Наманганлик журналистлар байрамни янгиланган Матбуот уйида кутиб олмоқда

19:53 28 Декабрь 2022 Жамият
721 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган шаҳрининг Алишер Навоий номидаги кўчасида жойлашган Матбуот уйи бундан 42 йил аввал қурилган. Вилоятнинг бир асрдан зиёд тарихга эга икки газетаси, бир қатор нашрлар таҳририяти жойлашган тўрт қаватли ушбу бино аллақачон таъмирталаб ҳолга тушиб, масала бир неча йиллардан буён ечим топмай келаётган эди. Ваниҳоят эскирганлиги сабаб шаҳар кўркига соя солиб турган бино жорий йилнинг июль ойида мукаммал таъмирлашга тушди. Қурувчилар олти ой ичида бу ерда 2,6 миллиард сўмлик ҳажмда бинокорлик ишларини амалга оширдилар. Айни жараёнда бинонинг ташқи ва ички қисми, таҳририятларнинг барча хоналари, коммуникация тизимлари тўла таъмирланди.

— Эшик ва деразалар замонавийларига алмаштирилиб, сайқал берилган хоналар ҳавас қиладиган даражага келтирилди, улар янги келтирилган мебеллар билан тўлдирилгани ижодкорларга ўзига хос илҳом, меҳнатига ғайрат бахш этади, — дейди «Наманган ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири Акрамжон Сатторов.

Бугун янгиланган Матбуот уйининг фойдаланишга топшириш маросими тантанали тарзда ташкил этилди. Маросимда иштирок этган Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ОАВ воситалари, ижтимоий тармоқ вакиллари ҳамда блогерларни замонавий медиамарказга айлантирилган бино билан қутлаб, улар учун қулай ижод шароити яратишга доимий эътибор қаратилишини алоҳида таъкидлади.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Муҳаммаджон Юсупов олган суратлар.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер