Нанайда бўлганмисиз?
Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги Нанай қишлоғи бепоён юртимизнинг шимоли-шарқий қисмида, Қирғизистон чегарасида жойлашган хушҳаво манзилдир. Машҳур қўшиққа мавзу бўлган Наманганнинг қирмизи олмалари айнан шу жойда пишиб етилади. Фақат бугина эмас. Вилоят марказидан 65 чақирим масофада, тоғлар этагида ястаниб ётган гўша ям-яшил манзаралари билан жозибадор. Кислородга бой ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олади киши. Ёзнинг жазирама кунларида ҳам бу ерда ҳарорат бошқа жойлардан деярли 15-20 даража паст бўлади.
Бетакрор табиати, меҳмондўстлиги билан эътиборга тушган қишлоқнинг сайёҳларни мудом ўзига жалб қилиб келиши бежиз эмас. Сўнгги йилларда Нанайнинг туризм салоҳияти имкониятларини тўла ишга солиш юзасидан кенг кўламли ишлар бошлаб юборилгани унинг янада обод бўлишига, маҳаллий аҳоли турмуш шароити юксалишига йўл очди. Айни пайтда қишлоқда 10 та замонавий дам олиш маскани, 15 та гастрономик туробъект, 65 дан ортиқ меҳмон уйлари, шунга мос инфратузилма хизмат мавжуд. Биргина ўтган йилнинг ўзида ушбу туризм қишлоғида салкам бир миллионга яқин сайёҳ кутиб олинди.
Бу ерда халқаро андозаларга мос туризм иншоотлари барпо этишга киришилгани, энг аввало, бизнеснинг айни йўналишини танлаган тадбиркорларнинг қалбига чўғ ташлади. Улардан бири Зокиржон Акбаров беш гектар майдонда замонавий дам олиш мажмуасини ўз ичига олган лойиҳани муваффақиятли амалга оширди. 15 миллиард сўм сармоя ҳисобига барпо этилган 18 та коттеж, 24 ўринли икки қаватли меҳмонхона ва бошқа манзиллар ҳамиша сайёҳлар билан гавжум. Сўлим арчазор сайли кишига хуш кайфият бағишласа, иккита сузиш ҳавзаси, бир қатор спорт иншоотларида вақтни мазмунли ўтказасиз. 30 бош от чавандозликни ёқтирадиганлар хизматида.
— Кўксарой тоғи этагидаги дам олиш масканимизга ўтган мавсумда 6 мингдан зиёд меҳмон ташриф буюрди, — дейди «Диёр» масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Аҳроржон Ҳакимов. — Улар орасида Жанубий Корея, АҚШ, Туркиядан келган хорижий сайёҳлар ҳам бор. Бу ерда яратилган шарт-шароит, хизмат нархи барчага маъқул тушмоқда. Бир кеча-кундуз учун бор-йўғи 100 минг сўм атрофида ҳақ олинади. Бу шаҳар меҳмонхоналаридаги тўлов билан солиштирганда жуда ҳамёнбоп.
Йил бўйи шарқираб оқадиган сой соҳилида жойлашган «Ўнғор» дам олиш масканининг имкониятларига ҳам кишининг ҳаваси келади. «Тоғконсаноат» МЧЖга қарашли бу гўша асосан гастрономик туризмга йўналтирилган. Қўли гул ошпазлар тайёрлайдиган 30 дан ортиқ турдаги миллий таомлар тотли ва тўйимли. 18 та ўтов кўринишидаги уйлар ҳавони янада салқинлатиб беради. Ҳудуддаги арчазор, олма, нок ва бошқа дарахтларга тўла мевали боғга сайр одамга бошқача кайфият беради.
Сайёҳлик индустрияси жадал кириб келиши билан Нанайда оилавий меҳмон уйлари фаолияти оммавий тус ола бошлади. «Дўстлик» маҳалласида яшовчи Ҳабибулло Мирзаалиев 2019 йили вилоятда биринчилардан бўлиб айни йўналишда хизмат кўрсатиш сертификатига эга бўлган. Унинг «Гулизебо Гулноза» оилавий меҳмон уйининг имкониятлари чакки эмас. Тунаб қолувчилар учун мўлжалланган 14 та шинам хона телевизор, музлатгич ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланган. Яна 10 та хона эса гастрономик туризмга мослаштирилган. Меҳмонларга бешбармоқ, чойхона палов, қотирма, димлама, қайнатма шўрвадан ташқари муздеккина қимиз, айрон, қуртоб ҳам таклиф этилади. Хонадон соҳиблари уларни ўзлари парваришлаётган 10 бош от ва 5 бош сигир сутидан тайёрлашади.
Тадбиркор бу лойиҳасини рўёбга чиқариш учун 1,5 миллиард сўмга яқин сармоя сарфлади. Кунига 50 нафар атрофида меҳмонга кўрсатилаётган хизмат билан харажатлар ўзини бемалол оқламоқда. Дарвоқе, оилавий меҳмон уйининг ўзига хос жиҳатлари фақат хоналарининг шинамлигида эмас. Ҳовлида яратилган бетакрор ландшафт дизайни, хусусан, ранг-баранг гуллар, юз тупдан кўпроқ ноёб манзарали дарахтларнинг шовуллаши қалбингизга жўшқинлик улашади. 16 та ёзги сўрида кўк чойни ҳўплаганча ҳордиқ чиқаришнинг гашти эса янаям бошқача.
— Туризм икки мингдан зиёд фуқаро истиқомат қилаётган маҳалламизнинг чинакам ўсиш нуқтаси эканлиги кун сайин тасдиғини топмоқда, — дейди Сойбўйи маҳалласида фаолият олиб бораётган ҳоким ёрдамчиси Бахтиёр Хайитов. — Энг аввало, соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли ҳудудимиз қиёфаси тубдан ўзгарди. 200 ўринли маданият саройи қурилди, асосий йўллар асфальтланиб равонлаштирилди. Замонавий ёриткичлардан кўчалар тунда ҳам ёп-ёруғ. Бундан ташқари «Арт софт» масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик фабрикаси ишга туширилди. Анча вақт илгари тўхтаб қолган ҳаммомнинг фаолияти тикланди. Ҳозирги кунда ишга яроқли аҳолининг 122 нафари сайёҳлик соҳасида банд. Ўтган йиллари 65 та оилавий меҳмон уйлари ташкил этилиб, ана шу хонадон соҳиблари ўз фарзандлари билан ижтимоий фойдали меҳнатга жалб этилган эди. Эндиликда яна 70 та меҳмон уйи хизматга шай қилиб қўйилган. Улар сертификат олиши билан 140 иш ўрни яратилади. Бу билан расман ишсиз сифатида рўйхатга олинган 137 нафар фуқаронинг асосий муаммоси ҳам ечим топади.
Нанайликлар ва уларга ҳар томонлама кўмак бераётган маҳаллий ҳокимият идоралари ҳудуд истиқболини айнан туризм билан боғлаётгани айни муддао. Бу соҳада яна янги йирик лойиҳалар ижросига жадал киришилгани қувонарлидир. Масалан, Қайроқи маҳалласида «Темуршифо» хусусий корхонаси томонидан амалга оширилаётган “Greenzona Nanay” лойиҳасига кўра, бу ерга сайёҳлик саноатининг энг илғор технологияларини олиб кириш режалаштирилган. Чунончи, 1,5 километрли дор йўли, денгиз сатҳидан 200 метр баландликда барпо этиладиган ойнаванд кўприк ва бошқа қатор иншоотлар нафақат нанайликлар, балки бутун Наманган вилояти аҳли учун янгилик.
— Ҳозиргача режадаги ишларнинг биринчи босқичи бажарилиб, 30 кишилик кафе-ресторан биноси, учта кемпинг, аттракционлар битказилди, 200 туп кўчат жойлаштирилган арчазор яратдик, — дейди лойиҳа ташаббускори Равшаной Абдураззоқова. — Тўла мақсадга эришилиши билан йилига 300 минг киши дам оладиган, халқаро андозаларга мос дам олиш мажмуаси яратилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, ҳамкорлик учун хорижий инвесторларни ҳам жалб этишни лозим топдик. Ҳозирча Германия компанияси қизиқиш билдиряпти.
Шу ўринда танганинг иккинчи томонига ҳам диққат қаратсак.
Сайёҳликка ихтисослаштирилган қишлоқдаги ўзгаришлар, соҳанинг мустаҳкам асосини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бир қарашда кўнгилдагидай туюлади. Бироқ маҳаллалар аҳли, тадбиркорлар билан суҳбатда айрим камчилик ва муаммолар ҳам равшанлашдики, улар ечимига тезроқ эътибор қаратиш зарур. Биринчи навбатда, сайёҳлик бизнесини йўлга қўйишни мақсад қилган фуқаролар бошланғич сармоя масаласида тижорат банкларининг кўмагига муҳтож. Амалда ўтган йили кредит сўраб мурожаат қилган элликка яқин нанайликнинг бирортаси кредит олгани йўқ. Гастрономик туризмни йўлга қўйган тадбиркорларга озиқ-овқат маҳсулотлар етиштириш, чорва боқиш учун ер ажратиш масаласи ҳал этилмаяпти. Мисол учун, юқорида тилга олинган “ Гулизебо Гулноза» оилавий меҳмон уйи ташкилотчисининг чорва моллари учун ер сўраб туман ҳокимлигига қилган мурожаати муаллақ қолмоқда. Бундан ташқари Нанайда фаолияти тўхтаб қолган «Пахтачи», «Нотўқимачи», «Машинасоз» сингари дам олиш масканлари ишини тиклаш учун салоҳиятли инвесторлар қидириб топишни тезлаштирмаса бўлмайди. Шунингдек, туризм йўналишида малакали маҳаллий мутахассисларга эҳтиёж катта.
Дарвоқе, Президентимиз раислигида шу йилнинг 26 апрель куни туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилганидан хабарингиз бор. Йиғилишда қайд этилганидек, 1 июлдан бошлаб туризм қишлоқларида меҳмон уйлари, овқатланиш ва савдо шохобчалари, кўнгилочар жойлар ташкил этган тадбиркорлар уч йил давомида айланмадан олинадиган солиқ ва ижтимоий солиқни 1 фоиз ставкада, мол-мулк, ер, сув солиқларини ҳисобланган суммадан бор-йўғи 1 фоизини тўлайди. Оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида бундай қишлоқларда меҳмон уйлари ташкил этишга 50 миллион сўмгача, ўтов ва эко-уйлар мажмуасига 300 миллион сўмгача, чодирли лагерлар қуришга 300 миллион сўмгача кредитлар берилади. Ҳар йили туризм қишлоқларининг 200 нафар ёшлари бюджет ҳисобидан туризм техникумларида бепул ўқитилади.
Йиғилишда ҳокимларга туризм қишлоқларида йўл, электр энергияси, ичимлик суви, алоқа тармоқларини яхшилаш бўйича ҳам топшириқлар берилиб, бунга жорий йилда республика бюджетидан 250 миллиард сўм ажратилиши айтиб ўтилди.
Демак, булардан англаймизки, туризм қишлоқларини ривожлантиришда янада кенг имконият ва имтиёзлар амалиётга татбиқ қилинади. Ана шу қишлоқлар қаторида Нанайда ҳам юқорида келтирилган муаммолар барҳам топиб, янги ва яхши ўзгаришлар баравж давом этишидан умидвормиз.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг