Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Рустам Қосимжонов… ФИДЕ рейтинги янгиланди

11:07 07 Январь 2025 Спорт
171 0

Жаҳон шахмат федерацияси декабр ойининг якунлари бўйича ўз рейтингини янгилади. Мазкур рейтингда ўзбекистонлик шахматчиларнинг муваффақияти яна бир бор эътироф этилди. Қайд этиш керакки, кучли 100 таликдан 5 нафар гроссмейстеримиз жой олди. Ушбу муваффақият ўзбек шахматининг халқаро миқёсда ўсиб бораётган нуфузини кўрсатмоқда.

Янгиланган рейтингда Нодирбек Абдусатторов рейтинг очколари 9 пунктга камайган бўлса-да, 2768 очко билан 6-ўринни сақлаб қолди. Шу билан бирга, Нодирбек ёшлар ўртасидаги рейтингдан чиқарилган, чунки у бу йил 21 ёшга тўлади ва катталар рейтингида қатнашмоқда.

Жавоҳир Синдоров (2692) ўз ўрнини яхшилаб, 37-поғонага кўтарилди. Аввалги ойда 46-ўринда бўлган Синдоров бу ойда 9 поғона юқорилади. Тажрибали гроссмейстер Рустам Қосимжонов (2683) эса 45-ўринда жойлашган.

Шамсиддин Воҳидов (2670) бу ойда 52-ўринга чиқди, аввалги ойда у 62-ўринда қайд этилган эди. Нодирбек Якуббоев (2659) эса 67-ўринга тушиб кетди, у аввалги ойда 62-ўринда эди. Рейтингдаги бу ўзгаришлар шахматчиларимизнинг тинимсиз кураш олиб бораётганини кўрсатади.

Ёшлар рейтингида эса ўзбекистонликлар муваффақиятлари давом этмоқда. Жавоҳир Синдоров кучли учликдан жой олган бўлса, Мухриддин Мадаминов 31-ўринда ва Муҳаммадзохид Суяров 68-ўринда жойлашган. Ўзбекистонлик ёш шахматчиларнинг бу натижалари келажакда янада юксак марраларни забт этишга тайёр эканликларидан далолатдир.

Шуни алоҳида айтиш мумкинки, 2024 йилда Мухриддин Мадаминов ва Ортиқ Нигматовлар гроссмейстер унвонига сазовор бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер