Нега бозорларимизда хурмо энг арзон мева?
Юртимиз боғлари шарбатга тўлди. Шу кунларда сахий кузнинг яна бир туҳфаси бўлган хурмо пишди. Бу мева дарахтини Фарғона водийида деярли ҳар бир хонадон ҳовлисида учратишингиз мумкин. Шу билан бирга бозорларимизда ушбу оловранг меванинг нархи негадир ҳамиша арзон бўлади. Тадбиркорлар бунга баъзи навларининг таъми тахирлигини, сифати тез бузилишини сабаб қилиб кўрсатадилар.
Аслида олма, анор, узум, нок сингари боли тилни ёрадиган меваларимиз ичида хурмо таркиби натрий, калий, магний, темир моддаларига анчайин бой эканини ҳамма ҳам билавермайди. Қадимий табобатда ҳам, замонавий тиббиётда ҳам хурмо саратон ҳужайралари илдизини қуритиш хусусиятига эга эканлиги учун алоҳида қадрланади.
Ҳозирги кунда кардиологлар юракни қувватлантириш учун “Аспаркам” таблеткаси ёки инъекцияси, неврологлар эса бош оғриғи, мия қон томирларининг торайиши оқибатида келиб чиқадиган касалликларни даволашда “Лизин” инъекциясидан фойдаланишни тавсия этади. Фарғона шаҳрида фаолият кўрсатувчи хусусий амалиёт шифокори Валишер Ибрагимовнинг қайд этишича, бир дона хурмода 0,079 грамм аспараген кислотасиэ, 0.045 грамм лизин ва 310 мг калий мавжуд. Демак, кунига уч-тўртта хурмо истеъмол қилишга одатланиш юрак ва бош оғриғи хасталикларидан халос этади.
Айни пайтда хурмо етиштириш борасида юртимизда Сурхон воҳаси пешқадам. Лекин бу мева Фарғона водийида аҳоли томорқалари, ҳатто тоғли ва чўл ҳудудларида ҳам парваришланиб, мўл ҳосил олишга эришилаётганини қайд этиш ўринли.
Фарғона туманида истиқомат қилувчи хурмо миришкори Абдурасул Мирзаевнинг айтишича, хурмо дарахтларининг бир тупидан ўртача 200-300 килограмм ҳосил олиш мумкин. Айни кунларда аҳоли томорқаларидаги бир туп хурмо дарахтидан 150 килограммгача ҳосил йиғиштириб олиняпти.
-Воситачи тадбиркорлар (брокерлар) хонадонимиздан хурмонинг бир килосини 2 минг сўмдан улгуржи нархда олиб, экспорт қилувчиларга 3 минг сўмдан ўтказишади, - дейди Абдурасул ака. – Бозорларимизда эса чакана нархда 4-5 минг сўмдан сотилмоқда. Хурмодан олинадиган даромад камлиги боис унинг ўрнига гилос, узум, олма сингари меваларни экиш тобора урфга кираётганини ҳам айтиш керак.
Аммо катта меҳнат талаб қилмайдиган, касалликка, совуққа чидамли, кўп мева берадиган, шифобахш хурмонинг янги навларини кўпайтириш давр талаби. Чунки бугун боғбон табиат ноқулайликларидан кўп қийналмоқда. Шу боис хурмо етиштиришга ҳам илм-фан ютуқларини, инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш керак, назаримизда.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Хитой, Корея Республикасида хурмо дарахтидан мебель жиҳозлари, АҚШда эса спорт анжомлари тайёрлаш анча оммалашган. Туркия хурмони қайта ишлаш бўйича жаҳон бозорида улкан салоҳиятга эга мамлакат ҳисобланади. Бизда эса хурмо дарахти ўтин сифатида ишлатилаётгани, меваси сув текинга сотилаётгани таассуфли. Бу борада тажрибали боғбонлар, томорқа эгалари ҳамда тадбиркорлар муштарак мақсад йўлида ўзаро бирлашиб, хурмони шунчаки арзон мева сифатида сотиш эмас, саноат усулида қайта ишлаш, мебелчилик тармоқлари фаолиятини кенг йўлга қўйиш борасида жиддий ҳаракат қилишларини замоннинг ўзи тақозо этмоқда.
Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг