Навоий кон металлургия комбинати оммавий ахборот воситалари нигоҳида
Фото: “Халқ сўзи”
Навоий кон металлургия комбинати (ҳозирда “НКМК” АЖ) бундан 65 йил муқаддам Қизилқум кенгликларида табиий қазилма бойликларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш мақсадида ташкил этилган. Орадан беш йил ўтиб, комбинат тузилмаларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида Навоий машинасозлик заводи (ўшанда РМЗ)га асос солинган эди. Бугун ташкил этилганлигининг қутлуғ саналарини нишонлаётган ҳар икки корхона мамлакатимиз иқтисодиётининг таянч қувватларидан ҳисобланиб, уларга ОАВ вакиллари учун уюштирилган пресс-тур ва матбуот анжумани ўзига хос ҳисобот бўлди, десак муболаға эмас.
ОАВ вакиллари ва журналистлар дастлаб Навоий машинасозлик заводининг йирик цехларида бўлишиб, корхонада металлни эритишдан тортиб, тайёр маҳсулот ҳолига келтиришгача бўлган жараёнлар ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишишди. Муҳандис ва ишчи-ходимлар билан суҳбатлашдилар.
Таъкидландики, бугунги кунда мазкур завод маҳаллийлаштирилган ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича республикамизда энг юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Корхонада меҳнат қилаётган 3,5 минг нафар муҳандис-технолог, металлург, механик ва конструкторлар меҳнати туфайли 15 минг турдан ортиқ юқори сифатли маҳсулотлар, шу жумладан, металл ва ёғочга ишлов берувчи дастгоҳлар, йирик кон техникалари учун деталлар ишлаб чиқарилмоқда. Комбинат эҳтиёжи учун зарур бўлган эҳтиёт қисмлар, ускуна ва жиҳозларнинг 97 фоизи айни шу цехларда тайёрланмоқда.
— 2023 йилда завод ишлаб чиқариш қувватларини ошириш доирасида “Механик йиғув цехини техник ва технологик қайта жиҳозлаш” лойиҳаси амалга оширилди, — дейди корхона директори ўринбосари Санжар Ражабов. — Мазкур лойиҳа бўйича цехнинг янги биноси қурилиб, замонавий, самарадорлиги юқори дастгоҳлар ишга туширилди. Янги цехнинг ишга туширилиши оғирлиги 980 тоннагача бўлган тегирмонлар, шунингдек, янчиш ускуналари, насослар, қуюлтиргичлар ишлаб чиқариш ва уларни таъмирлаш, оғирлиги 400 тоннагача бўлган йирик ўлчамдаги жиҳозларга ишлов бериш имконини яратди.
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ шу билан бирга заводнинг Қуймачилик цехида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажмини ошириш мақсадида 25 тонналик замонавий металл эритиш печи ишга туширилди.Ушбу печь металл эритиш қувватини йилига 30 фоизгача ошириш имконини бермоқда.
Тадбир якунида иштирокчилар учун матбуот анжумани ташкил этилди. Унда ОАВ вакиллари ва журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.
Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг