Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда

10:58 01 Октябр 2024 Жамият
299 0

Мамлакат келажаги, барча соҳаларда юксак мақсадларга эришиши ҳар томонлама баркамол миллий кадрларга боғлиқ. Шу боис юртимизда кейинги йилларда олий таълим сифати ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир олий таълим муассасасининг жаҳондаги етакчи олийгоҳлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиши, ўқув жараёнига халқаро таълим стандартларини татбиқ этиши ва илғор педагогик технологияларни жорий қилишини даврнинг ўзи тақозо қилмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда. Ҳаммамиз кўриб турибмиз: бугунги шиддатли замон олдимизга қандай оғир ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. Уларни ҳал этиш ва эзгу мақсадларимизга етиш учун халқимиз, аввало, ёшларимизни илм-фан ва тараққиёт ютуқлари билан қуроллантиришимиз шарт.

Мамлакатимизда ҳар йили янги-янги олий таълим муассасалари ташкил этилиб, ёшларни қамров даражаси ҳам ортиб боряпти. Бугунги кунда биргина Самарқанд вилоятида 13 та давлат олий таълим муассасаси мавжуд бўлса, қатор хусусий олий таълим даргоҳлари ҳам фаолият юритмоқда. Уларда қанчадан-қанча иқтидорли талабалар сабоқ олмоқда.

Мен Самарқанд давлат университетида ўзбек тилшунослиги мактабининг асосчилари Улуғ Турсунов, Раҳматулло Қўнғуров, Худойберди Дониёров, Ҳамдам Бердиёров каби улуғ олимлар ишини давом эттираётганимдан доим фахрланаман. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, профессор Раҳматулло Қўнғуровнинг шогирди сифатида шуни айтаманки, устозининг ишларини давом эттирган инсон ҳеч қачон кам бўлмас экан. “Зулфия поэзиясининг тили ва услуби” мавзусида номзодлик, “Ўзбек тилининг бадиий услуби” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилдим. 400 дан ортиқ турли характердаги илмий, илмий-методик ва илмий-оммабоп мақолалар ҳамда 39 та монография, дарслик, ўқув, ўқув-услубий қўлланмалар, луғатлар ва библиографик кўрсаткичлар нашр эттиришга муваффақ бўлдим.

1990 йилдан ҳозирга қадар СамДУ ўзбек тилшунослиги кафедрасининг докторанти, ўзбек филологияси факультети декани ўринбосари, Филологик марказ директори ўринбосари, ўзбек тилшунослиги кафедраси мудири, ўзбек филологияси факультети декани, ўзбек тилшунослиги кафедраси профессори лавозимида фаолият олиб бордим.

Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Фармонига биноан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони билан тақдирланганимдан беҳад мамнун бўлдим. Менга берилган бу юксак мукофотни бутун самарқандлик олимларга кўрсатилган эҳтиром белгиси деб биламан.

Ишончим комилки, мамлакатимизда таълимга қаратилган эътибор ўз самарасини бера бошлади. Таълим сифат босқичига ўтди. Бу ҳали ўз мевасини кўрсатиб, учинчи Ренессанс пойдевори бўлиб хизмат қилади.

Суюн КАРИМОВ,

Самарқанд давлат университетининг ўзбек

тилшунослиги кафедраси профессори,

Ўзбекистон Республикасида хизмат

кўрсатган ёшлар мураббийси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер