Нега йўловчилар автобус қатновидан норози?
Фарҳод ЭСОНОВ/«Халқ сўзи». Ташқари совуқ, қиш ёмғири шивирлаб турибди. Одатдагидек кечки пайт автобус ичкариси гавжум — қарилар, ёшлар, аёллар, эркаклар. Ўриндиқларда ёши катталар, бир қўлида тутқични тутган тик турганлар қалин кийимларда, нам ўтган оёғини илитиш мақсадида ер тепинади. Толиққан, чарчоқ юзлар, ўйчан чеҳралар, кўпчилик ишдан, ўқишдан қайтяпти. Кимдир ўтган кунидан мамнун, баъзилар муаммолар оғушида. Нима бўлганда ҳам уйга тезроқ боришга ошиққан.
Шаҳардан йўлга чиққан автобус ниҳоят бекатларда бирин-кетин тўхтай бошлади. Манзилига етган йўловчилар ҳайдовчига “барака топинг, раҳмат”, дея миннатдорлик билдиришарди. Ўрта ўриндиқларнинг бирида ўтирган, ёши тахминан элликларда аёл, тушиши яқин шекилли, амаллаб олд эшик томонга яқинлашди. Аёлнинг камзул устидан кийган нимчасидан унинг ободонлаштириш бошқармаси ишчиси эканини билиш мумкин. У ҳайдовчига юзланиб, “Илгари яхши эдиларинг, автобус маҳалламизга ҳам кирарди. Ҳатто “Сабзипоя” маҳалласигача бориб қайтарди”, дея маломат қилди.
“Олдин автобуслар соляркада юрарди. Йўловчилар ҳам кам чиқарди, харажатни қопламасди. Ҳозир “метан”дамиз, одам ҳам кўпайди. Балки аҳоли мурожаат қилишса, йўналиш қайтар”, дея ҳайдовчининг мулойимлик билан қилган жавоби олдинига аёлга қандайдир умид бағишлагандек туюлди. Лекин аёл бу масалани айтишдан армонлари қолмаганини билдириб тушиб кетди.
Эртаси куни якшанба — дам олиш куни. Шундан фойдаланиб, Термиз шаҳрига туташ — Термиз туманидаги “Сабзипоя”, “Гулистон” маҳаллаларига бордик. Автобусда учратган аёлни излаб, сўраб-суриштириб топдик. Кечаги автобусдаги бўлган воқеаларни гапирганимда, зийрак аёл экан, шу заҳоти эслади.
— Бир пайтлари Термиз шаҳридан 3-йўналишли автобус бизнинг ҳудудга ҳам кирарди, — дейди “Гулистон” маҳалласида яшовчи Нигора Бўронова. — Анчадан бери автобус катта йўлдан тўғри ўтиб, аэропортдан қайтади. Биздан катта йўлгача чамамда 4-5 километр, пиёда бориш имконсиз. Шунинг учун бу ердан йўналишли “дамас”лар қатнайди. Йўлкира киши боши беш мингдан, “дамас”ларда шаҳардаги “Яшил бозор”гача етиб олиш мумкин. Ундан кейин кимдир ишга, айримлар ўқишга яна бошқа транспортларга чиқишга мажбур. Масалан, мен туман ободонлаштиришда ишлайман. Энг камида 10-15 минг йўлкира сарфлайман. Бундан ташқари, яна икки нафар оила аъзоларимиздан шаҳарга қатнашади. Кунлик йўлкира харажатимизни тасаввур қилаверинг. Бу фақат бизнинг оиладаги муаммо эмас. Кўплаб хонадонларда шундай. Ҳудудимизда мен каби оддий ишчилар кўп. Ушбу масалада бир неча бор мурожаат ҳам қилганмиз.
Ҳақиқатдан, жамоат транспорт тизими аҳолининг кундалик ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айниқса, автобус қатнови кўплаб одамлар учун ишга, ўқишга, бозорлар ва бошқа мақсадлар учун бориш-келишда қулай ва арзон йўл ҳисобланади. Бу айниқса, жамоат транспорт хизматларидан кўпроқ фойдаланувчи, яъни кам даромадли оилалар учун муаммоли масала.
— Бугунги кунда вилоятимиз, айниқса, Термиз шаҳри ва тумани ҳар доимгиданда обод, файзли масканлардан, — дейди “Сабзипоя” маҳалласининг имоми Тошболта Турдиев. — Воҳамизнинг иқтисодий салоҳияти, халқимизнинг яшаш шароити ҳам ўсмоқда. Одамлар шунга қараб интилмоқда. Бир чекка маҳаллада газ қувурлари тортиляпти. Яна бошқаларида ичимлик суви келтириляпти. Йўллар таъмирланяпти, янги-янги ижтимоий объектлар қуриляпти. Одамларнинг муносиб турмуш кечиришлари учун қайсидир муаммо ўртага чиқса, шу заҳоти бартараф этиляпти. Айни пайтда бизнинг маҳалла ва унга туташ “Гулистон” маҳалласида саккиз минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади. Тўғри, ҳатто баъзи оилаларнинг 4-5 нафар аъзоси Термиз шаҳрига кундалик қатнашади. Йўлкира масаласи энг катта муаммолари. Шу нуқтаи назардан, агар автобус қатнови қайта йўлга қўйилса, ҳам аҳолига катта кўмак, ҳам савобли иш бўларди.
“Гулистон” маҳалласида ўзини Жамила Пармонова деб таништирган нафақадаги ўқитувчини учратиб қолдик. У нима мақсадда келганимни эшитиб, қизиқ бир ҳолатни айтиб қолди.
— Ука, автобус қатновини тиклаш масаласи анча чигал, — дейди Жамила опа. — Билсангиз, автобуснинг маҳалламизга келишига мутасаддиларнинг ҳеч қандай эътирозлари йўқ. Айниқса, бу муаммо вилоятимиз раҳбарининг қулоғига етса, ишонаман, шу куннинг ўзидаёқ масала ҳал бўлади. Аммо автобус ҳайдовчиларини “дамас”чилар бездиради. Кирмай қўйганига ҳам айнан, “дамас”лар сабаб. Улар бир бўлишиб, автобусларни йўлларда сиқиб қўяди, эркин юришига имкон бермайди. Зўравонлик қилиб, шу йўл билан уларни “ҳайдашади”. Кошки улар, карвон кўп бўлса-да, ризқи бўлаклигини тушунишса. Қўйинг бу масалани, шундайга ҳам йўлларимиз хавфли. 2023 йилда қурилган замонавий мактабга элтувчи йўлларимизда пиёдалар йўлаги ҳанузгача йўқлигидан ҳар куни юрагимизни чангаллаб ўтирамиз.
Янги Ўзбекистонда одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун барча шароитларни яратиш — бош мақсад. Бу масъуллар ушбу масалани ўрганиб, қисқа фурсатда муаммони бартараф этишига бизга умид бағишлайди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг