Нодирбек Абдусатторов «Tata Steel Chess 2025»да етакчиликни йўқотди
Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича анъанавий «Tata Steel Chess 2025» турнири қизғин давом этмоқда. Мусобақанинг 7-тур беллашувлари мухлисларга шиддатли ўйинларни тақдим этди.
«Мастерс» гуруҳида пешқадамлик қилаётган ўзбекистонлик гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов қора доналарда Нидерландия шахматининг етакчи вакили Аниш Гири билан дуранг ўйнади.
Бу натижа Абдусатторовнинг умумий ҳисобда очко йўқотишига олиб келди. Ҳиндистонлик ёш истеъдодли шахматчи Гукеш Доммараджу бу имкониятдан унумли фойдаланиб, оқ доналарда Пентала Ҳарикришнани мағлубиятга учратди ва 5 очко билан мусобақа жадвалида пешқадамликни қўлга киритди.
Абдусатторов ва Рамешбабу Прагнанандҳа 5 тадан очко тўплаб, иккинчи ва учинчи ўринларни банд этган. Ушбу уч шахматчи мусобақанинг 7 туридан сўнг ҳали мағлубиятга учрамади. Шунингдек, хитойлик Вей Йи 7 партиянинг барчасида дуранг қайд этиб, мусобақанинг энг барқарор шахматчиларидан бирига айланди.
«Челленжер» гуруҳида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Нодирбек Якуббоев бу турда туркиялик 16 яшар иқтидорли шахматчи Эдиз Гурелга мағлуб бўлди. Бу Якуббоев учун мусобақадаги учинчи мағлубият бўлди.
Ҳозиргача 3 очко тўплаган шахматчимиз умумий жадвалда 10-поғонада қайд этилмоқда. Мазкур гуруҳда чехиялик Ван Нгуен ва мезбон шахматчи Эрвин Лами 5 тадан очко жамғариб, етакчилик қилмоқда.
Бугун 8-тур ўйинлари давом этади. Нодирбек Абдусатторов ҳозир жуда ажойиб ўйин кўрсатаётган Владимир Федосеевга қарши дона суради. Якуббоев эса руминиялик Ирина Булмага қарши ўйнайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг