“Навоийазот” Бош директори “Ўзкимёсаноат” АЖ раисининг кадр масаласидаги таклифини қўллаб-қувватламади.

18:43 04 Март 2020 Жамият
2970 0

“Ўзкимёсаноат” АЖ мамлакатимиз кимё тармоғи корхоналарини бирлаштирувчи корпоратив тизим ҳисобланади. Акциядорлик жамияти бошқаруви раиси республикамизда фаолият юритаётган барча кимё саноати корхоналарининг Ёшлар иттифоқи етакчилари ва ОАВлари вакиллари иштирокида “Навоийазот ” АЖига пресс тур амалга ошириб, унинг доирасида навоийлик кимёгар ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Мулоқотда “Навоийазот”нинг азот кислотаси қуввати муҳандис технологи Бекзод Шералиев кимё саноати корхоналарининг айни дамдаги лабораториялари ишлаб чиқариш таҳлиллари ва қиёслаш билангина машғул бўлиб қолаётганини билдириб,АЖ қошида инновацион технологиялар бўйича Марказий илмий тадқиқот лабораторияси ташкил этиш таклифини билдирди. Таклиф “Ўзкимёсаноат” АЖ раҳбариятига маъқул тушиб, муаллифнинг шахсига қизиқиш билдирилди. Муддаони англаган “Навоийазот” АЖ Бош директори корхонада инвестиция дастури асосида ишлар давом этаётгани баҳонаси билан Францияда малака оширган мутахассис Б. Шералиевни ўз жамоасида олиб қолди.

Мулоқот чиндан  ҳам ёшларнинг бир қатор истиқболли таклифларига бой бўлди. Хусусан, оддий техник ходим Ситора Сафарова аёл сифатида рўзғор учун кимёвий воситалар ишлаб чиқариш хусусида ўз таклифларини билдирган бўлса, электр таъминоти цехи ишчиси Сирож Раҳмонов инвестиция дастури асосида барпо этилаётган қувватлар учун янги электр лабораторияси ташкил этиш ва уларни шунга муносиб жиҳозлаш таклифини киритди.

Учрашувда шунга ўхшаш ишлаб чиқариш билан боғлиқ ўндан ортиқ таклифлар билдирилди. Шунингдек, “Фарғонаазот” АЖ Ёшлар иттифоқи етакчиси Бобур Мўминов спорт дўстлик элчиси экан тармоқ корхоналари жамоалари ўртасида турли спорт мусобақалари, интеллектуал викториналар ўтказиш бўйича ўз таклифини билдирди. Ёшларнинг уй-жой ва бошқа маиший масалалардаги ҳаётий таклифлари қўллаб-қувватланди. 

Пресс тур иштирокчилари 2017-2021 йилларда мамлакатимизда кимё саноатини ривожлантириш дастури асосида “Навоийазот” АЖдаамалга оширилаётган инвестиция лойиҳаси хусусан, Хитойнинг “China CAMC Engineering CO Ltd”​  компанияси ҳамда маҳаллий мутахассислар ҳамкорлигида ишга туширилган поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси билан танишдилар. Мамлакатимиз раҳбари ўтган йилнинг 28 декабрь куни ушбу лойиҳа қувватларининг иш бошлаш рамзий нуқтасига старт берган эди. Унинг тўлиқ лойиҳа қувватига чиқиши туфайли корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми икки ярим, экспорт 2,7 баробар оширилиб, элликка яқин янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилади.

Корхонада дастур асосида амалга оширилаётган умумий қиймати 1,7 миллиард АҚШ долларига тенг учта лойиҳанинг яна бири карбамид ва аммиак ишлаб чиқариш қувватидир. Унинг қурилиши бўйича Япониянинг “Mitsubishi Corporation” ва “Mitsubishi Heavy Industriyes Ltd”​компаниялар консорциуми билан 897 млн. долларлик шартнома имзоланган. Лойиҳа асосида энергия сарфи юқори бўлган,эски (1964 йил) 1 ва 2- аммиак навбатлари эксплуатациядан чиқарилиб, ўрнига 660 минг тонна аммиак ишлаб чиқарилиш қувватига эга ҳар томонлама тежамкор мажмуа барпо этилади. Пресс тур иштирокчилари мазкур лойиҳа қурилиш майдончасида бўлиб, япон мутахассисларидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

АЖда яна бир лойиҳа – азот кислотаси мажмуаси қурилишини ҳам жорий йилда ниҳоясига этказиш режалаштирилган. Техник иқтисодий асосларга мувофиқ умумий қиймати 216,6 миллион долларга тенг мазкур қувватни Швейцариянинг “CASALE SA”​ компанияси бунёд этмоқда. У йилига 500 минг тонна азот кислотаси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб,122 кишининг бандлигини таъминлайди.

Лойиҳа ишга туширилиши натижасида 1965 йилдан буён фойдаланиб келинаётган, ҳам техник, ҳам маънан эскирган азот кислотаси ишлаб чиқаришнинг 1 ва 2-навбатлари эксплуатациядан олинади.

Мазкур лойиҳа бўйича ҳамкорлар таъминоти уйғун равишда олиб борилиб, 32 нафар мутахассис республикамизнинг олий таълим муассасаларида тайёрланди. 55 нафар ходим эса (шундан 10 нафари чет элда) амалиёт ўтаб келишди.

Замонавий технологиялар билан жиҳозланадиган ушбу мажмуалар навоийлик кимёгарларга маҳсулотлар ҳажмини ошириш, таннархини пасайтириш, шунингдек, рақобатбардошлигини таъминлашга имкон беради. Табиийки, ушбу омиллар барча соҳаларда кимёвий бирикмаларга эҳтиёж ошаётганини инобатга олсак, мамлакатимиз кимё саноатининг ташқи бозордаги мавқейини янада мустаҳкамлаши шубҳасиз.

Темур ЭШБОЕВ,

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер