Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади

20:45 28 Октябр 2025 Спорт
1332 0

Фото: «Насаф» ФК

Ўзбекистон футбол ассоциацияси «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги иштироки юзасидан суриштирув ўтказади. Бу ҳақда Ассоциация матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилнинг 26 октябрь куни ўтказилган ОКМК ҳамда «Насаф» клублари ўйинидан сўнг бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг билдирган фикрлари футбол жамоатчилиги орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

«Ким чемпион бўлишини мавсум охири кўрсатади. Лекин кўпчилик «Нефтчи»га кўпроқ баҳо беряпти. Биз қараб турмаймиз, биз яқинмиз. Биз анчадан бери мағлубиятсиз келяпмиз. Чемпионликка лойиқмиз. Шу суръатда бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

«Нефтчи»нинг қанчалик ҳаракат қилаётганини сизлар ОАВ вакиллари ҳам билиб турибсизлар. Агар «Нефтчи» ушбу вазифани амалга оширса, ортдаги инсонлар қаҳрамон бўлади, шекилли. Менимча, гапимни тушундингиз. Улар чемпион бўлса, қаҳрамонларни майдондан излаш керак эмас. Улар майдон ортида бўлади. Бу менинг фикрим», — деганди Бердиев.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур ҳолат юзасидан ўрганиш ва суриштирувларни ўтказади ҳамда унга ҳуқуқий баҳо беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер