Навоий вилоятига кутубхона жиҳозлари карвони етиб келди

16:17 25 Январь 2024 Жамият
355 0

Умумтаълим мактабларининг кутубхоналари фаолиятини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Бибтехника” жамланмалари ортилган карвон Навоий вилоятига етиб келди.

Инвентарь китоби ҳамда кундалик дафтари, китобхон формуляри, “чўнтакча”, алифболи карточка, қайтарув варақаси, тўплам ғилофи, китоб формуляридан иборат жамланмани вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ва вилоят Болалар кутубхонаси масъуллари қабул қилиб, мазкур предметлар нафақат кутубхоналар фаолияти балки китобхонлар билан муносабатларни тартибга солишда ҳам қатор қулайликлар яратишини таъкидладилар.

— Мазкур жамланмалар вилоятимиздаги 364 та умумтаълим мактаби, 7 та ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда Навоий вилоят болалар кутубхонасига етказилади, — дейди вилоят Болалар кутубхонаси директори Раъно Ризаева. — Очиғи, узоқ йиллик танаффусдан сўнг кутубхоналаримиз бундай бибтехника маҳсулотларига эга бўлишмоқда. Шу боис масъуллар иштирокида “Бибтехника” жамланмаларидан фойдаланиш бўйича амалий семинар ҳам ташкил этиб, ушбу маҳсулотлардан фойдаланиш, уларнинг аҳамияти бўйича тушунтиришлар берилди.

Шу куни вилоятнинг Қизилтепа тумани “Варозун” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 18-умумтаълим мактабига замонавий компьютерлар жамланмаси, интерактив доска ҳамда қўшимча қурилмалар топширилди. Мазкур хайрли тадбир вилоятнинг саралаб олинган маҳаллаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда БМТ Тараққиёт Дастурининг “Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида амалга оширилиб, Ислом тараққиёт банки ва ОПEК Халқаро тараққиёт фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

— Ўқувчиларимиз ҳам ўқитувчиларимиз ҳам беҳад хурсанд, — дейди мактаб директори Фахриддин Жамолов. — Рақамли смарт-доска фарзандларимизга ахборотни янада қизиқарли ва интерактив тарзда тақдим этиш имконини беради. Бундан ташқари, мультимедиа дарсларини ҳам яратиш имкони мавжуд. Интернет тармоғига уланган компьютерлар орқали эса ўқувчиларимиз барча ресурслардан самарали фойдаланиш имкониятларига эга бўлишади.

Мазкур таълим жиҳозларини топшириш тантаналарида мамлакатимизнинг олис ҳудудларидаги мактаблар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим сифатини ошириш йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлар яна бир бор эътироф этилди ва бунинг жавоби илм эгаллаб, янги марраларни забт этишга қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер