Наманганда гўштини сотиш мақсадида эшаклар сўйилгани ростми?
Ижтимоий тармоқларда Наманганда эшак гўштини сотишни кўзлаб нопок ишга қўл урган кимсалар ҳақида тарқалган хабар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Хабарда Наманган шаҳри Бобуршоҳ кўчасидаги чиқинди қутилардан бирига сўйилган эшакнинг суяк ва ички аъзолари ташлаб кетилгани, тегишли идоралар томонидан ушбу ҳолатга аниқлик киритиш ҳаракати олиб борилгани келтирилади. Аслида воқеа қандай бўлган эди?
Наманган вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, “Тоза ҳудуд” ДУК, “Мусаффо иқлим” масъулияти чекланган жамияти ва вилоят ички ишлар бошқармаси ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида ҳайвон чиқиндиларини Уйчи тумани Ёркатай маҳалласида яшовчи А. Б. ўзининг “Москвич” машинасида олиб келиб, махсус қутига ташлаб кетгани аниқланди. У акаси Н.Б. билан ноқонуний ишга қўл урган. Суриштирув чоғида Н.Б. бозордан уч бош эшакни сотиб олиб, уларни сўйгач, гўштини Наманган шаҳридаги ҳайвонот боғига топширганини маълум қилди. Буни ҳайвонот боғида экспедитор бўлиб ишловчи шахс ҳам тасдиқлади.
Бир қараганда, ҳаммаси тўғридек. Бироқ, чуқурроқ мулоҳаза қилинса, ҳақли савол туғилади. Агар эшакнинг гўшти ҳақиқатан ҳам ҳайвонот боғига олиб кетилса, бир йўла суяклари билан топширилиши керак эмасмиди? Боз устига ҳайвон моҳир қассоб томонидан сўйилганки, гўшти қовурға суякларидан силлиқ ажратиб олинган.
Текширув давомида бўғизланган эшаклар ва уларнинг ажратилган терилари, эшак гўшти деб гумонланган лаҳм гўшт маҳсулотлари, уч дона эшакнинг ички аъзолари аниқланиб, тегишли тартибда хужжатлаштирилган. Фотосуратларда маълумот берилишича, мазкур чиқинди ташлаш жойига эшак суяклари жорий йилнинг 27 августидан буён уч маротаба олиб келинган.
Суриштирув давомида топилган лаҳм гўшт ва терилар белгиланган тартибда йўқ қилинган. Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Қ. НАЖМИДДИНОВ. “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саккизта гол урилган ўйинда “Барселона” ғалаба қозонди
- “Башакшеҳир” Туркиянинг гранд клуби билан дуранг ўйнади
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- Германияда ўқувчилар ҳарбий чақирувга қарши намойишга чиқди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг