Нодирбек Абдусатторов ҳиндистонлик шахматчига ютқазиб қўйди

Шу кунларда Руминия пойтахти Бухарест шаҳрида классик шахмат бўйича нуфузли турнир — «Superbet Chess Classic Romania» бўлиб ўтмоқда. Ушбу мусобақа «Grand Chess Tour 2025» таснифига киритилган ва унинг умумий мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ долларини ташкил қилади.
Турнир ғолиби 100 минг АҚШ долларлик бош совринни қўлга киритади. Мусобақада дунёнинг энг кучли гроссмейстерлари иштирок этмоқда. Улар қаторида ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ҳам иштирок этяпти.
Абдусатторов турнирнинг дастлабки икки турида кучли рақибларга қарши дуранг натижаларини қайд этди. Биринчи турда у америкалик тажрибали шахматчи Левон Аронян, иккинчи турда эса амалдаги жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммараджу билан дона алмашди. Аммо учинчи турда ҳамюртимиз қора доналарда яна бир ҳинд шахматчиси — Рамешбабу Праггнанандҳага қарши ўйинда мағлубиятга учради.
Учинчи турда умумий ҳисобда 5 та партия ўтказилди. Уларнинг учтасида дуранг натижалари қайд этилди. Француз гроссмейстери Алиреза Фирузджа америкалик Фабиано Каруанага қарши партияда мағлубиятга учради. Шу турда жаҳон чемпиони Гукеш румин шахматчиси Богдан-Даниэл Дик билан дурангга рози бўлди.
Қолган икки партия — Уэсли Со (АҚШ) ва Ян-Криштофф Дуда (Польша) ўртасидаги, ҳамда Левон Аронян ва франциялик Максим Вашье-Лаграв ўртасидаги учрашувлар ҳам мусобақанинг тенг курашлар руҳида ўтаётганини кўрсатди. Ҳар икки ўйин дуранг натижа билан якунланди.
«Superbet Chess Classic Romania» турнири жаҳон шахмат аренасида катта эътиборга сазовор бўлган мусобақалардан бири бўлиб, унда ҳар бир ўйин жаҳон рейтингларига таъсир кўрсатиши мумкин. Нодирбек Абдусатторов олдида ҳали бир неча турлар бор ва унинг кейинги партияларида яхшироқ натижалар қайд этиш имконияти мавжуд. Ҳамюртимизга кейинги турларда омад тилаймиз.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг