг барқарор тизимини яратиш ишлари жадал давом этмоқда.

Жорий йилнинг 15 октябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида»ги янги қонун ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Айтиш жоизки, мазкур қонунни ҳақли равишда миллий қонунчиликнинг ютуғи, деб ҳисобласак бўлади. Негаки, илк бор ногиронлик ижтимоий ҳимоя ёки тиббиёт муаммоси эмас, балки биринчи навбатда инсон ҳуқуқлари муаммоси сифатида белгиланди. Aсосий янгиликлардан бири, бу — илгари Ўзбекистон қонунчилигида бўлмаган «ногиронлик белгисига кўра камситиш» тушунчасидир.

Амалдаги қонунда эса ногиронлиги бўлган шахсларнинг тенглигини таъминлаш ва камситмаслик, шахсий ҳаётнинг дахлсизлик ҳуқуқи, ҳаракат эркинлиги ва фуқаролик ҳуқуқи, жисмоний муҳитнинг қулайлиги, уй-жойга бўлган ҳуқуқи каби бир қатор ҳуқуқлари тўлиқ қамраб олинмаган эди.

Янги қонуннинг аҳамиятли томони шундаки, унга асосан, биноларга кириб-чиқиш учун махсус йўлакчалар, пандуслар, жамоат транспортида махсус ўриндиқлар жойлаштирилади. Таълим олишнинг барча босқичларида шароит яратилиб, касб-ҳунарга ўргатиш, коллеж ва техникумларда таълим олишлари давлат ҳисобидан таъминланади. Маҳаллий ҳокимликлар эса ногиронлиги бўлган шахслар уй-жой шароитини яхшилашга масъул бўлади.

Ҳаммамизга яхши маълум, яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2021 йилга мўлжалланган бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилинди. Эътиборлиси, ушбу қонунни муҳокама қилиш жараёнида ижтимоий соҳага ажратилган харажатларга жиддий эътибор қаратилди. Келгуси йилда давлат бюджетидан 1,2 миллион оилани моддий қўллаб-қувватлаш назарда тутилган.

Умуман олганда, ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш, кўмак ва ёрдамга муҳтож инсонлар, ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришлари учун муносиб шароит яратиб бериш масаласига давлатимиз ва жамиятимиз томонидан устувор аҳамият қаратилаётир. Кам таъминланган, уй-жойга муҳтож ногирон фуқароларга арзон уй-жой ажратилиб, уларнинг бошланғич тўловлари тўлаб берилмоқда.

Меҳнатга лаёқати чекланган ногирон хотин-қизларга касаначилик билан шуғулланиш учун тикув машиналари олиб берилиб, улар учун доимий даромад манбаи яратиляпти. Шу тоифага мансуб фуқароларга протез-ортопедия воситалари, ногиронлик аравачалари, эшитиш аппаратлари бепул берилмоқда.

Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган ва нафақа ёшидаги фуқароларнинг даволаш-профилактика муассасаларида бепул даволаниши учун йўлланма ажратилаётгани, меҳнат қилишларига зарур шарт-шароитлар яратиб берилаётгани ҳам инсонпарварлик сиёсатининг бир кўриниши десак, айни ҳақиқат.

ЎзЛиДеП сайловолди дастурида аҳолининг ночор қатламлари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ижтимоий хизмат кўрсатилишини яхшилаш, аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатилишида давлат-хусусий шерикчилигини ривожлантириш устувор вазифа этиб белгиланган. Партия имконияти чекланган, ногирон шахслар ўзларини жамиятнинг тўлақонли аъзоси, деб ҳис этиши, ўз бизнесини йўлга қўйиб, келажагини ўз қўли ва ҳаракатлари билан барпо этадиган реал шарт-шароитларни яратишга интилади.

Аслида ҳам ногиронлиги бўлган ва нафақа ёшидаги фуқаролар, ёрдамга муҳтож кишилар холидан хабар олиш, уларга меҳр улашиш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Ўзбекистон Либерал-демократик партияси халқимизга хос ушбу анъанага содиқ қолган ҳолда, халқ билан ҳамнафас бўлиб, уларнинг ишончини янада мустаҳкамлаш йўлида астойдил ҳаракат қилиб келмоқда.

Бу ҳақда гапирганда партиянинг «ЎзЛиДеП 17 ёшда:17 минг оилага саховат ва кўмак» номли лойиҳаси доирасида ҳудудларда «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га кирган 17 минг моддий ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган оилалар аҳволидан хабар олганлигини, маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари ҳамда кўнгилли хомийлар билан биргаликда бундай оилаларга ёрдам кўрсатиб келаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Масалан, ушбу лойиҳа доирасида партиямиз фаоли, «Ифтихор» кийим саноат корхонаси раҳбари Анна Добрых ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларини 1000 та мактаб формаси билан таъминлаган бўлса, халқ депутатлари Миробод туман Кенгашидаги ЎзЛиДеП депутатлик гуруҳи аъзоси Х.Фазилов Тошкент давлат жаҳон тиллари университети 1-босқич талабасининг бир йиллик контракт пулини тўлаб берди. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

Хулоса ўрнида айтганда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш, уларнинг қулай муҳитда бўлиши учун зарур шароитлар яратиш олдимиздаги энг муҳим ва устувор вазифа саналади. 3 декабрни Халқаро ногиронлар куни сифатида бутун дунё бўйлаб кенг нишонланиши замирида ақлан ва жисмонан нуқсони бор фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоялаш, турмуш шароитларини яхшилашдек эзгу мақсадлар мужассам. Зотан, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш орқали жамиятнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётидаги фаоллигини таъминлашга эришиш мумкин.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер