«9 нафар футболчи 11 нафар футболчига қарши»: Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Осиё кубоги соҳибига айланди

Саудия Арабистони яшил майдонларида ўтказилаётган 17 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги мусобақаси ўз якунига етди. Аҳамиятлиси шундаки, ушбу турнирнинг финал баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси мусобақа мезбони ҳисобланган Саудия Арабистони терма жамоасига қарши саф тортди.
Ўйиннинг биринчи бўлими ҳамюртларимиз учун омадсиз якунланди. Тенгкурашлар остида ўтган дастлабки 45 дақиқаликнинг 40-дақиқасида терма жамоамиз футболчиси Нурбек Сарсенбаевга қизил карточка кўрсатилди. Орадан кўп вақт ўтмай биринчи бўлимнинг сўнгги, 45-дақиқасида Миразиз Абдукаримов саудияликлар ҳужумчисини қўполлик орқали тўхтатиб қолди. Учрашув ҳаками ҳамюртимизга қизил карточка кўрсатди. Биринчи бўлим шу тариқа якунланди.
Иккинчи бўлим икки киши кам бўлиб қолган ҳамюртларимиз устунлигида бошланди. Кетма-кет ҳужумларимиз натижасида, 50-дақиқага келиб, рақиб ҳимоячиси ўз жарима майдончаси ичида тўпни қўли билан ўйнади. Ушбу ҳолатни ВАР тизими орқали текширган бош ҳакам саудияликлар дарвозасига пенальти белгилади. Ушбу 11 метрлик жарима зарбасидан футболчимиз Муҳаммад Ҳакимов унумли фойдаланди ҳамда ҳисобни очди.
Иккинчи бўлимнинг қолган қисмида рақибларимиз бироз фаоллик кўрсатишди. Бир қанча ҳужумлар ҳимоячиларимизнинг ишончли ҳаракатлари билан бартараф этилган бўлса, дарвозабонимиз ҳам супер сейвлар эвазига дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолди. Учрашувнинг 70-дақиқасига келиб, футболчимиз Садриддин Ҳасанов дарвозабонимизнинг ажойиб узатмасини рақибнинг икки нафар ҳимоячисини доғда қолдирган ҳолда дарвозабоннинг оёқлари орасидан ўтказиб, голга айлантирди. Шу тариқа, майдонда ҳаракат қилаётган 9 нафар футболчимиз 11 нафар футболчига қарши 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди.
Учрашувнинг қолган вақти давомида саудияликлар қанчалик ҳужум қилишга уринмасин, ҳимоячиларимизнинг ишончли ҳаракатлари эвазига голли вазиятлар ярата олишмади. Учрашув 2:0 ҳисобида ҳамюртларимизнинг ғалабаси билан якунланди.
Шу тариқа Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Саудия Арабистонида ўтказилган 17 ёшгача футболчилар ўртасидаги Осиё кубоги турнири ғолибига айланди.
Ислом Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон U-17 терма жамоаси турнирни жуда яхши ўтказди. Гуруҳ босқичида дастлаб Таиландни 4:1 ҳисобида мағлуб этган юртдошларимиз, иккинчи турда Хитой устидан 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришиб, гуруҳ босқичи ва жаҳон чемпионати йўлланмасини ҳал қилган эди. Учинчи турда мезбон Саудия Арабистонига қарши расмиятчилик учун ўтказилган ўйинда ҳам 3:0 ҳисобида ғалаба қайд этилганди.
Плей-офф босқичида эса аввалига БАА 3:1 ҳисобида таслим этилди, яримфиналда эса КХДР дарвозасига жавобсиз 3 та тўп киритди.
Маълумот учун, терма жамоамиз турнирнинг гуруҳ босқичини 100 фоизлик натижа билан якунлаган ҳамда жорий йилнинг 3–27 ноябр кунлари Қатар майдонларида ўтказиладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритган эди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг