Навбат — чорвачилик соҳасидаги халқаро кўргазмага

15:41 15 Ноябрь 2023 Жамият
593 0

Фото: “Халқ сўзи”

Наманганда халқаро миқёсда зотдор чорва ҳайвонлари ва паррандалари кўргазмаси ўтказиладиган бўлди. Тадбир учун Янги Наманган туманидаги “Ёшлик барака” чорва ҳайвонлари бозори танланган. Айни пайтда кўргазмага қизғин тайёргарлик кўриш баробарида унда қатнашиш истагини билдирган ишбилармон ва тадбиркорлар ҳамда аҳоли вакиллари рўйхатга олинмоқда. Фарғона водийсида илк бор ташкил этилаётган кўргазмани нега айнан Наманган вилоятида ўтказилмоқда?

 Бу энг аввало, ҳудудимизда соҳанинг жадал тараққиёти билан боғлиқ, — дейди вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Акбаржон Эгамбердиев. — Биргина жорий йил тўққиз ойи якунларига кўра, тирик вазнда 140 минг тонна гўшт, 611 минг тонна сут ва 500 минг донага яқин тухум етиштирилиб, эл дастурхонига етказиб берилгани ва яққол ўсишга эришилгани бунинг тасдиғидир.

Дарҳақиқат, вилоятда иқтисодиётнинг ушбу жабҳаси бўйича тўпланган тажриба оммалаштиришга арзийди. Бунда чорва ҳайвонлари бош сонини зотдор ва сермаҳсул қорамоллар ҳисобига кўпайтириш, озуқа етиштириш базасини мустаҳкамлаш ишларининг намунали йўлга қўйиш масалалари алоҳида ўрин тутади. Хусусан, кейинги пайтларда амалга оширилган 312,6 миллиард сўм қийматга эга 83 та истиқболли лойиҳалар ижроси билан барча тоифадаги хўжаликларда қорамолларнинг умумий бош сони 771,3 мингтага етди. Жойларда 834,9 минг бош қўй ва эчки, 6,5 миллион бош парранда парваришланмоқда.

22 ноябрь куни бўлиб ўтадиган кўргазмада тадбиркорлик субъектлари, ихтисослашган фермер хўжаликлари, шунингдек, аҳоли хонадонлари парваришида бўлган зотдор қорамоллар, парранда, асалари ва балиқлар намойишга қўйилади. Кун тартибидан соҳада тўпланган илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш билан боғлиқ назарий ва амалий тадбирлар ҳам ўрин олган. Иштирокчилар орасида қўшни Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон Республикалари вакиллари ҳам бўлиши кутилмоқда.

Якунда эса кўргазманинг энг фаол иштирокчиларини қатор номинациялар бўйича ғолиблик кутмоқда. Улар эгаллаган ўринларига қараб 10 миллион сўмдан 30 миллион сўмгача бўлган пул мукофотлари ҳамда махсус совринлар билан тақдирланадилар.

                                                                  Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер