Нанай қишлоғи ҳудудидаги собиқ «Карвон» божхона назорат маскани фаолияти тикланади

13:37 26 Март 2024 Сиёсат
743 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятининг имкониятларини ишга солиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

Вилоятда 129 та норуда конидан 29 тасига саноат кириб бормаган. Бу конларда янги лойиҳа қиламан, деган тадбиркор кўп.

Жумладан, улар керамогранит ва базальт тола ишлаб чиқармоқчи. Бундан ташқари, Чустдаги «Аличелек» мис конига Хитойлик инвесторлар 200 миллион доллар сармоя киритишга тайёр.

Вилоятдан қўшни давлатларга экспортнинг ҳозирги кўрсаткичлари бор имкониятга мутлақо тўғри келмаслиги кўрсатиб ўтилди. Қўшни давлатларда савдо уйларини очиш бўйича музокара ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Вилоят саноат маҳсулоти ва мева-сабзавоти асосан Тошкент ва Андижон орқали экспорт бўлаётгани таннархнинг ўсишига олиб келаётгани қайд этилди.

Шу муносабат билан мутасаддиларга Наманган халқаро аэропортидаги бўш майдонда юк терминалини ишга тушириш, Наманганни Қамчиқ довонига яқин ҳудудида логистика марказини ташкил этиш, Нанай қишлоғи ҳудудидаги собиқ «Карвон» божхона назорат маскани фаолиятини тиклаш топширилди.

Қирғиз томони билан келишилган ҳолда «Учқўрғон» божхона постини ишга туширишни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди. Чегара пости яқинида Хитойлик ҳамкорлар билан «Учқўрғон-Кенсай» логистика марказини барпо этиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?