Навоий шаҳри яна улкан қурилишлар майдонига айланди
Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 12 декабрдаги “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 16-бандида 50 млн доллар маблағ ажратган ҳолда Навоий шаҳридаги «Янги Навоий шаҳарчаси» ишбилармонлик маркази ва «Янги Ўзбекистон» боғи қурилишини жадаллаштириш, мазкур бунёдкорлик ишларида муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий инфратузилма объектлари қурилиши бўйича дастлабки ишларни бошлаш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун назарда тутилган харажатлар ҳисобидан Навоий вилояти маҳаллий бюджетига 100 млрд сўм ажратиш вазифалари белгиланган.
Таъкидлаш жоиз, давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳалар тақдимоти билан Навоий вилоятига 2024 йилнинг 31 октябрь – 1 ноябрь кунларидаги ташрифи доирасида танишиб, бир қатор таклифларини берган эди.
Шу асосда ўтган йилнинг ниҳояларида Навоий шаҳри таркибида Янги Навоий шаҳарчаси биринчи босқичи қурилиш жараёнлари бошланиб, ҳудудда баландлиги 7 дан 32 қаватгача бўлган тураржойлар, мактаблар, боғчалар ва поликлиника, шунингдек, боғ ва университетнинг янги биноси қурилиши режалаштирилган.
19 январь куни Навоий шаҳридаги “Фаровон“ МФЙ ҳудудида “GRATIS BUILDINGS” МЧЖ томонидан конгресс ҳол, 27 қаватли меҳмонхона ва бизнес маркази, кўп қаватли тураржой комплекси қурилишига старт берилди. Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, ушбу кун Навоий шаҳри тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрланишини таъкидлади.
— Шаҳарчада аҳоли учун маҳобатли тураржойлар, мактаблар, боғчалар ва поликлиникалар, боғ ва дам олиш масканлари билан бирга вилоятимизда бизнесни ривожлантириш мақсадида тадбиркорлар учун бир қатор қулайликлар яратилади, — деди Н. Турсунов. — Албатта, буларнинг барчаси янги иш ўрни ва ҳудудда аҳоли бандлигини ҳамда фаровонлигини таъминлаш демакдир.
Ўша куни шаҳарнинг “Ёшлик“ маҳалласидаги 19 гектар майдонда қад ростлайдиган Навоий давлат университетининг янги кампуси қурилишига ҳам расман старт берилди.
— Муассасамизнинг янги кампуси қурилишини 2027 йилга қадар ниҳоясига етказиш режалаштирилган, — дейди НДУ ректори Муҳиддин Калонов. — Шаҳарчада 12 минг ўринли ўқув бинолари, 2 минг 400 ўринли талабалар тураржойлари, спорт иншоотлари, амфитеатр, сайилгоҳ, замонавий ўқув лабораториялари, музей, илмий-тадқиқот ва коворкинг марказлари, кутубхона, очиқ ва ёпиқ типдаги бассейн ва бошқа инфратузилмага эга замонавий бинолар қурилади.
Маълумот ўрнида эслатиш жоиз, 1958 йилда асос солинган Навоий шаҳри яқин орада бу қадар кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлган эмас. Табиийки, қурилаётган замонавий ва ҳашаматли иморатлар шундоғам навқирон Навоий шаҳрини янада ёшартириб юборади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг