Наманганда "60-Халқаро гуллар фестивали" ғолибларига “Nexia-3" автомашинаси топширилди

11:07 31 Май 2021 Маданият
1102 0

Наманганликларнинг ўзига хос анъанаси — «Гуллар байрами»нинг навбатдаги 60-юбилей санаси томошалари ниҳоясига етди. Вилоят марказидаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номли маданият ва истироҳат боғида бир ҳафтадан ортиқ давом этган фестивалдаги бетакрор гул кўргазмалари, ранг-баранг маданий ва маърифий дастурлар вилоят аҳли ҳамда меҳмонларга олам-олам завқ берди. Эътиборли жиҳати, жорий йилдаги нафосат айёми давомида боғдаги томошаларга кунига 100 мингга яқин одам ташриф буюрди. Улар орасида узоқ ва яқин хориждан келган сайёҳлар, мамлакатимиз вилоятларидан келган гул ишқибозлари бор. 31 давлатнинг ахборот агентликлари, кундалик матбуот ва интернет нашрлари, телевидениеси гуллар фестивалини оламга достон қилди.

Кеча оқшом вилоят марказидаги «Афсоналар водийси» тематик боғида байрам доирасида ўтказилган энг яхши гулчилар танлови ғолиблари, шунингдек, тадбирни тайёрлаш ва ўтказишнинг фаол ташкилотчиларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим ўтказилди. Унда пойтахтдан ташриф буюрган таниқли эстрада хонандалари ҳамда вилоят санъат усталарининг гала концерти садолари остида мукофот ва совринлар ўз эгаларига топширилди. Хусусан, ўзининг ажойиб кўргазмаси билан иштирокчиларда катта таассурот қолдирган Поп тумани, вилоят қурилиш бош бошқармаси, Миллий гвардия вилоят бошқармаси ҳамда дизайнер гулчи Обидхон Қодиров олий ўринга муносиб топилиб, “Nexia-3" автомашинаси билан тақдирландилар.Танловда фахрли ўринни эгаллаган гулчилар ва бир қатор номинациялар ғолиблари,шунингдек, фаол ташкилотчиларга қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.

Тантанали маросимда вилоят ҳокими Ш. Абдураззоқов иштирок этди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер