Наманганда опа-сингилни девор босиб қолди. Улардан бири ҳалок бўлди

17:37 19 Июнь 2024 Жамият
247 0

Фото: Видеодан кадр

Наманган вилояти Чуст туманида икки опа-сингилни сел оқимидан зарарланган девор босиб қолди. Бу ҳақда «Халқ сўзи»га Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати бошлиғи ўринбосари Самандар Ҳикматуллаев хабар берди.

Билдирилишича, жорий йилнинг 17 июнь куни соат 16:00 ларда Чуст тумани, Тоймособод МФЙ Камарбаста кўчасида яшаган 14 ёшли Ю.З. ва унинг 16 ёшли опаси Ю.К.ни сел-сув тошқинидан зарарланган девор босиб қолган. Оқибатда Ю.З. воқеа жойида ҳалок бўлган, Ю.К. эса тан жароҳатини олиб шифохонага ётқизилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Халқ сўзи»га маълум қилишича, 14 ёшли Ю.З. ва унинг 16 ёшли опаси Ю.К. яшаш хонадонининг чегара девори олдига бориб, кучли ёғингарчилик натижасида ҳовлининг дарвозахонасига кириб келаётган ёмғир сувни тўсаётган вақтида уларни уй девори (таги қисми билан бир бутун бўлиб) босиб қолган.

«Ҳодиса жойи туман прокурори Ҳусниддин Ҳакимов раҳбарлигидаги тезкор тергов гуруҳи аъзолари томонидан кўздан кечирилиб, процессуал ҳужжатлар расмийлаштирган», дейди Ҳаёт Шамсутдинов.

РСТЭИАМНФнинг 17 июндаги маълумотида З.Ю. ўлими қўшма шикастлар, калла мия, бўйин, кўкрак қафас, қорин, чаноқ шикастлари борлиги, калла гумбаз, пешона тепа, ўнг чакка суяк синиқлари калла асосига ўтиши, мияни мажағланиши, бўйин ва кўкрак умуртқаларини кўплаб синиши, чап томондан кўплаб қовурғаларни синиши, ўпкалар ва юракни кўкрак қафасидан пастга чиқиб қолиши туфайли келиб чиққани кўрсатилган.

Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмасининг дастлабки маълумотида вояга етмаган Ю.К.нинг танасида қўшма шикаст, чаноқ суякларини, ўнг болдир суякларини силжиган синиши, тананинг кўплаб шилинмалари борлиги, ҳолати оғир аҳволдалиги кўрсатилган.

Шамсутдиновнинг қўшимча қилишича, ҳозирда, мазкур ҳолат юзасидан Чуст туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?