Навоийлик деҳқонлар “қовун пашшаси”дан қачон қутулишади?

Фото: “Халқ сўзи”
Бугун Навоий вилоятига йўли тушган инсон қовуннинг нархи республикамизнинг бошқа ҳудудларига қараганда бироз баландлигини кузатиши мумкин. Бунинг асосий сабаби пайкал зироатчилигида ўз мактабига эга Нурота, Хатирчи ва Жалойир ҳудудларига “қовун пашшаси” ҳашароти жиддий зиён етказаётгани мисолида кўриш мумкин.
Хўш, вилоятда бу муаммога қачон ечим топилади? Айни йўналишда қишлоқ хўжалиги мутахассислари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда полиз маҳсулотлари етиштирувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, томорқа эгалари ўртасида қачон ҳамкорлик йўлга қўйилади?
Талаб ва таклиф бор, лекин кафолат йўқ
— Кечагидек эсимда, — дейди меҳнат фахрийси Абдураҳмон Нуриллаев. — Одамлар Гумбаз тарвузи, Хайробод қовуни (Нурота туманидаги ҳудудлар), Хатирчидан “обиноввот”, Жалойирдан “гулоби” ва “шакарпалак”ни Навоий шаҳридаги деҳқон бозорларида навбат туриб олишарди. Ҳар бир қовун-тарвузлар пичоқ тортишинг билан ёрилиб кетар, ширасидан лаблар бир-бирига ёпишиб қоларди.
Навоий вилояти марказига бу каби тарвуз ва қовунлар келмай қўйганига ўн йилча бўлди. Буни кўпчилик республикамиз ҳудудига кириб келган “қовун пашшаси”нинг асоратлари билан боғлашади. Мазкур зараркунандага кимёвий усул билан курашишнинг бир қатор воситалари мавжуд.
— Аммо ўша препаратлар самараси кафолатланмаган, — дейди нуроталик тажрибали деҳқонлардан бири Аҳмад Жабборов. — Тўққиз йилдан бери қовун-тарвуз етиштираётган бўлсам, кейинги етти йил давомида ушбу муаммо билан курашамиз. Тўғриси, бу зараркунанданинг қандай аталишиниям билмай бошимиз қотган. Билганимиз, қовуннинг ичига кириб, еб битириб, чиқиб кетади.
Деҳқоннинг ташвишида жон бор. “Навоийагрокимёҳимоя” ҲАЖ бўлим бошлиғи Тўлқин Бўроновнинг таъкидлашига кўра, “қовун пашшаси”га қарши бир мавсумда камида уч-тўрт бор кимёвий воситалар билан ишлов ўтказиш талаб этилади. Шунингдек, эртапишар ва кечпишар полиз экинларини бир-бирига яқинлаштирмасдан парваришлаш тавсия қилинади. Таъкидлаш жоиз, мазкур ҳашарот тушган пайкалда 90 фоизга қадар ҳосил нобуд бўлади.
Хуллас, ҳар йили меҳнати ва қилган харажатига куйиб қолаверган деҳқонлар алалоқибат қовун экмай қўя қолишган. Бу орада уларни етиштиришда тўпланган тажриба ва малаканинг авлоддан-авлодга ўтишидаги узвийлик ҳам йўқолиб бормоқда. Вилоят бозорларини эса Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларидан келтирилган қовун-тарвузлар эгаллаб бўлди. Шу ўринда ҳақли савол туғилади: “қовун пашшаси”нинг мазкур ҳудудларга оёғи етмайдими?!

Фақат қоғозда, амалдачи?..
Вилоятнинг қадим Жалойир қишлоғи воҳанинг ягона — Зарафшон дарёси соҳилида жойлашган. Гўшанинг унумдор тупроғида омилкор киши йил ўн икки ой сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштириб, ҳосил олади. Айниқса, Жалойирда етиштирилган “бўрикалла”, “гулоби”, “шакарпалак”, “қорақанд” ва “обиноввот” қовунларнинг таъми кекса авлоднинг тилидан ҳамон тушмайди.
Акрам Ҳомидов, Вопо Бозоров, Қамбар Рўзиев, Усмон Турсунов, Исмоил Маматов, Фармон Эргашев, Неъмат Гадоев каби деҳқонлар яқин-яқинларгача Жалойир қовунчилигини машҳур қилишган эди. Улар етиштирган қовунлар ҳатто Самарқанд ва Бухоро бозорларида ҳам “фалончи”нинг пайкалидан деб аталарди. Ҳандалак эса ҳар бир хонадоннинг эртапишар, асосий пайкалдаги қовунларнинг дебочаси, полизчиликда чилги ҳосили бўлган. Бугун кексалик гаштини сураётган саксон икки ёшли Самад Бозоров Жалойир деҳқончилик мактабининг тажрибали зироатчиларидан бири бўлиб, қовун етиштиришнинг ҳадисини олган.
— Ота-боболаримиз қовунчиликда эҳтиёткорлик билан иш тутиб, айниқса, нав, уруғ танлашда адашмаганлар, — дейди жалойирлик меҳнат фахрийси Самад Бозоров. — Қовун етиштиришда унумдор, сизот сувлардан узоқ, қаттиқ, очиқ ва соясиз жойни танлашган. Негаки, қовун жудаям иссиқсевар, унинг учун мўътадил ҳарорат фанда 25-30 даража дейилсада, 40-50 даража иссиқликда ҳам яхши ҳосил олиш мумкин.
Бир сўз билан айтганда, полизчиликка мос бундай экин майдонлари вилоятда бисёр. Маълумотларга кўра, бу йил вилоят бўйича қарийб 3 минг гектарга қовун ва 1124 гектарга тарвуз экилган. 110 минг тоннадан ошиқроқ ҳосил олиш режалаштирилган.

Илм ва инновация ишга солинса...
Таъкидлаганимиздек, вилоятнинг ҳар бир ҳудуди қовун-тарвуз етиштиришда ўз мактабига эга бўлган. Масалан, жалойирлик машҳур деҳқон Фармон Эргашевни ҳануз тажрибали деҳқон сифатида тилга олишади. Айтишларича, унинг пайкалидан келган қовун-тарвуз тугамагунча, бозорда бошқаларнинг савдоси юришмас экан. Бу жиндек муболаға бўлиши мумкин, лекин Самад бобонинг қуйидаги сўзлари муболаға эмас.
— Фармон деҳқон ерни ҳайдашдан аввал 20-40 тонна гўнг солиб, аммиакли селитрани умуман ишлатмасди, — дея хотирлайди С. Бозоров. — Қовун уруғини ўз намида ундириб, гуллаб, найча ҳосил қилгунча сув ҳам бермасди. Бунинг учун палак атрофини кетмон билан тўрт-беш марта чопиқ қилиб, юмшатарди. Сабаби, агар қовун уруғи экилиши билан суғорилса у тез сувга келган ва натижада таъми ширин бўлмаган.
— Бу йил қовунни жуда кам, ўзимизга егулик учун экканмиз, — дея давом этади А. Жабборов. — Чунки бу балога тажриба ва меҳнат билан бас келиш қийин. Шунинг учун олимларимиз бирор бир кафолатли чорани тавсия этишмас экан, қовунни таваккал эккандан наф йўқ.
Бир сўз билан айтганда, навоийлик деҳқонлар ушбу ҳашорат таъсиридан безиллаб қолишган. Натижада фаровонлик, саломатлик манбаи бўлган бу неъматни етиштиришга кўпчилик деҳқонлар жазм этишмаяпти. Бозорларда эса қўшни ҳудудлардан келаётган қовунларга транспорт харажати қўшилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, муаммо фақат қовун нархининг баландлигида эмас. Абу Али ибн Сино қовуннинг шифобахш хусусиятига тўхталиб, қовун пишиғи чоғи пайкалда унинг ҳидидан тўйган киши асаблари тезда жойига тушишини таъкидлаган. Шунингдек, табиб буйрак ва бошқа бир қатор хасталикларни даволашда қовун ва унинг уруғидан гиёҳ сифатида фойдаланган экан. Бир сўз билан айтганда, саломатлик учун кони фойда ушбу неъмат ана шу тахлит кам етиштирилмоқда.
Қолаверса, қовун ҳам тарвуз каби экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳисобланади. Мисол учун, Кармана туманидаги “Fruit exem“ корхонаси томонидан етиштирилган тарвуз маҳсулотлари бугунги кунда Латвия, Литва, Эстония, Полша каби Европа давлатларига экспорт қилинмоқда. Корхона раҳбариятининг сўзларига қараганда, етиштирилган тарвузнинг учдан икки қисми экспорт қилинади.
Табиийки, “қовун пашшаси”га қарши курашда деҳқонларга амалий ёрдам кўрсатилса, уларнинг даромади ошиши билан бирга экспортбоп маҳсулотлар тури ортиши, ички бозорларимизда нарх-наво барқарорлиги таъминланиши аниқ. Бир сўз билан айтганда, Навоий вилоятида боболардан мерос полиз маҳсулотлари етиштиришдаги ҳаётий тажриба ва маҳорат мактабини сақлаб қолиш учун соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ғояларни кенг татбиқ этиш ҳаётий заруратдир.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
- Самарқанд яна бир нуфузли форумга мезбонлик қилади
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Марказий банк шошилинч огоҳлантириш билан чиқди
- «Leapmotor» Ўзбекистонда ўтказилган автомобиль тести натижаларидан норозилигини билдирди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг