Наманган вилоятида халқаро асал фестивалига тайёргарлик кўрилмоқда

14:45 10 Октябр 2023 Жамият
470 0

Фото: “Халқ сўзи”

Гуллар шаҳрида бу байрам иккинчи бор ўтказилмоқда. Биринчи фестивалда мамлакатимиз вилоятлари, шунингдек, қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлатларидан ҳаммаси бўлиб 200 дан ортиқ асаларичилар жамланган эди. Халқаро фестивалга ташриф буюрган Намангани аҳли ва меҳмонлар вилоят марказидаги “Афсоналар водийси” тематик паркида ташкил этилган бой кўргазма билан танишиб, шифобахш неъматнинг   ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил билиб олган бўлсалар, кўпчилик чиройли идишларга қадоқланган тотли маҳсулотни мамнуният билан харид қилган эди. Анжуман якунида саховат тадбири уюштирилиб, имконияти чекланган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга 1000 килограмм асал бепул тарқатилгангани ҳам аҳамиятга моликдир.

— Жорий йилнинг 27-29 октябрь кунлари иккинчи бор уюштириладиган халқаро фестиваль доираси янада кенгаяди, —дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов. – Бу гал доғистонлик асаларичилар ҳам қатнашиш истагини билдиришган. Уч кун давом этадиган анжуман дастуридан шунингдек, қишлоқ хўжалик туризми ривожига бағишланган илмий–амалий конференция, спорт мусобақалари, таниқли санъаткорларнинг бадиий чиқишлари ўрин олган. Бундан ташқари ҳаваскор асаларичилар учун маҳаллий ва хорижий мутахассисларнинг маҳорат дарслари уюштирилади.

Айтиш лозимки, Наманган вилоятида табиий дармондори ҳисобланган асални етиштириш борасида бой тажриба тўпланган. Айни пайтда 260 нафар миришкордан иборат Вилоят асаларичилар уюшмаси фаолият кўрсатмоқда. Улар парваришида бўлган 210 мингдан зиёд асалари уясидан йилига 4,5 минг тоннадан зиёд бол йиғиб олинаётир.

                                                                      Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер